Линклар

logo-print

Тиниб-тинчитилмаган қариялар

  • Гулнора Равшан

Бегижон отанинг бор-йўқ бойлиги унинг кўчма дўконига айланган велосипедидир.

Бегижон отанинг бор-йўқ бойлиги унинг кўчма дўконига айланган велосипедидир.

Қариялар кунини нишонланаётган Тожикистонда ҳукумат ёрдамидан мосуво қариялар турли йўл билан тирикчилик қилмоқда. Улардан бири - 70 дан ошган Бегижон ота чархчилик орқасидан кун кўради.

Бегижон Пиров 73 да - ўзбекча айтганда¸ айни қарилик гаштини сурадиган ëшда.

Аммо мамлакатдаги оғир иқтисодий шароит, қуруқ нон ва бир кило шакардан бўлак нарсага етмайдиган нафақа Бегижон отани кексалик чоғида ҳам тирикчилик ўтказиш учун ишлашга мажбур қилмоқда.

Бегижон ота Рудакий туманининг Мис қишлоғида икки ҳужрали пахса уйда яшайди. Бисотида бор-йўғи битта велосипеди бор.

Тош чарх ва уни айлантирадиган мослама Бегижон отанинг велосипедига ўрнатилган. Ота велосипед ғилдиракларини занжиридан узиб қўйиб, педални айлантирса, тош чарх ишга тушади ва уста бир зумда пичоғу қайчиларни чархлаб беради.

Ота асосан шаҳарликларга кўчма тарзда хизмат қилади. Шаҳарнинг бирор гўшасига бориб, чархини ишга тушириши билан пичоғу қайчи, баъзан ўроғу кетмон кўтарган мижозлар устани ўраб олишади.

- Бу фикр менга анча олдинроқ келган эди. Лекин етишмовчилик тобора исканжага ола бошлаганидан кейин бу ғоямни тезроқ амалга оширишга бел боғладим. Бозордан тош чарх, унга мос тасма ва баъзи зарур материалларни сотиб олдим. Сварка қиладиган оғайним билан биргаликда мана шу дўконни ясадик.

Велосипеднинг ўзига қурилган дўконим доим ўзим билан бирга. Ҳам бозор-ўчаримни қиламан, ҳам одамларнинг мушкулини осон қиламан, шу йўл билан тирикчилигим - бир коса иссиқ овқатим учун даромад топаман, дейди ота.

Ўз таъбири билан айтганда, “дўкони елкасида” бўлгани учун тиниб-тинчимас Бегижон ота республиканинг барча ҳудудларини айланиб чиққан.

- Шу ишим туфайли бир кунда саккиз, гоҳида ўн соат велосипед чархини айлантираман. Эвазига катта ҳақ сўрамайман. Ким қанча ҳиммат қилса, шуни беради. Биров 1 сомоний (тахминан 23 цент – таҳр.), бошқа биров шунинг ярмини бериб кетади. Ҳозир ҳаммага ҳам қийин, халқда пул йўқ. Шунинг учун ҳам ортиқча талаб қилмайман, дейди отахон қуюқ оқ қошларини силаб.

Бегижон отанинг велосипеди унга даромад келтирибгина қолмасдан, балки уни кўп йиллардан буён қийнаётган оёқ оғриғидан халос бўлишига ҳам ёрдам берган.

- Ҳар кун икки оёқни соатлаб ҳаракатлантирганим учун бўлса керак - 20 ёшли йигитларнинг кучини ҳис қиламан ўзимда. Шу ёшга кириб, ҳали бирор марта бошоғриқ дори истеъмол қилмадим.

Оёқларим оғрирди. Мана етти йилдирки, чархчилик қиламан - оёқ оғриқларим ҳам тузалиб кетди. Агар болаларим ҳозир уйлантираман дейишса, яна бир марта уйланган бўлар эдим, дейди завқ билан кулиб кекса суҳбатдошимиз .

Бегижон ота кунлик даромадини ҳам, ойлик даромадини ҳам санамайди.

- Чунки бундан маъни йўқ. Мен пул тўпламасам, бугунгисини бугун еймиз, дейди отахон.

Бегижон ота раҳматли аёли билан 9 фарзанд кўргани, ҳозирда уларнинг ҳаммаси уйли-жойли, ўз ташвиши билан бўлиб кетганини айтаркан, тирикчилик ташвишлари билан банд болалари онда-сонда бўлса-да, ҳолидан хабар олишини қўшиб қўяди.

Ҳукумат томонидан қандай ёрдам кўрсатилаётгани ҳақида сўрарканмиз, ота қўл силтаб, “гапирманг” ишорасини қилади.

Бегижон отага ўхшаган қарияларни мамлакатнинг ҳар гўшаси, ҳар қадамда учратиш мумкин. Улар ҳам бугунги қаҳрамонимиз сингари турли йўл ва машаққатлар билан қора қозони қайнатмоқдалар.

Айни пайтда тожик расмийлари мамлакатдаги қарияларга ҳукумат томонидан турли ғамхўрликлар кўрсатилаётгани ҳақида лоф уришдан чарчамайдилар.
XS
SM
MD
LG