Линклар

Аëлнинг жони қирқта


Келажак авлодлар саломатлиги¸ биринчи галда¸ оналар соғлигига боғлиқ.

Келажак авлодлар саломатлиги¸ биринчи галда¸ оналар соғлигига боғлиқ.

Ўзбекистонда туғиш ëшидаги аëлларнинг аксари камқонлик ва тўйиб овқат емасликдан жабр чекаëтган ҳозирги вазиятда¸ давлат репродуктив саломатлик аҳволини яхшилашга қаратилган махсус дастур қабул қилди.

Шу кунларда хоразмлик келинчак Марҳабо иккинчи фарзандига ҳомиладор. Уч ойдан кейин Марҳабонинг кўзи ёрийди. Биринчи фарзанди¸ бор-йўғи бир ярим ëшда.

Марҳабо репродуктив саломатлик борасида умуман тушунчага эга эмаслигини, шунинг учун ҳам ҳомиладорликдан сақланиш йўлларини ҳам билмаганини айтади.

- Оила қурганингдан кейин биринчи фарзанд туғилади. Сақланишни билмаганингдан кейин иккинчи болага ҳомиладор бўлиб қоласан. Докторлар пулингни олиб¸ текширувдан ўтказиб жўнатаверишади. Болаларнинг ораси икки йил бўлсин¸ кейин туғасан деб айтмайди ëки ҳомиладорликнинг олдини оладиган спирал қўйиш борасида, ҳомиладор бўлиб қолишдан сақланиб туринглар¸ деб айтмайди доктор.

Ҳомиладор бўлсанг¸ уйингга келишади¸ пулингни олишади. Фалон жойларга бориб юришинг шарт эмас¸ пулини берсанг¸ ўзим тўғрилаб юбораман¸ деб пулингни олиб кетишади. Тушунтириш ишларини умуман олиб боришмайди. Мана ҳозир кўп қизлар эрта турмушга чиқиб ëтибди. Эрта турмушга чиққандан кейин кўп қийинчиликлар кўришади¸ камқонлик билан туғишади. Болалари ногирон туғилаяпти, туғишга оз қолганда болалар нобуд бўлаяпти. Кўпчиликнинг боласининг мияси ривожланмай қолган. Врачлар шу билан шуғулланишмаяпти, дейди Марҳабо.

Репродуктив саломатлик деганда аёлнинг қачон ва қандай шароитда она бўлишини назорат қилиш, онанинг ҳам ва ундан туғилажак боланинг ҳам саломатлиги учун мақбул шарт-шароитлар яратиш тушинилади.

Репродуктив саломатликни муҳофаза қилишда аёлларга, асосан, қуйидагиларга эътибор қаратиш тавсия қилинади:

- Хавфсиз ҳомиладорлик;
- Бехатар туғруқ;
- Чилла давридаги малакали ёрдам;
- Исталмаган ҳомиладорлик ва унинг олдини олиш;
- Туғруқлар оралиғини 3 йил ва ундан ортиқ муддатга сақлаш;
- Замонавий контрацептив воситалар ҳақида аҳолига кенг маьлумот бериш.

Тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла мамлакатда репродуктив саломатлик бораасида жиддий муаммолар борлигини айтиб, айниқса, камқонлик ва тўйиб овқатланмаслик ҳомиладор аёллар учун хавфли эканлигини таъкидлайди.

- Бугунги кунда аëлларнинг репродуктив аҳволини ўртачадан сал пастроқ ¸деб ҳисобласа бўлади. Сабаб шундаки¸ бугунги ўзбек аëлларининг жуда катта хавфларидан биттаси камқонлик масаласи. Темир моддасининг етишмаслиги бугун ўзбек аëлининг силласини қуритаëтган нарсалардан биттаси.

Иккинчи нарса¸ бутун Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти белгилаб берган овқатланиш даражасининг Ўзбекистонда кўнгилдагидай даражада бўлмаëтганлиги. Бу аëлларнинг репродуктив саломатлиги йўлидаги энг катта тўсиқлардан биттаси, дейди Суҳбат Абдулла.

Хоразмдаги «Соғлом оила» репродуктив маркази раҳбари Лола Эрназарова эса бугунги кунда ҳомиладор аёллар билан боғлиқ масалаларда ижобий ўзгаришлар бўлаётганини таъкидлайди.

Лола Эрназарова: Аввал никоҳ эрта бўлган¸ қариндошлар ўратсида никоҳ бўлган¸ ҳар йили туғиш бўлган. Шахсан мен ўзим ҳар йили туққанман. Чунки шу пайтда мен туғиш оралиғини ва она-бола саломатлигининг аҳамиятини билмаганман.

Озодлик: Ҳозир бу ҳолатлар йўқми?

Лола Эрназарова: Ҳозир анча-мунча яхшилашди. Ҳозир эрта никоҳлар умуман камайди. Менимча¸ йўқ бўлса керак. Репродуктив саломатлик бўйича аëлларимизнинг саводхонлиги бироз ошган. Ҳозир улар саломатлигини ўйлайди. Чунки туғруқхона қаршисидаги консултация хоналарида¸ давлат ташкилотларида тарғибот ишлари яхши олиб борилмоқда. Улар ҳозир туғиш оралиғининг қанча бўлиши кераклигини¸ туғиш оралиғининг аҳамиятини билишади.

2009-2013 йилларга мўлжалланган репродуктив саломатликни яхшилаш тўғрисидаги давлат дастурида белгиланишича, эндиликда аҳолининг репродуктив саломатлигини янада мустаҳкамлаш кўзда тутилмоқда.

Uzreport.com интернет нашрининг хабар қилишича, мазкур дастурда соғлом фарзанд туғилиши, оналик ва болаликни асраш, аҳоли орасида репродуктив масалаларда тушунтириш ишларини кучайтириш, она ва болага тиббий ёрдам кўрсатиш сифатини яхшилаш, бу борада тиббий ходимлар малакасини ошириш масалаларига асосий эътибор қаратилган.

Regnum ахборот агентлиги маълум қилишича, ушбу дастурни амалга ошириш учун 130 миллион АҚШ доллари ажратилган.

Суҳбат Абдуллага кўра, қанча маблағ ажратилишидан қаътий назар, мамлакатда аҳолининг ижтимоий-иқтисодий аҳволини яхшиламагунча, репродуктив саломатлик масалаларида ижобий натижаларга эришиш мушкул.

- Ҳар доимгидай қоғозда қолиб кетаверади. Амалда ишлаб кетган дастурни жуда ҳам кам кўраяпман. Бу давлатнинг ўзига керак. Давлатнинг ўзини ўзи оқлаш учун қилинадиган навбатдаги компаниялардан биттаси. Бу бошқа нарса эмас. 130 миллион доллар ҳам кимларнингдир чўнтагига шўнғиб¸ шу билан ғойиб бўлиб кетса керак. Унинг маълум бир қисми аҳолига етиб боргани билан¸ асосий қисми юқорида ўтирган амалдорларнинг чўнтагида қолиб кетади. Бундай ишларнинг амалга оширилиши учун ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан ҳам катта ишлар амалга оширилиши керак. Аҳолининг ижтимоий аҳволи жуда яхшиланиши керак. Ундан кейин тиббиëт хизматини яхшилашга киришса бўлади, дейди Суҳбат Абдулла.

Ўзбекистон ҳукумати аҳоли саломатлиги бўйича 2005 йилдан бошлаб “Витаминларга тўйинтирилган ун бўйича миллий дастур”ни ҳам йўлга қўйганди.

Лойиҳа доирасида беш йилга олти миллион АҚШ доллари ажратилиб, ҳар йили бир ярим миллион тоннага яқин витаминли ун ишлаб чиқарилаяпти.

Лекин ушбу дастур жорий йилда ниҳоясига етаётган бўлса-да, мамлакатда анемия билан оғриётганлар сони камаймагани кузатилади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG