Линклар

Шошилинч хабар
26 апрел 2024, Тошкент вақти: 06:04

Бойлар ҳамдардлик билдиради...


Италиядаги зилзиладан талофат кўрганларга ҳамдардлик тариқасида¸ жаҳон етакчилари тунни махсус палаткаларда ўтказишади.
Италиядаги зилзиладан талофат кўрганларга ҳамдардлик тариқасида¸ жаҳон етакчилари тунни махсус палаткаларда ўтказишади.

Италияда иқтисоди тараққий этган Катта саккизлик етакчиларининг олий даражали учрашуви иш бошлади. Саммитда глобал молиявий бўҳрон, иқлим ўзгариши каби муҳим масалалар муҳокама этилмоқда.

Италиядаги саммит бошланишида Катта саккизлик етакчилари глобал молиявий бўҳронга қарши кўрилган чоралар xусусида фикр алмашдилар. Зотан глобал молиявий бўҳрон айнан Катта саккизликка аъзо давлатлар АҚШ, Буюк Британия, Канада, Франция, Германия, Италия, Япония ва Россиядан тарқала бошлаган эди.

Бироқ Италиядаги саммитда Катта саккизлик етакчиларидан ташқари ҳозирги кунда иқтисоди тез тараққий этаётган Ҳиндистон, Бразилия, Хитой, Миср ва Туркия раҳбарлари ҳам қатнашмоқда.

Бу эса Катта саккизлик давлатларининг глобал молиявий бўҳрон каби муҳим масалаларни муҳокама этишда эндиликда ҳукмрон эмаслиги нишонасидир.

Италия саммитида етакчилар, шунингдек, глобал иқлим ўзгариши ва Африка давлатларига ёрдам кўрсатиш масалаларини муҳокама қилмоқдалар. Бундан ташқари Эрондаги сўнги воқеалар ривожи ҳам муҳокамалар рўйхатига киритилган.

Ўтган ой Италиянинг Триесте шаҳрида учрашган Катта саккизлик Ташқи ишлар вазирлари Теҳрондаги намойишчиларга қарши куч ишлатилишидан ташвиш билдирган бўлса-да, Эрон ҳукуматини кескин танқид қилмаган эди.

Л’Аквила саммитини кузатаётган Фардо радиоси мухбири Аҳмад Рафат Катта саккизликнинг Эрон борасида қабул қиладиган баёноти АҚШ президенти Барак Обама ва Россия президенти Дмитрий Медведев ўртасида муҳокама қилинган масалаларга боғлиқ эканини айтади.

- Бу ерда барча Москвада нима муҳокама қилинганини билиш иштиёқида, боиси Россия Катта саккизлик давлатлари орасида Эрон ҳаракатларини ҳимоя қилган ягона давлатдир.

Италия расмийлари билан қилган суҳбатдан шунга амин бўлдимки, бу муаммо Москвада ҳал этилмаган ва Россия ушбу саммитда Эроннинг кескин қораланишига мутлоқ қарши, дейди Аҳмад Рафат.

Айни пайтда Италиянинг Л’Аквила шаҳри бундан уч ой муқаддам рўй берган кучли зилзиладан сўнг аста-секин ўзига келмоқда. Зилзила оқибатида бошпанасиз қолган минглаб фуқаро шаҳарда тикилган чодирлар ва омон қолган меҳмонхоналарда яшамоқдалар.

Давлат етакчилари ҳам саммит давомида дабдабали меҳмонхоналарда эмас, балки маҳаллий солиқ полицияси ходимлари учун ўрнатилган чодирларда истиқомат қиладилар. Бу билан давлат раҳбарлари зилзила қурбонлари билан бирдамлигини ифодаламоқчилар.

Айни пайтда ушбу минтақада ер силкиниши ҳануз кузатилмоқда. Бироқ Италия Бош вазири Силвио Берлускони саммит арафасида қилган чиқишида ташвишга ҳожат йўқлигини таъкидлади:

- Ҳеч қандай хавф-хатарга ўрин йўқ деб ҳисоблаймиз, боиси солиқ полицияси биноси рўй бериши мумкин бўлган ҳар қандай ер силкинишига туриб беради, деди Сильвио Берлускони.

Айни пайтда Хитой президенти Ху Цзинтао Шинжон мухтор ўлкасидаги воқеалар туфайли Катта саккизлик саммитида қатнашмай туриб¸ Пекинга қайтиб кетди.

Эндиликда кўпгина кузатувчилар Хитой иштирокисиз глобал иқлим ўзгаришига сабаб бўлаётган заҳарли газлар эмиссиясини қисқартириш борасидаги келишувни имзолаш мушкул бўлишини айтмоқдалар.
XS
SM
MD
LG