Линклар

Шошилинч хабар
05 май 2024, Тошкент вақти: 04:09

Шинжонда Жумъа намози таъқиқланди


Шинжондаги уйғурларга бугун Жумъа намози ўқиш учун Жомеъга келмаслик, ибодатларни уйда адо этиш тавсия қилинган.
Шинжондаги уйғурларга бугун Жумъа намози ўқиш учун Жомеъга келмаслик, ибодатларни уйда адо этиш тавсия қилинган.

Хитой расмийларининг Шинжон Уйғур мухториятида 10 июл куни Жумъа намозлари ўқилмаслиги ҳақдаги буйруғига қарамай¸ айрим масжидларда намоз ўқилган.

Урумчидан олинган хабарларга мувофиқ, масжидлар ёпилган ва мусулмон уйғурларга ўз уйларида ибодат қилишлари кераклиги айтилган.

Аммо кейинги хабарларга кўра¸ Хитой раҳбариянинг Шинжон мухтор ўлкасида масжидларни ёпиш тўғрисидаги қарорига қарамай бугун ўлкадаги бир нечта масжидда жума намози ўқилди.

Хабарларга кўра, Урумчи шаҳрида намозхонлар жума намозини ўқиш учун масжидлар олдига тўпланган ва расмийлар масжидларнинг очилиши розилик берган.

5 июл куни Урумчида Хитой расмийлари "тартибсизлик", уйғур миллий озодлик ҳаракати вакиллари эса "қатағон сиёсатига қарши ғалаён" сифатида баҳолаётган этник тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, камида 156 киши ҳалок бўлди, 800 дан зиёд киши жароҳатланди. Уйғурлар ва ханлар ўртасида бўлиб ўтган тўқнашувда полиция 1,5 мингга яқин кишини ҳибсга олди.

Тўқнашув 6 июл куни ҳам давом этди: бу сафар ханлар уйғурлар яшайдиган мавзе ва корхоналарга ҳужум қилдилар.

Бу воқеа жаҳонда катта резонансга эга бўлди. Ҳатто Урумчи воқеаларининг БМТ Хавфсизлик кенгаши йиғинида кўриш масаласи ҳам кўтарилди. Аммо расмий Пекин бунга ўзининг кескин норозилигини билдирди.

- Шинжондаги тартибсизликлар мутлақо Хитойнинг ички ишидир, уни БМТ Хавфсизлик кенгашида муҳокама қилишга ҳеч қандай асос йўқ, деди 9 июл куни Хитон Ташқи ишлар вазирлиги расмийси Цинь Ган.

Хитой расмийлари якшанба куни Урумчида чиққан норозилик намойиши ва зўравонликлар учун хориждаги уйғур гуруҳлари, хусусан, Вашингтонда жойлашган Америка уйғурлари уюшмаси раҳбари Робия Қодир хонимни айблади.

Аммо Робия хоним Хитой расмийларининг бу айбловини инкор қилади.

- Халқнинг ҳақли ва тинчлик билан олиб борган намойишини Хитой ҳукумати тартибсизлик¸ тўполон деб туриб бостирди. Бу қонли воқеаларни Робия Қодир пайдо қилди¸ деди. Мен бу намойишни ҳаргиз ташкил қилганим йўқ. Бу намойишни Хитойнинг ўзи келтириб чиқарди.

Хитой ҳукумати 60 йил давомида фақат уйғурларга эмас, уйғур, ўзбек, қозоқ, қирғиз каби туркий миллатларга зулм қилди, минглаб¸ ўн минглаб одамларни қамоққа ташлади, бесўроқ йўқ қилиб юборди. Халқ ҳозир дунëдаги демократияни тушуниб етгандан кейин ҳақ-ҳуқуқини сўраб чиқди. Буни мен режалаштирганим йўқ.

Хитой ҳукуматининг Гуандонг воқеаси билан Хитой миллатчилари билан уйғурларга ўзининг ҳукумат сиëсатидаги зулмини оширганига, Хитой миллатчиларининг зулмига ва ирқий камситишларига бардош бера олмаган уйғур халқи намойиш қилиб чиқди.

Бу қонли воқеани Хитой коммунист ҳукумати ва Шинжонг ҳокими Нур Бекрининг устига илиш керак. Улар ўзларининг манфаати учун¸ ўзларининг мансаби учун икки миллатни бир-бири билан уриштирди.

Бу зўравонлик ҳаракатининг майдонга чиқишини мен ва Дунë уйғур қурултойи ҳаргиз хоҳламайди.

Си-Эн-Эн телеканалига бир мухбир ҳозиргина “Бир куннинг ичида 1000 дан ортиқ ўқ отилди, камида 500 уйғур ўлди” деб хабар берибди. Уйғурларни махсус тутиб ўлдиришаяпти¸ деди уйғур миллий озодлик ҳаракати етакчиларидан бири Робия Қодир хоним Озодлик билан суҳбатда.

Айни пайтда Урумчи коммунистлари етакчиси Ли Жи уйғурлар ва ханлар ўртасидаги тўқнашувлар учун масъул бўлган шахсларга ўлим жазоси берилиши ҳақида огоҳлантирди.

Сўнгги маълумотларга кўра, Урумчи кўчалари полиция нарядлари томонидан қўриқланмоқда, кўчаларда кўплаб полиция техникаси, жумладан, бронетранспортерлар териб ташланганини кузатиш мумкин.

Айни пайтда, Урумчидаги манбаларнинг қайд этишларича, шаҳардаги вазият юзаки қараганда тинчдай кўринса-да, пойтахтнинг айрим туманларида уйғурлар ва ханлар ўртасида кичик тўқнашувлар бўлиб ўтмоқда.

Шу кунда Урумчи кўчаларида аҳолини тинчликни сақлашга чақирувчи ташвиқот машиналари айланиб юрганини ҳам кузатиш мумкин. Ташвиқотчилар Хитой расмийларининг мусулмонларга Жумъа намозини Жомеъларда ўқишларини таъқиқлаши ҳам навбатдаги провокацияга йўл очмаслик мақсадида кўрилаётган чораси сифатида уқтириш уринмоқдалар.

Кузатувчилар эса бу чора тескари эффект бериши мумкинлигини, ўзини диний ҳақлари чекланаётгандек ҳис қилган уйғур мусулмонлар Хитой расмийларининг Жумъа намозини таъқиқлаш чорасидан янада жунбушга келиши мумкинлигини инкор қилмаяптилар.

Кузатувчилар фикрича, балоғатга етган, оқил ва муқим ҳар бир мусулмон эркак учун вожиб ҳисобланмиш Жумъа намозини таъқиқлаш орқали Хитой расмийларининг ўзлари навбатдаги провокацияга йўл очишлари эҳтимолдан ҳоли эмас.
XS
SM
MD
LG