Линклар

Урумчи қамалга олинди

  • Фаррух Юсуфий

8 июл куни Урумчи кўчаларини тўлдирган Хитой аскарлари¸ ҳар қандай айирмачилик орзусининг илдизи билан қирқилишидан огоҳлантирув сигнали бўлди.

8 июл куни Урумчи кўчаларини тўлдирган Хитой аскарлари¸ ҳар қандай айирмачилик орзусининг илдизи билан қирқилишидан огоҳлантирув сигнали бўлди.

Шинжонда фавқулодда вазият эълон қилиниб, минтақанинг ташқи дунёдан узилгани¸ Ўзбекистондаги уйғурларни ҳам беором қилмоқда¸ қолаверса¸ минтақа бозорларига келаëтган Хитой моллари йўлини ëпмоқда.

Уйғурлар ва ханлар ўртасидаги зўравонликларнинг тўртинчи кунида Урумчига Хитой ҳукумати кучлари киритилди. Зўравонликлар бошланган якшанба кундан бери ҳалок бўлганлар сони расмий маълумотларга кўра, камида 156 кишига етган.

Жаҳон уйғурлари қурултойи эса Урумчидаги тўқнашувларда камида 840 киши ҳалок бўлганини таъкидламоқда.

Шинжон уйғур мухтор минтақасидаги вазият туфайли Катта sаккизлик саммитида қатнашгани Италияга борган Хитой Президенти Ху Цзинтао зудлик билан ортга қайтди.

Айни пайтда, турли давлатлар, жумладан Ўзбекистондаги уйғурлар диаспораси вакиллари фавқулодда ҳолат жорий қилиниб, ташқи дунё билан алоқалар узилган Шинжон уйғур мухтор минтақасидаги ўз яқинлари билан алоқа қила олмаётгани боис, уларнинг тақдиридан хавотирда.

Ўзбекистондаги уйғур оқсоқолларидан бири 82 яшар Шомил ота бир неча кундан бери Урумчидаги яқинлари аҳволидан хабар йўқлигини айтади.

- Биз хабар ололмадик. Телефон қилсак¸ алоқа йўқ. Олмайди¸ кўтармайди. Улар бутун алоқани узди ҳозир. Телефонга рухсат йўқ. Телефоннинг ҳаммасини ўчириб ташлаганга ўхшайди¸ дейди 82 яшар Шомил ота.

Хабарларни фақатгина телевидениедан оляпмиз, лекин бу хабарлар ҳам расмий маълумотларга асослангани учун уларга ишониш қийин, деб давом этади Шомил ота.

- Фақат телевизор. Телевизорда ëлғон гапираяпти булар. Ярадор бўлган хитойни¸ ўлган хитойни кўрсатади. Худдики уйғурлар ўлмагандай ярадор бўлган¸ ўлган уйғурни кўрсатгани йўқ. Уйма уй кириб¸ бегуноҳ одамларни олиб кетиб қамаяпти¸ дейди 82 яшар Шомил ота.

Тошкентлик яна бир суҳбатдошимиз¸ Урумчидаги яқинлари аҳволидан хавотирда эканини айтади.

- Урумчига телефон қилиб туша олмаяпман. Урумчининг ўзида ўртоқларим бор эди. Улар Тошкентда ишлашган эди. Кейин Урумчига кетишган эди. Ўшалардан ҳол-аҳвол сўрай десам¸ умуман туша олмаяпман, дейди исмини ошкор қилмаслигимизни илтимос қилган суҳбатдошимиз.

Шинжон уйғур мухтор минтақасида фавқулодда ҳолат эълон қилинганидан кейин минтақага туташ Қозоғистон ва Қирғизистон Хитой билан чегараларни ёпиб қўйди.

Одатда Шинжонга Қозоғистон орқали борадиган ўзбекистонлик уйғурларнинг яқинлари билан борди-келдиси ҳам узилди, дейди Шомил ота.

- Ҳозир борди-келди йўқ. Эшитишимизча¸ Қозоғистон Шинжон уйғур минтақасига борадиган йўлни бекитипти. Булар Шанхай ҳамкорлик ташкилотига аъзо. Назарбоев ва Каримов уйғурларнинг ноҳақ ўлдирилаëтганини билиб турибди.

Қозоғистон бор¸ Ўзбекистон бор¸ Озарбайжон бор¸ Тожикистон бор. Нима учун Уйғуристон бўлмайди? Билиб турибди булар, дейди Ўзбекистондаги уйғурлар етакчиларидан бири 82 яшар Шомил ота.

Айни пайтда, Хитой билан чегараларнинг ёпилгани асосан у ердан келтириладиган моллар билан савдо қилинадиган бозорларга ҳам ўз таъсирини ўтказа бошлади.

Ана шу бозорлардан бири Ўшдаги Қорасув бозоридир.

Ўшлик савдогар Давронбек аканинг айтишича, Қорасувдаги савдогарларнинг аксарияти ўзи каби Урумчидан мол олиб келиб савдо қилади.

- Қорасувга¸ агар мен адашмаëтган бўлсам¸ 90 фоиз мол Урумчидан келади¸ дейди ўшлик савдогар Давронбек ака.

Чегараларнинг ёпилгани, деб давом этади Даврон ака¸ нафақат Қорасув, балки унинг асосий харидорлари бўлган ўзбекистонлик савдогарлар учун ҳам қийинчиликларни яратмоқда.

- Битта савдогар эмас¸ таксистнинг ҳам куни шу билан¸ аравакашнинг ҳам куни шу билан¸ қоровулнинг ҳам куни шу билан. Борсангиз¸ кўрасиз. Ҳаммасининг тирикчилиги шу билан. Бизга Қирғизистон¸ асосан Ўзбекистон келади. Бу жуда ҳам таъсир қилади. Биласиз¸ Ўзбекистон дарров бекитишга тушади. Бир нарсанинг шарпаси эшитилса¸ дарров таможняни бекитади¸ дейди Даврон ака.

Ўзи яқинда Хонободдаги воқеалардан кейин Ўзбекистон билан чегараларда ўрнатилган қаттиқ назорат энди бироз юмшаган эди, деб қўшимча қилади Даврон ака.

Тошкентнинг Ипподром, Қўйлиқ, Чорсу ва Паркент бозорларидаги молларнинг катта қисми ҳам Хитойдан келтирилган бўлиб, Урумчидаги воқеалар бу бозорлардаги савдога ҳам таъсир ўтказиши мумкин, дейди овозини ёзиб олишимизни истамаган тошкентлик суҳбатдошимиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG