Линклар

logo-print

Москва рухсат берди

  • Барно Анвар

АҚШ ва Россия Марказий Осиë хавфсизлигини биргаликда таъминлайдиган бўлди.

АҚШ ва Россия Марказий Осиë хавфсизлигини биргаликда таъминлайдиган бўлди.

АҚШ президенти Марказий Осиё хавфсизлигини Россия билан биргаликда таъминлашга келишилганини маълум қилди.Таҳлилчилар фикрича, бу келишув Вашингтоннинг Москва шартларига кўнгани белгисидир.

Москвада қилган нутқи чоғида АҚШ президенти Барак Обама ўз маъмуриятининг Марказий Осиёга оид сиёсати қай асосга қурилганини яна бир карра аниқ ифодалади.

- АҚШнинг мақсади аниқ: Ал-Қоида ва унинг Афғонистон ҳамда Покистондаги иттифоқчилари режаларини йўққа чиқариш, парчалаш ва мағлуб қилишдир.

Бу ҳудудда база қуриш ёхуд бу давлатларни назоратга олиш истагимиз йўқ. Аксинча, биз афғонистонликлар ва покистонликларга ўз хавфсизлиги ҳамда фаровонлигига эришишида ёрдам бериш йўлида халқаро ҳамкорларимиз, шу жумладан Россия билан ҳамкорлик қилмоқчимиз. Шу боис мен Россия томони ўз ҳудуди орқали коалиция кучлари юкларини олиб ўтишга рози бўлганидан мамнунман.

Ҳозир келажакни ўзгартириш учун — ўтмишдаги катта ўйин ва ҳозирги куннинг низолари ортда қолдирилган, ҳар биримиз Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлашда бирдек иштирок этадиган келажакка эришиш учун бирга ишлаш фурсати етди, деди АҚШ президенти Барак Обама.

АҚШ ва Россиянинг Марказий Осиё хавфсизлигини таъминлаш йўлидаги ҳамкорлигига асос бўлган ҳужжат эса – Афғонистондаги коалиция кучларига аталган ҳарбий юкларнинг Россия ҳудуди орқали олиб ўтилиши тўғрисидаги келишувдир.

Россиялик ҳарбий таҳлилчи Александр Гольц¸ бу жуда ҳам муҳим ва жуда ҳам улкан келишув, деб ҳисоблайди.

- Йилига 4500 парвоз амалга оширилади. Бу жуда ҳам катта рақам. Яъни, бу кунига 15–20 тагача парвоз амалга оширилади, дегани. Бошқача айтганда, ҳаво кўприги ўрнатилади, дейди россиялик ҳарбий эксперт Александр Гольц.

Бундан аввал НАТО кучларига аталган ноҳарбий юкларни Россия ва Марказий Осиё давлатлари ҳудуди орқали олиб ўтиш тўғрисида келишувга эришилган эди ва ҳозирда юклар олиб ўтилмоқда.

Аммо, аксар таҳлилчилар, гарчи ошкор тан олинмаган бўлса-да, ҳарбий юкларни олиб ўтиш бўйича Марказий Осиё давлатлари билан ҳам яширин келишувга эришиб бўлинган ва бунинг учун фақатгина Россия раҳбарияти розилиги кутилаётган эди, деб таъкидламоқда.

Шундай сиёсий таҳлилчилардан бири Санобар Шерматова, хусусан, Ўзбекистон учун аслида юкларнинг ҳарбий ёки ноҳарбийлиги ҳеч қачон муҳим бўлмаган, деб ҳисоблайди.

- Биргина муаммо шу эдики, Марказий Осиё давлатлари, хусусан, Ўзбекистон ҳар қандай ҳарбий юклар масаласига бироз шубҳа билан қарайди. Шунинг учун олиб ўтилаётган юклар таркибини текшириш бўйича музокаралар бораётган эди. Россия эса шартномага кўра, шундай ҳаққа эга ва энди Москва маъқулловидан ўтиб келган юклар Ўзбекистонни хотиржам қилади.

Аслида¸ транзит учун тўлов ва ҳаво ҳамда қуруқлик орқали транзит масаласи Марказий Осиё раҳбарлари билан энг юқори даражада аллақачон ҳал қилиб бўлинганва эндиги гап Россия билан келишувда қолган эди, деб ҳисоблайман, дейди россиялик сиёсий таҳлилчи Санобар Шерматова.

Россия билан келишув эса АҚШ учун арзон бўлмади, дейди таҳлилчи. Бошқача айтганда, АҚШ бундан буён Марказий Осиё билан боғлиқ масалаларни Россия орқали ҳал қилиш шартини, гўёки, очиқ қабул қилди ва шу билан АҚШ нинг Марказий Осиёга оид бугунги кун учун белгилаган сиёсати тайин бўлди.

- Манас ҳаво базаси билан боғлиқ воқеадан кейин Вашингтон аниқ тушундики, Россия ҳали-ҳануз Марказий Осиёга босим ўтказишнинг кучли воситаларига эга. Шунинг учун, ҳозир Марказий Осиё+Россия+АҚШ, дейилган формуладаги ошкор қилинмаган келишувга эришилди, назаримда. Яъни, АҚШ ҳозирча минтақадаги манфаатлари борасида Россиянинг жиғига тегмайди. Ҳарбий базалар каби масалаларни тиқиштирмайди, деб ҳисоблайди Санобар Шерматова.

Боиси, АҚШ учун бирламчи бўлган масала – Афғонистон ва Покистондаги толибонни маҳв қилиш учун сув билан ҳаводай зарур бўлган юкларни ҳам қуруқлик ва ҳам ҳаво орқали олиб ўтиш масаласи ҳал бўлди.

Обама маъмурияти эса ишга тушганининг биринчи кунидаёқ шу мақсадни аниқ қўйган эди ва бунга эришиш йўлида қатъий бормоқда, дейди Ташқи алоқалар бўйича Германия Кенгаши дастурлари директори Александр Рар.

Бу таҳлилчи фикрича, аслида бу келишув нафақат АҚШ ва НАТО нинг Афғонистондаги амалиётлари муваффақияти учун, балки Россия ва Марказий Осиё хавфсизлигининг мустаҳкамланиши учун ҳам жуда қимматли келишувдир.

- Бу ҳамкорлик Россия ва АҚШ ўртасида Марказий Осиё устида бораётган геосиёсий ўйинлар барҳам топишида ҳам ёрдам бериши мумкин. Қисқа айтганда, бу келишув томонлар учун нафақат ҳарбий, балки сиёсий йўналишда ҳам муҳим келишув бўлди, дейди германиялик эксперт Александр Рар.

Россия ва АҚШ манфаатлари бир нуқтада муштарак бўлган паллада эришилган бу келишув айни пайтда Марказий Осиё режимлари раҳбарлари учун ҳам ҳар тарафлама манфаатли келишув бўлди.

Хусусан, Ўзбекистоннинг Ғарб билан муносабатлари бобида улкан тўсиқ бўлиб келган демократик қадриятлар ва инсон ҳуқуқлари масаласи бугунча кун тартибидан тушгани яна бир карра тасдиқланди, дейди Санобар Шерматова.

- Обама маъмурияти бошдаёқ АҚШ бошқа давлатларга қандай яшашни ўргатмайди, деган эди. Яъни, АҚШ маъмурияти Ал-Қоида бўйича ўз олдига қўйган асосий мақсадга етгунга қадар, яъни ҳозирча, бу йўлдаги барча давлатлар, жумладан Ўзбекистонни ҳам қийнаб турган демократия ва инсон ҳуқуқлари масаласини кун тартибига чиқармайди. Бу эса Ўзбекистон учун ҳозир айни муддаодир, дейди сиёсий таҳлилчи Санобар Шерматова.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG