Линклар

Тошкентда янги элчи

  • Фаррух Юсуфий

Руперт Жой¸ Британия Ташқи ишлар вазирлигидаги Ислом маданияти билағонларидан бири саналади.

Руперт Жой¸ Британия Ташқи ишлар вазирлигидаги Ислом маданияти билағонларидан бири саналади.

Яқин тарихдаги "энг нодипломатик дипломат" деб ном чиқарган элчи Крейг Мюррейни Ўзбекистондан чақиртириб олганидан беш йил ўтиб Лондон ҳукумати Тошкентга яна бир янги элчисини йўллади.

“Буюк Британия Ўзбекистонда кенг фаолият юритмоқда, лекин бу фаолият кўламининг янада кенгайишини истар эдим. Иккала мамлакат манфаатлари йўлида биз яқин алоқаларни ривожлантиришимиз ва ҳамкорлик соҳаларини кенгайтиришимиз лозимлигига ишончим комил. Ўзбекистон бугун жаҳонда муҳим рол ўйнайди”.

Янги элчи Руперт Жойнинг 2 июл кунги маросимда айтган бу сўзларини Британиянинг Тошкентдаги элчихонаси матбуот вакили Леонид Кудрявцев ўқиб берди.

Унинг айтишича, Ўзбекистонга ўтган ойда юборилган элчи Жой ҳозирча президент Ислом Каримовга ишонч ёрлиғини топширмаган бўлса-да¸ ҳукумат расмийлари ва Тошкентдаги бошқа хориж элчиларининг баъзилари билан учрашишга улгурган. "Унинг Ўзбекистонга оид режалари катта", дейди Кудрявцев.

Элчихона расмийси янги элчи Ўзбекистондаги фуқаровий жамиятнинг баъзи вакиллари билан учрашганини ҳам қўшимча қилди, лекин бу учрашувлар айнан ким билан бўлганини аниқлаштирмади.

Айни пайтда, Ўзбекистондаги фуқаровий жамият вакиллари Буюк Британиянинг мамлакатдаги сиёсати фаол бўлиши мумкин, лекин кейинги йилларда инсон ҳуқуқлари ва демократик қадриятлар бу сиёсатнинг устувор масалалари сирасидан чиқиб қолган, демоқда.

Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари ташаббус гуруҳи раҳбари Суръат Икромов¸ Британия элчихонасининг 2000 йиллар бошидан бери олиб борган фаолиятини икки босқичга, собиқ элчи Крейг Мюррейдан аввал ва ундан кейинги даврга бўлиш мумкин, дейди.

- Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчиси Мюррей кетганндан кейин икки маротаба элчи ўзгарди. Шу вақт давомида ҳуқуқ ҳимоячилари билан бир мартами-икки мартами учрашув бўлди. Ўшандан бери улар кўп ҳолда инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари бераëтган ахборотга қизиқади. Лекин элчининг шахсан ўзи билан учрашув бўлгани йўқ. Фақат унинг муовини¸ сиëсий ëрдамчилари билан учрашувлар бўлди¸ дейди Суръат Икромов.

Ҳақиқатан ўз фаолиятининг дастлабки кунларидан Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари ва демократияга оид аянчли вазият ҳақида очиқ гапира бошлаган собиқ элчи Крейг Мюррей ўз салафлари ва бошқа хориж элчиларидан фарқ қилгани боис, унинг фаолияти жамоатчилик эътиборини ўзига тортган эди. Айниқса, Ўзбекистон қамоқларидаги қийноқлар муаммосининг халқаро миқёсда жиддий муҳокама қилина бошлашида жаноб Мюррейнинг катта ҳиссаси бор.

- Афсуски¸ Ўзбекистон ўз зиммасига олган мажбуриятлар билан уларни амалда қўллаш ўртасида катта жарлик бор. Ўзбекистонда маҳбусларнинг қийноққа солинаётгани яқинда жаҳон ҳамжамияти диққатини ўзига тортди.

Қайнаган сув билан қийнаш оқибатида ҳалок бўлганларга оид даҳшатли воқеалар халқаро ҳамжамиятнинг жиддий ташвишига сабаб бўлди. Барчамиз, бу воқеалар алоҳида олинган ягона ҳодисалар эмаслигини яхши биламиз, деган эди элчи Мюррей Тошкентдаги Фридом Ҳаус ташкилоти ўтказган тадбирлардан бирида.

Унинг бу каби чиқишлари ўша пайтларда Тошкентдаги Британия элчихонасининг фуқаровий жамият вакиллари орасида нуфузи ва обрўсини ошириб юборган эди.

Дипломатик қоидаларни писанд қилмаган дипломат, дея ном чиқарган Мюррей ўз лавозимидан озод қилинганидан кейин ҳам Ўзбекистондаги вазият ҳақида гапиришдан тўхтагани йўқ.

Яқинда Британия парламенти қўмитаси олдида қилган чиқишида Крейг Мюррей, Британия ва АҚШ махсус хизматлари Ўзбекистонда қийноқлар остида олинган иқрорлардан далил ўлароқ фойдалангани ҳақида гапирди.

- Ўша пайтларда бу жуда кенг қўлланадиган амалиёт эди. Ўзбекистон махсус хизматлари қийноқлар остида олинган маълумотларни АҚШ Марказий разведка бошқармасига берар эди. Бу маълумотлар эса¸ Каримов режимига нисбатан таҳдид борлигини бўрттириб кўрсатиш, пировардида Америка ва Британиянинг Каримов режими билан алоқаларини оқлаш мақсадида ишлатилиб келди, дея таъкидлади собиқ элчи.

Крейг Мюррей ишдан кетганидан кейин, дейди ҳуқуқ фаоли Икромов, Британия элчихонасининг инсон ҳуқуқлари ва демократия масалаларига эҳтиёкорлик билан ёндашаётганини кўриш мумкин. Ҳар қалай, бошқа хориж ваколатхоналари фонида, бу айниқса кўзга ташланади, дейди суҳбатдошимиз.

- Масалан¸ АҚШ нинг бўладими¸ Германиянинг бўладими¸ Франциянинг бўладими – кўп элчилари ишга келиши билан қисқа вақт ичида ҳуқуқ ҳимоячилари билан учрашади. Кўпроқ танишиб олгиси келади. Шу жиҳатдан Буюк Британиянинг охирги икки элчиси чақириб¸ танишиб олган эмас. Ундан олдин бўларди. Охирги икки элчи келгандан бери бунақа ҳолат йўқ. Менинг фикримча¸ уларда Мюррей билан бўлган воқеанинг қандайдир таъсири бўлган бўлиши мумкин. Улар эҳтиëткорроқ бўлиб қолишган деса бўлади, дейди Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи раҳабари Суръат Икромов.

Ўзбекистон билан Британия ўртасидаги алоқалар бошқа Ғарб давлатлари билан бўлгани каби Андижон воқеаларидан кейин анча совуқлашиб қолган эди.

Ёшлиги Ливанда ўтган ва мусулмон дунёси билан яхши таниш бўлган янги элчи Руперт Жой ўз дипломатик фаолияти давомида Яман, Саудия Арабистони, Марокаш ва Ироқда хизмат қилган.

Британия ташқи ишлар вазирлигида 1990 йилдан бери ишлайди ва Ўзбекистонга юборилишидан олдин Форин офисда Жанубий Америка мамлакатлари бўлими бошлиғи, ундан аввал эса 2005 йилда Ироқнинг Басра шаҳрида Британия Бош консули ўринбосари лавозимида ишлаган.

Британия элчихонаси расмийси Кудрявцевнинг Озодликка айтишича, катта дипломатик тажрибага эга элчи Руперт Жой икки томонлама яқин алоқалар ва ҳамкорликни ривожлантиришни ўзи учун устувор масала, деб белгилаб олган.

Суҳбатдошимиз, шунингдек, ишонч ёрлиғи топширилгач¸ Озодлик тингловчилари учун элчи жаноблари билан суҳбат уюштириб беришни ҳам ваъда қилди.
XS
SM
MD
LG