Линклар

logo-print

"Кўпай десам ҳам¸ кўпаймаяпти"

  • Садриддин Ашур

Ўзбекистонда оилани планлаштириш деган махсус дастурга ҳожат қолмади - иқтисодий вазиятнинг ўзи туғилишни чеклаб бўлди¸ дейишмоқда аксар аëллар.

Ўзбекистонда оилани планлаштириш деган махсус дастурга ҳожат қолмади - иқтисодий вазиятнинг ўзи туғилишни чеклаб бўлди¸ дейишмоқда аксар аëллар.

Совет замонида минг-минглаб қаҳрамон оналарга ватан бўлган Ўзбекистонда бугун аëллар кўп болали она бўлиш орзусидан воз кечмоқда. Аксарият¸ бунинг сабабини иқтисоддан қидириш лозим¸ деган ишончда.

Бир-бирининг этагини тутиб катта бўлган болаларнинг оналарига собиқ иттифоқ пайтида “Қаҳрамон она” унвони бериларди. Ана шу унвоннинг таъсис этилганига 65 йил бўлди.

Иккинчи жаҳон урушидаги йўқотишлардан сўнг, собиқ иттифоқ ҳудудида юзага келган демографик инқирознинг олдини олиш учун 1944 йилнинг 8 июлида СССР Олий Совети Президиуми шу ҳақда фармони эълон қилган эди.

Ўшандан кейин 10 дан ортиқ бола туққан ўзбекнинг 100 мингдан ортиқ аëли “Қаҳрамон она” орденига мушарраф бўлди. Бундан ташқари¸ беш нафардан ортиқ бола туққан оналарга уч даражали “Оналик шуҳрати” медали топширилди.

Фарғона вилоятида яшаётган 68 ёшли Гулсум ая ҳам саккиз фарзанд тарбиялаб ўстириб¸ собиқ иттифоқ пайтида Оналик шуҳрати медалининг учала даражасини ҳам олган:

Гулсум ая: Совет даврида берилган. Энг катта ўғил 1962 йилда туғилган. Шунақа қилиб орқама-кетин¸ орқама-кетин туғилаверган. Тўртта бўлганда битта медал берди. Кейин олтита бўлганда битта берди¸ кейин саккизта бўлганда битта берди. Шунақа қилиб учта медал олганман.

Озодлик: Ўшанда ëрдам беришармиди? Болаларга нафақа пули¸ деган нарса беришармиди?

Гулсум ая: У вақтда 12 сўмдан пул берилган. Далада ишлаганмиз. Шунинг устига 70-80 сўм бюллетен олганмиз.

Озодлик: Ўша вақтда 12 сўмга бир қоп ун берганда.

Гулсум ая: Ҳа¸ тўғри. Берган.

Озодлик: Ўшанда “Болалар кўп бўлаяпти. Буларни қандай боқамиз¸ қандай катта қиламиз?” деб ҳеч ўйлаганмисизлар?

Гулсум ая: Худо ризқини берар экан. Худога шукур¸ мана ҳаммасини уйли қилдик¸ жойли қилдик.

Озодлик: Ҳозир кўп болали оилалар борми?

Гулсум ая: Унақа кўп бўлмаяпти. Кўпайгани олтитага бораяпти.

Озодлик: Нимага шундай бўлаяпти деб ўйлайсиз?

Гулсум ая: Энди ҳамма ëқ қисқариб кетди.

Озодлик: Нима қисқариб кетди?

Гулсум ая: Ҳамма яхши яшашни хоҳлаб кетди. Меҳнатга тоқати йўқ¸ болаларни катта қилиб¸ тарбиялашга тоқати йўқ.

Озодлик: Мана болаларингиз катта бўлиб¸ уйли-жойли бўлишди. Болаларингизнинг ҳаммасини атрофингизга тўплаб ўтирганда¸ уларга нималарни айтасиз?

Гулсум ая: Кўпаяверинглар¸ кўпаяверинглар деб насиҳат қиламан¸ қулоқларига олмаяптида. Булар иккита-учта билан бас қилаяпти.

Озодлик: Кўпаяверинглар¸ десангиз ҳам қулоқларига олишмаяптими?

- Ҳа. Кўпаяверинглар десам ҳам кўпаймаяптида¸ кўпайтирмаяпти¸ дейди Гулсум ая.

Гулсум ая, кўпаяверинглар десам ҳам кўпайишмаяпти, деган гапи билан бугунги мавзумизнинг асосий дардини очиб берди. Зеро, Ўзбекистоннинг мустақиллик йилларида 10 та бола туққан оналарни учратиш жуда мушкул. Бунинг сабабини эса, жиззахлик Марвар опа изоҳлашга уринади:

- 10 йилдан бери мен ҳам эшитмай қолдим. Аëлларимиз қаҳрамон она эди¸ ҳозир эшитмаяпман. Ўзларимизники беш-олти бола бўлгандан кейин бошқаларнинг боласига қизиқмай қолибмизда. Энг кўпиники тўртта-бешта¸ ошиб кетса¸ олтита.

Ўзларимиз мана олти-еттита фарзандларни катта қилиб¸ ҳаммасини ҳар жойга берганмиз. Куëвга берган жойларимизда тузукроқ овқат йўқ¸ иш йўқ деган жойлар борда¸ дейди Марвар опа.

Собиқ иттифоқнинг сўнгги йилларида, Кремл тавсияси билан "Оилани планлаштириш" деган программа ишлаб чиқарилган эди. Бунга ўзбек зиёлилари ўша пайтнинг ўзида, “ўзбекнинг онасига туғишни ҳеч ким таъқиқлаши мумкин эмас” деб, матбуотда норозилик изҳор қилган эдилар.

Марвар опанинг айтишича, бугунги Ўзбекистонда урчиб бораëтган иқтисодий мураккабликлик боис бундай дастурга ҳожат қолмаган:

- Йўқ¸ айтиш шарт эмас. 10 ëшдан ошгандан кейин қизларнинг ҳам¸ болаларнинг ҳам онги ривожланиб кетаяпти. Тушуниб ўтирибманда.

Ўзимнинг келиним кеча битта болали бўлди. Дарров эрига “Бўлди. Тўрт ëш бўлгандан кейин битта туғаман¸ бўлади. Кейин ким боқади¸ ким ўқитади” деяпти. Ҳамманики ҳам шундай гапда. Ҳозир мустақиллик замонида яшаяпмиз. Коммунизм даврида оналар боласини туғиб¸ бемалол боқарди¸ дейди Марвар опа.

Собиқ иттифоқ пайтида Сирдарё вилоятининг Ховос туманида узоқ вақт Қишлоқ кенгаши котиби бўлиб ишлаган суҳбатдошимизнинг айтишича, “Қаҳрамон она” унвони ўша пайтда фақат туғишни рағбатлантириш учун ўйлаб топилган бир мақтов бўлгану¸ кўп болали оналарга қўшимча имтиёзлар берилмаган:

- Шу вақтда еттита “Қаҳрамон она” бор эди. Уларни медаллари билан алоҳида стендлар қилиб¸ чиқариб қўйган эдик. Ҳукумат томонидан уларга имтиëзлар берилган жойи йўқ эди. Медал олганига хурсанд бўлиб юраверишарди.

У пайтда “Сен қаҳрамон она экансан” деб имтиëз бериб қўйган жойи йўқ эди. Қоғозда қанақадир имтиëзлар ëзилган бўлса¸ ëзилгандир. Лекин ҳақиқий имтиëздан фойдаланган қаҳрамон оналарни эслай олмайман¸ дейди Сирдарё вилоятининг Ховос туманида узоқ вақт қишлоқ кенгаши котиби бўлиб ишлаган суҳбатдошимиз.

1991 йил, собиқ иттифоқ парчалангандан сўнг, “Қаҳрамон она” унвонининг берилиши тўхтади. Ўзбекистонда шунга ўхшаш янги унвон “Соғлом авлод учун” ордени жорий этилди. Бироқ бу унвон кўпроқ болалар тарбияси ва соғлиғи билан шуғулланадиган муассасалар ходимларига топшириладиган бўлди.

Белорус кўп болали оналарни рағбатлантириш учун “Она” орденини жорий қилди, Украина “Қаҳрамон она” унвонини қайта тиклади, Қозоғистонда эса кўп болали оналар орден мақомига тенг бўлган “Олтин шокила”, “Кумуш шокила” билан тақдирланади.
XS
SM
MD
LG