Линклар

Воронкалар чириди¸ чигитлар қуриди...

  • Садриддин Ашур

Дарс ўрнига воронка ясаб¸ унда чигит кўкартиришга мажбурланган болалар меҳнати зое кетди.

Дарс ўрнига воронка ясаб¸ унда чигит кўкартиришга мажбурланган болалар меҳнати зое кетди.

Май ойида "юқорининг буйруғи" билан водий мактабларида ўқувчилар кунига юзлаб воронка ясаб¸ унда чигит ўстиришга мажбур қилинган эди. Аммо воронкада кўз ëриган бу чигитлар¸ ерга қадалмай¸ қуриб кетган.

Май ойи бошларида Фарғона вилоятидаги мактаб ўқувчилари, коллеж талабалари буғдойдан бўшайдиган ерларга чигит экиш учун воронка ясаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ўшанда Озодлик суҳбатлашган болалар мактаб ва уйда оммавий воронка ясашга мажбур қилинаëтганлари ҳақда гапирган эдилар:

- Мактабда “воронка” қилдиришаяпти. Ҳар битта болага 200тадан қилдиришаяпти. Уйда ҳам¸ мактабда ҳам қилаяпмиз. Дафтарнинг варағидан иккала томонини клейлаб паст томонини очиқ қолдириб қилинглар¸ дейишди.

Анави куни ясаб борган эдик. Яна қилинглар¸ бошқача қилиб қилинглар¸ деб айтишди. “Воронка”нинг ичида чигитни кўкартириб олиб¸ буғдойдан кейин экишмоқчи экан¸ деган эди воронка ясаëтган мактаб ўқувчиси.

Мана, орадан икки ой вақт ўтди. Хўш, болаларнинг бу меҳнатлари натижаси нима бўлди?

Мавзуга қайтар эканмиз, яна Фарғона ва Наманган вилоятларидаги тингловчиларимиз билан боғландик. Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшайдиган тингловчимизнинг айтишича, болаларнинг шунча қилган меҳнатлари зое кетган:

- Фарғона вилояти¸ Бувайда туманида¸ Янгиқўрғонга яқинроқ жойда¸ педколлежимиз бор. Мен кўпроқ шу ерда хабардор бўлиб тураман. Педколлеждаги гуруҳларнинг ҳаммасига “Вақтли ўрилган буғдойларнинг ўрнига чигитларни экамиз. Ҳосил оламиз” деган умидда воронка тайëрлаттирилиб¸ катта столнинг устидаги стаканларнинг устига чигитлар экилди. Улар вақтида сувини қуйиб қараб туришди. Бу чигитлар униб чиқиб¸ яқин бир қарич бўлиб қолди. Буғдойнинг ўрилмаслиги оқибатида бу нарса экилмади. Ҳаммаси қуриб¸ ҳозирги кунда мутлақо кераксиз ҳолга келиб қолди. Болаларнинг қанчадан қанча қилган меҳнати¸ сарф-харажатлар куйди.

Ëнимиздаги "буғдойнинг ўрнига пахта экамиз" деган ерга¸ буғдой ўрилгандан кейин ҳайдаб¸ сеялкада чигит экди. Ҳозир ўша чигит униб чиқди ва култивация қиладиган ҳолатга келиб қолди.

Аммо болаларнинг шунча меҳнати бесамар кетди. Менинг ўзим кўзим билан кўриб турган шунча нарса бесамар бўлди. Қоғоз¸ макулатура топаман деб ўқитувчилар қанча овора бўлди¸ болалар овора бўлди. Бу ҳаммаси пулли нарса экан.

Озодлик: Болалар қанча воронка ясашганди? Тахминан бўлса ҳам¸ миқдорини айтиб беролмайсизми?

- Мен буни тахминан айта олмайман. Ҳар битта гуруҳда 500 тадан 1000 тагача тайëрланган бўлса¸ асфалтнинг устидан туриб кўришимизга қараганда¸ чамалаб ҳам айта олмайман. Нимагаки коллежнинг атрофида бирорта бўш ер қолгани йўқ. Ҳамма ер стаканга тўлиб кетди.

Барча мактаб ва коллеж ўқувчиларига топшириқ берилди ва тепасида раҳбарлари туриб экишди. Ҳар биттаси бир донадан стакан ичига ўтқазиб чиқилди. Улар униб чиқди¸ жуда яхши бўлди. Фақат ҳали буғдой ўрилмаганлиги ва ер тайëр бўлмаганлиги учун булар кераксиз ҳолга келди¸ дейди Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшайдиган тингловчимиз.

Унинг сўзларига кўра, аслида бу усул ўзини ҳеч қачон оқламаган эди:

- Бизнинг ëшимиз ҳозир 65 га бориб қолди. Биз бу нарсани эскидан биламиз. Ҳатто лой билан стакан чиқарадиган аппаратлар ҳам бўлган. Бу ишларнинг ҳаммаси қилиб кўрилган. Ўша вақтда ҳам бу эффект бермаган.

Билмадим ҳозир ким болаларга топшириқ берган. Жуда қўшимча оворагарчиликлар бўлди. Ҳозир пахтанинг ўрнига экилган нарсани аввалги вақтда ҳам экканмиз. Мен деҳқончиликнинг ичида кўп юрганман. Бу ҳозир экилган тақдирда ҳам октябр ойига бориб кўрак ҳолатига борарди¸ холос. Бундан эффект чиқмайди. Фақат қўшимча меҳнат¸ қўшимча харажат¸ фермерларга қўшимча оворагарчилик бўлаяпти. Топшириқ экан¸ нима қилади энди булар ҳам¸ дейди Фарғона вилоятининг Бувайда туманида яшайдиган тингловчимиз.

Наманганнинг Уйчи туманида яшайдиган бу ўқитувчи ҳам болаларга мажбурий равишда ясатилган воронкалар, ишлатилмасдан мактабнинг ўзида қолиб кетганини айтади:

- Ўқувчилар қилди. Синфларга бўлиб беришди. Юқорининг буйруғи дейишди. Ҳақиқатан қилинди. Лекин фермерлар келиб ҳам кўришмади. Мактабнинг бир бурчагида ëтди¸ ëтди¸ охири нима қилишганини билмайман.

Аммо далаларда экилиб¸ бундан ҳосил олинмайди. Бирор сўтик ерда шунақа бўлганини кўрмадим. Аммо воронка қилинганини кўрдим. Мен ўшанда ҳам буни “Мантиқсиз иш” деб айтган эдим¸ дейди Наманганнинг Уйчи туманида яшайдиган бу ўқитувчи.

Ўқитувчининг сўзларига кўра, бундай усул билан пахта экиш илгари собик иттифок даврида ҳам қўланилган¸ бироқ Ўзбекистоннинг жазирама ёзи шароитида кўчатлар кўкармай¸ қуриб қолган:

- Бу бир мантиқсиз нарса эди. Етказиб олади¸ деган маънода қилишди. Уни ерга эккани билан ғўза бўлмас эди ҳам¸ олмас эди ҳам. Мен далаларни айланиб туриб¸ бирор жойда воронкани экиб¸ пахта қилиб олибди деганини кўрмадим. Ўзи у фойдаланиб бўлмайдиган нарса. Буни ер совуқроқ пайтда помидор¸ бодринг деган нарсалар учун қилиш мумкин. Жазирамадан чиққан пайтга бу бўлмайди¸ дейди Наманганнинг Уйчи туманида яшайдиган бу ўқитувчи.

Кузатувчиларнинг айтишларича, Фарғона ва Наманган вилоятларининг буғдойдан эртароқ бўшаган айрим ерларига воронкадаги кўчатлар экилган, лекин болалар туну кун ясаб чиқан аксарият вронкалар фойдаланилмай қолиб кетди. Болаларнинг меҳнатлари эса зое кетди...

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG