Линклар

Обама русларни ўйлатиб кетди


Таҳлилчилар¸ Москва-Вашингтон муносабатлари келажагининг кўп жиҳатдан Обама ва Путиннинг ўзаро қанчалар тил топишганига боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Таҳлилчилар¸ Москва-Вашингтон муносабатлари келажагининг кўп жиҳатдан Обама ва Путиннинг ўзаро қанчалар тил топишганига боғлиқ эканини айтмоқдалар.

Москвага қилган илк сафари давомида Барак Обама оддий россияликлар ва Кремлнинг Америкага нисбатан шубҳаларини тарқата олмаган бўлса-да¸ уларни бироз чайқатишга муваффақ бўлди.

Бундан тўрт йил аввал биринчи марта Россияга келганида Барак Обама мамлакат чеккасидаги кичик бир аэропортда бир неча соат учқич кутиб қолиб кетган эди.

2005 йили республикачи сенатор Ричард Лугар билан Россиядаги ядровий қурол иншоотларини кўриб чиққан ғўргина сенатор Обама ўшанда Россияни ўз сафардошининг “бу ўнг қўл чап қўл нима қилаëтганини билмайдиган бир давлатдир”¸ деган танқиди орқали кашф қилган эди.

Орадан тўрт йил ўтиб¸ бу галги сафарда¸ бунинг тамом тескариси бўлди – Обама Россия пойтахтидаги энг кутилган меҳмонга айланди ва бу гал энди бошқалар уни кўриш¸ у билан учрашиш учун¸ соатлаб кутишди.

Кремл залида Обама билан учрашган Россия президенти Дмитрий Медведев АҚШ президентига мулозамат қилиб¸ уни дунëдаги жараëнларни ўзгартираëтган шахс¸ дея атади.

Ҳам АҚШ¸ ҳам Россия томони Обама сафарига ўзаро муносабатларни қайта кўриб чиқиш имкони сифатида қараëтган эди.

Ҳозирга қадар Кремл¸ ўзаро муносабатлардаги таранглик учун Вашингтоннинг бир ëқлама сиëсатини айблаб келган бўлса¸ Москвадаги Янги иқтисодиëт академиясида қилган маърузасида президент Обама¸ бу совуқчиликда Москванинг совуқ уруш давридан қолган қарашлари ҳам муҳим рол ўйнаëтганини таъкидлади.

- Бундай қарашлар нотўғри. 2009 йилга келиб буюк давлат ўз қудратини бошқаларга хўжайинчилик қилиш¸ ëхуд бошқаларни шайтонга чиқариш орқали кўрсатмайди. Империялар суверен давлатларга шахмат тахтасидаги пиëда каби муомала қилган даврлар ўтиб кетди¸ деди мазкур нутқида Обама жумладан.

Шундай дея туриб Вашингтон раҳбари¸ АҚШ-Россия муносабатларини совуқ уруш ҳолатига қайтарган Грузия истилосини тилга олди.

Айни пайтда Обама¸ Кремл бошқарув услубини очиқдан-очиқ танқид қилмаса-да¸ демократик бошқарув¸ инсон ҳуқуқлари ва матбуот эркинлиги борасидаги муаммоларга ҳам билвосита ишорат қилиб ўтди.

- Фақат ўз манфаати эмас¸ балки ўз халқига хизмат қилган ҳукуматлар нафақат омон қоладилар¸ балки гуллаб-яшнайдилар ҳам ¸ деди Обама Москва маърузаси чоғида.
Айни пайтда Оқ уй раҳбари АҚШ нинг бошқа давлатларга ҳукуматнинг қандай тизимини ўрнатиш борасида ақл ўргатиш фикридан йироқлигини ҳам қўшиб ўтди.

Обаманинг ушбу нутқи¸ аксар россияликлар томонидан илиқ қарши олинди. Собиқ мухолифатчи¸ ҳозирда эса Россия минтақаларидан бири губернатори Никита Белих¸ Обама нутқини мақтай туриб¸ бунинг Москва ва Вашингтон муносабатларини яхшилашига ишонч билдирди.

Аммо Обама сафари арафасида ўтказилган сўров натижалари¸ россияликларнинг 75 фоизи Вашингтон ниятининг яхшилигига шубҳа билан қарашини кўрсатди.

Айни пайтда¸ сафар якунида сўралган россияликлар¸ Москва саммитининг Россия ва АҚШ муносабатларини яхшилашига умид билдирдилар.

- Менга Обама ëқади. У босиқ сиëсатчи ва яхши дипломат¸ дейди сўралганлардан бири Вероника Трофимова.

Яна бир москвалик Алексей Чадаев ҳам Обаманинг бутунлай янгича Америка тимсоли эканини айтади.

- 90-йилларда жуда яхши даражага етган АҚШ – Россия муносабатлари кейинги пайтларда жуда ëмон нуқтага тушди. Бу алоқалар яна тескари йўналишда¸ аниқроғи яхшиланиш томон ҳаракатланмоқда¸ дейди Чадаев.

Аммо ҳозирча Обаманинг Россияни парда ортидан бошқариб турган асосий шахс – Бош вазир Владимир Путин билан учрашувининг қанчалар яхши ëки ëмон ўтганига оид аниқ гап йўқ.

Россиялик журналист Евгений Кисилëв¸ кўп нарсанинг ана шу учрашув руҳига боғлиқ эканини айта туриб¸ Россия бошқарув тизими қонига сингган аксил-америкавий кайфиятнинг яқин орада сўнишига шубҳа билдиради.

- Америкага қарши кайфият¸ Россия сиëсий тузумининг ажралмас қисмига айланиб улгурган. Россия сиëсатчилари синфи бу касалдан қутулиш учун ҳали узоқ йўл босиши лозим¸ дейди Кисилëв.
XS
SM
MD
LG