Линклар

logo-print

Яна бир август келди

  • Сарвар Усмон

Бозорлардаги арзончилик мен юрғизаëтган оқилона сиëсат маҳсули деб гапиришни хуш кўрадиган Ислом Каримов¸ одатда нархлар ошиши ҳақда сукут сақлайди.

Бозорлардаги арзончилик мен юрғизаëтган оқилона сиëсат маҳсули деб гапиришни хуш кўрадиган Ислом Каримов¸ одатда нархлар ошиши ҳақда сукут сақлайди.

Каримов халққа "августгача сабр қилинг¸ августда ҳаммаëқ яхши бўлади" деганидан бери ўтган 17 йил давомида август ўзбекистонликлар учун ойликнинг озгина ошишию нархларнинг чандон кўтарилиш ойига айланди.

Ўзбекистонда 1 августдан бошлаб бюджет ташкилотлари ходимлари маоши, пенсиялар, ижтимоий нафақалар ҳамда стипендиялар ўртача 25 фоизга ошади.

Президент Каримовнинг бу ҳақдаги фармони 8 июл куни эълон қилинди.

Ҳозир Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 28 минг 40 сўмни, пенсия ёшига етганларнинг энг кам пенсияси миқдори 55 минг 550 сўмни ташкил этади.

1 августдан бошлаб эса, президент фармонига мувофиқ, Ўзбекистонда энг кам иш ҳақи 33 минг 645 сўм бўлади.

Пенсия ёшига етганлар ва болаликдан ногирон бўлганларга бериладиган ойлик нафақанинг энг кам миқдори 66 минг 660 сўмни ташкил этади.

Етарли стажга эга бўлмаган кексалар ҳамда иш стажига эга бўлмаган меҳнатга лаёқатсиз фуқароларнинг нафақалари 40 минг 375 сўмни ташкил этади.

Ойликлар ошиши арафасида Ўзбекистонда нон ва шакар нархи ҳамда электр энергияси ҳақлари кўтарилди.

Августнинг охирида қўлга тегадиган маошга қўшиладиган 25 фоиз асосий озиқ-овқат маҳсулотлари нархининг кейинги кунларда ортган ҳамда ортиши мумкин қисмини қоплай оладими?

Бу саволга жавобни, ҳар бир тингловчимиз ўз чўнтагидан келиб чиқиб ҳисоб-китоб қилиб, топиб олиши мумкин.

Масалан, агар 4 кишилик оила бир ойда 600 граммлик нондан кунига иккита, бир ойда 60 та ейдиган бўлса, ноннинг ўзи маошга қўшилган пулнинг 3000 сўмини “еб қўяди”.

Чунки ноннинг тилга олганимиз тури ўтган ҳафтада 50 сўмга қимматлади.

Бошқа маҳсулотлар ҳисоб-китобини ўзингизга қолдирамиз.

Ҳозир эса, президент фармони билан билвосита боғлиқ бошқа мавзу.

Гап шундаки, маош ва пенсиялар Ўзбекистонда сўнгги бор 2008 йилнинг ноябрида оширилган эди.

Лекин кейинги йилларда август Ўзбекистонда маош ошириладиган ойга айланиб қолган.

Одамлар августнинг арафасида ёки нон нархи кўтарилиши биланоқ “яқинда маошни оширсалар керак”, деган фикрга борадилар.

Тошкентлик мана бу уй бекаси билан 2 июл куни, 300 сўмли давлат нони 50 сўмга қимматлаган куннинг эртасига гаплашган эдик.

Озодлик: Одамлар қимматлаш саббалари тўғрисида нима деяпти? Бирор нарса дейишаяптими?

- “Август ойидан ойликлар кўтарилар экан¸ шу сабабдан ноннинг ҳам нархи кўтарилган” дейишаяпти¸ деган эди тошкентлик уй бекаси.

Эътибор беринг, азиз тингловчи, оддий уй бекаси бу гапни президенти маошни ошириш тўғрисидаги фармонини имзолашидан олти кун кун аввал айтаяпти.

Демак, оддий ўзбекистонлик ўз ҳукуматининг нафақат қилган ишларидан, балки қиладиган ишларидан ҳам хабардор, дейиш мумкин.

Бу фикр бизни ўзбекистонликлар орасида сўров ўтказишга ундади.

Сиёсий таҳлилчи ва меҳнат муҳожири, шоир ва уй бекаси, қочқин ва бошқалар иштирок этди сўровда.

Дастлаб, икки андижонлик уй бекасининг жавобларини тингланг.

Насибахон опа шу кунда Андижоннинг ўзида.

Озодлик: Насибахон опа¸ сиз ҳукуматдан яна нималар кутасиз?

Насибахон опа: Тинчлик¸ тинчлик¸ тинчлик. Фақат тинчлик.

Озодлик: Нима учун “тинчлик” деб тўрт марта такрорладингиз? Уруш бўлаяптими?

- Йўқ¸ уруш бўлмаяпти. Ҳар доим тинчлик бўлаяпти. Ҳар доим тинчлик бўлганига яраша¸ бундан бу ëғига ҳам тинчлик бўлса дейман¸ дейди Насибахон опа.

Насибахон опанинг ҳамшаҳри, ўзини Зумрадхон, деб таништирган аёл шу кунда Андижонда эмас. У қочқин. Австралияда.

- Авваламбор яхшилик кутаяпман. Арзончилик бўлса¸ серобчилик бўлса. Бизнинг ота-онамизга ўхшаган инсонлар қийналмаса дейман.

Биз Австралияда¸ айтишим мумкинми ëки мумкин эмасми билмадим¸ тўкин-сочинликда яшаймиз. “Қимматлапти” деса¸ ўзимизнинг халқимизга¸ Ўзбекистондагиларга қандайдир раҳмимиз келади. “У ерлар ҳам шунақа бўлса. Нимага у ерлар шунақа эмас?” деган нарса қийнайдида бизни¸ дейди шу кунда Австралияда яшаëтган Зумрадхон.

Исмини айтмаслигимизни илтимос қилган хоразмлик тингловчимизнинг айтишича, воҳаликлар шу кунда президентнинг ўзини кутишаяпти. Келиб, коррупцияга қарши кураш бошлашини кутишаяпти.

- Энди бир секрет айтаман: яқинда бизга президент келар эмиш. Хоразмда шунақа миш-миш бор. Тозала-тозала бўлиб турибди¸ дейди исмини айтмаслигимизни илтимос қилган хоразмлик тингловчимиз.

“Тозала-тозала бўптурипти”, дер экан, суҳбатдошимиз кўча супирилаяётганини айтаётгани йўқ. Унинг айтишича, бир-икки ойдан бери ҳуқуқ-тартибот органларининг уч катта амалдори пора билан қўлга тушиб¸ ишдан олинган.

- Коррупцияни тозалаяпти¸ лекин ключовой постларда ҳалигача коррупционерлар ўтирибди. Мен шунинг учун давлатдан бир ўзгариш кута олмайман. Давлатнинг асосий чўққисидаги коррупционерларни алмаштириш керак¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган хоразмлик.

Сиёсатшунос Малик Абдураззоқовнинг ҳукуматдан ташқи сиёсат соҳасида кутаётганлари:

Биринчидан, Ўзбекистон NABUCCO лойиҳасига қўшилиши мумкин. Лекин, дейди таҳлилчи, бу эҳтимол ҳозирча, “50 ка 50” даражасида.

Иккинчидан, Ўзбекистон АҚШ билан янги муносабатлар қуришга интилади ва аксинча, Россия билан муносабатлари янада совуқлашади.

- Ўзбекистон-Россия ўртасидаги муносабатларнинг борган сари совуқлашиши ва сентябр ойида бу яна сезилади¸ дейди Малик Абдураззоқов.

Ички сиёсат соҳасида эса, сиёсатшунос Малик Абдураззоқов кутаётган ўзгаришлар кўнгилни хотиржам қиладиган даражада эмас.

- Ички сиëсатда энг катта кутаëтган нима бу қатағон эмас бу ҳозирги иқтисодий инқирознинг чуқурлашиши. Чунки газга нарх баттар тушиб кетади ва ҳар ойда биз сезамиз уни. Нефтникини тез сезсак¸ газнинг нархи тушишини бир-икки-уч ойнинг ичида сезамиз. Сентябр ойида қаттиқ сезамиз.

Демак¸ даромадлар камаяди. Бу биринчиси. Инфляция кучаяди. Бунинг фонида ички сиëсатда¸ менимча¸ Ўзбекистон ҳукумати яна бир бор нарх-навони кўтариши мумкин. Мен бошқа ҳеч қанақа қадам кутмаяпман¸ дейди сиёсатшунос Малик Абдураззоқов.

Шоира Гулчеҳра Нуруллаевага ҳам бердик бугунги саволимизни.

Гулчеҳра Нуруллаева: Сўраяпсизки¸ сиз нимани кутасиз ўзбек ҳукуматидан?

Озодлик: Нарх билан ойлик ошишидан ташқари яна нимани кутасиз?

- Тўғрисини айтсам¸ мен бошқа нарса кутмайман. Мен кўпроқ халқнинг манфаатини эмас¸ кўпроқ давлат тепасида турган одамларнинг ўзининг манфаатини ўйловчи ҳатти-ҳаракатларни доимо кутаман. Шу нарса доимо бўлиб келаяпти. Халқ манфаатини ўйлайдиган бирор бир жиддий нарсани шу дафъа ҳатто эслашдан ожзиман¸ дейди шоира Гулчеҳра Нуруллаева.

Ва ниҳоят, ўзбекистонликларнинг яна бир қатлами – меҳнат муҳожирлари вакили, Москвада ишлаётган, ўзини Аҳмаджон, деб таништирган йигит.

- Ўзбекистондаги ҳозирги ҳукуматдан яхшилик кутишни умид ҳам қилмай қўдик. Бугун водий халқи ҳукуматдан бирор бир нарса умид қилмайди. Ҳеч бўлмаса ишлаб чиқаришга эркинлик берса¸ атрофдаги таможняларни очиб қўйса¸ бемалол олди-сотди қилишга йўл қўйиб берса¸ шунинг ўзи бизнинг халқимиз учун етарли бўлади¸ дейди Москвада ишлаётган, ўзини Аҳмаджон, деб таништирган водийлик йигит.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG