Линклар

logo-print

Бахт - қаноатдадир

  • Фаррух Юсуфий

Инсоннинг ўз ҳаëтидан қаноат ҳосил қилиш-қилмаслиги¸ унинг моддий вазиятига мутлақ қарам эмас¸ дейишмоқда мутахассислар.

Инсоннинг ўз ҳаëтидан қаноат ҳосил қилиш-қилмаслиги¸ унинг моддий вазиятига мутлақ қарам эмас¸ дейишмоқда мутахассислар.

Ер куррасидаги турли миллат ва элатларнинг нақадар бахтиëрлигини махсус тадқиқ қилган Ғарб гуруҳлари хулосаси мағзини¸ сўфийлардан қолган ана шу қадим нақлга жо қилиш мумкиндек.

Бахтлимисиз?

Яқинда Лондондаги New Economics Foundation ташкилоти эълон қилган ҳисоботга кўра, ўзбекистонликлар бу саволга ҳа, деб жавоб бериши керак.

Ҳар қалай, Happy Planet Index - Бахтли Сайёра индекси, деб номланган ҳисоботнинг умумий хулосалари ёки Бахтли Сайёра индекси харитасига қарасангиз ўзбекистонликлар дунёнинг энг бадавлат мамлакатида яшайдиган америкаликлардан анча бахтлироқ, деган таассуротга боришингиз мумкин.

143 давлатни ўз ичига олган рейтингда Ўзбекистон 43чи, АҚШ эса 114 ўринга қўйилган.

Бахтли Сайёра индекси ҳисоботи муаллифларидан бири New Economics Foundation ташкилотининг тадқиқотлар маркази мутахассиси Саамаҳ Абдуллоҳ Озодлик радиосига берган интервьюсида бахтли мамлакатлар индекси қандай ўлчанганига батафсил изоҳ берди.

- Бахтли Сайёра индекси учта қисмдан иборат ва биз ўз хулосаларимизни ана шу учта омилга асосладик.

Биринчиси¸ ўрганилаётган минтақа ёки давлатдаги экологик аҳвол, бу кўрсаткич АҚШда жойлашган тадқиқотчилар томонидан БМТнинг ишлаб чиқариш кўлами, табиий заҳиралар ишлатилишининг самараси, савдо ва атроф-муҳитга оид бошқа маълумотларига асосланган ҳолда ўрганилди.

Иккинчиси¸ умр давомийлиги, бу маълумотлар ҳам БМТдан олинди.

Учинчи омил эса, одамларнинг ўз ҳаётидан қанчалик қониқиши, яъни саломатлиги ва турмуш тарзининг сифати ва ўзларини қанчалик бахтли ҳис этишига оид жавобларига асосланган. Бу маълумотларни жаҳон бўйлаб сўровлар ўтказадиган Gallup ташкилоти ва World Value Survey тадқиқотидан олдик. Ана шу учта кўрсаткични бирлаштириб, Бахтли Сайёра индексини ҳозирладик, дейди тадқиқот муаллифи.

Бахт формуласини аниқлаган олим билан тўлиқ суҳбатга бироздан кейин қайтамиз, ҳозир эса айрим ўзбекистонлик билан телефон орқали ўтказилган кичик сўров мазмунига тўхталсак. Суҳбатдошларимиз:" Сиз бахтлимисиз? Бахт сиз учун нима?" деган саволларга жавоб берадилар.

Биринчи суҳбатдош:

- Мен бу нарса ҳақида ўйлагим келмайди. Бу нарсалар тўғрисида худди 9-10 синф болалари ўйлаши керакдай. Эрталаб уйқудан туришим билан ўзимни бахтли ҳис қиламан. Чунки атрофимда бахтсизлар кўп¸ касаллар кўп¸ ночорлар кўп¸ очлар кўп. Ўшаларга нисбатан аҳволим яхшилигидан ўзимни бахтиëр ҳис қиламан.

Томоғидан сув ўтмаëтганлар қанча¸ юрмаëтганлар қанча¸ фарзанди йўқлар қанча¸ оиласи йўқлар қанча. Ўшаларга нисбатан ўзимни бахтиëр ҳис қилавераман. Барибир ҳамма нарса нисбий тушунчаку. Бунинг номи шукур. Мен буни бахт деб билмайман. Лекин бахтсиз ҳам эмасман.

Иккинчи суҳбатдош:

- Бахтни ҳамма ҳар хил тушунади. Тани-жоним соғ¸ болаларим бор¸ турмуш ўртоғим бор. Шу маънода¸ бахтлиман деб ҳисоблайвераман. Битта оиланинг бекаси бўлиб¸ болаларни тарбиялаб вояга етказиб¸ уларни уйли-жойли қилиб¸ уларни бирор бир касб эгаси қилсам¸ ўзимни бахт эгаси деб ҳисоблайман.

Учинчи суҳбатдош:

- Жуда қизиқ савол бўлдику. Бахтлиман дейдиган тарафларим ҳам бор. Бахтлиман дейишим ҳам мумкин. Бахт бу - мен бу дунëга келдим¸ оила қуриб¸ бешта бола орттирдим¸ уларнинг ҳаммасини ўқитдим¸ ҳаммасини уй-жойли қилдим. Бир умр мактабда ишлаб¸ болаларга билим бердим. Орқамда кўп шогирдлар қолдирдим. Шу жиҳатларни ҳисобга олсак¸ бахтлиман дейишим мумкин.

Лекин рўëбга чиқмаган нарсаларим ҳам кўп. Фарзандларим¸ набираларим ҳаммаси яхши бўлиб¸ ўқимишли бўлиб¸ тарбия топиб¸ соғлом жамиятда яшашини истардим. Шу истакларим ҳам рўëбга чиқса¸ умуман ўзимни бахтлиман деб ҳисоблаган бўлардим.

Тўринчи суҳбатдош:

Озодлик: Мана сиз ўзингизни бахтиëр деб ҳисоблайсизми?

- Ўзбекистондами?

Озодлик: Қаерда бўлишингиздан қатъий назар.

- Тупроқдан ташқарида юрганимга бахтли деб ҳисоблайман. Ўзимни бахтлиман деб ҳисоблайман. Бахт бу – оила аъзоларимнинг тинчлиги¸ сиҳат-саломатлиги. Шуни мен бахт деб ўйлайман. Бахтни энди бойлик билан¸ бошқа билан таққослаб бўлмайди. Оила аъзоларимиз тинч бўлса¸ юртимиз тинч бўлса¸ ҳамма ëқ тинч бўлса¸ шунинг ўзини бахт деб ҳисоблайман.

Бешинчи суҳбатдош:

- Тўғри¸ мен бир пайтлар бахтли эдим. Минг афсуслар бўлсинки¸ мен ўзим мўлжаллаган бахтни топа олганим йўқ. Йўқ. Мен бу гапни Худонинг олдида ҳам айтаман¸ бандасининг олдида ҳам айтаман. Ҳозирги замонни мана кўраяпсиз. Қора нонга аранг қорним тўяди. Пенсияни вақтида бермайди¸ берган пенсияси нормал овқатланишга етмайди. Мана шунақа аҳвол. Мен қандай қилиб оқни қора¸ қорани оқ дея оламан.

Олтинчи суҳбатдош:

- Ҳа¸ Худога шукур бахтли. 84 ëшга кирдим.

Озодлик: Отахон¸ мана сиз бахтлиман деяпсиз. Бахт сиз учун нима?

- Бахт дегани бу – бола-чақанинг кўпайиши¸ уларнинг яхши ҳаëт кечириши¸ ишлаш¸ яхши кун кўриш. Худога шукур¸ мен бахтлиман. Еттита қизим бор¸ тўртта ўғлим бор. 25 та неварам¸ 2 та чеварам бор. Муҳтожлик йўқ¸ Худога шукур.

Еттинчи суҳбатдош:

- Бахтлиман¸ деб айта олмайман. Камчилигимиз ҳам ўзимизга яраша. Мана бу бозор иқтисоди¸ ишсизлик. Бир ўғлим хотини билан Россияда юрибди. Учта фарзанди менга қолган. Ҳам болаларга қарайман¸ ҳам ишлайман. Болаларимнинг ҳаммаси олдимда бўлганида¸ уларнинг ҳаммаси уйли-жойли бўлиб¸ камчилик бўлмай яшаса¸ ўзимни бахтлиман деб ҳисоблардим¸ дейди телефон орқали мурожаат қилганимиз яна бир ўзбекистонлик.

Кичик сўровимзидан аëн бўлишича¸ Ўзбекистонда кимдир ўзини бахтли, деб билади, кимдир ношукрлик бўлмасин учун, “бахтсизман”, демасада, бахт тушунчаси унинг аҳволи, турмуши, борингки руҳий ҳолатига мос эмаслигини айтмоқда.

Ўзи ўзбеклар кўп шукрли халқ, бахтлимисиз, ҳаёт қалай, деб сўрасангиз, шукур, тирикчилик ўтиб турибди, деб жавоб беради.

Лекин Сиз азиз муштарий, Бахтли Сайёра индексининг Ўзбекистон дунёдаги энг бадавлат Америкадан кўра бахтлироқ юрт эканига оид хулосасига ишонқирамаётган бўлсангиз керак. Камина ҳам аввал, бу тадқиқотчилар Ўзбекистон ёки рейтингда 34чи ўринга қўйилган Тожикистонга бориб кўрмаган бўлса, қаердадир адашган бўлиши керак, деган хаёлга борди.

Тадқиқотчи Саамаҳ Абдуллоҳ билан суҳбат давомидан бахтли сайёра манзарасининг қолгани тиниқлашди.

-Афсуски, Бахтли сайёра харитасини бироз нотўғри талқин қилибсиз. Бизнинг тадқиқотимиз¸ ўзбекларнинг бахтли экани эмас¸ балки уларнинг жуда кам миқдордаги ресурслар, яъни ночор шароит эвазига, бугунги ҳаёт тарзини кечираётганини англатади. Бундан ташқари, Ўзбекистон 100 баллик ўлчовдан 50 балл олди¸ холос ва буни ҳам жуда яхши кўрсаткич деб бўлмайди.

Лекин бахт харитасида Ўзбекистоннинг аҳволи АҚШ, Британия ёки Ғарбдаги бошқа давлатлардагидан яхшироқ эканини қандай изоҳласа бўлади, сўраймиз яна тадқиқотчидан.

- Қўшма Штатлар 100 баллдан 30 балл олди. Лекин бу Америка ёки Ўзбекистонда яшаётган одамларнинг қанчалик бахтли эканини кўрсатмайди.

Агар масалан, мендан Британияда яшашни истайсанми, ё Ўзбекистондами, деб сўрасангиз, албатта Британияни Ўзбекистонга алишмайман. Тўғри, америкаликлар ҳаёти ва турмушининг сифати жуда юқори, лекин улар бунга жуда катта ресурсларни сарфлаш эвазига эришади. Агар дунёдаги барча халқлар америкаликлардек исрофгарчилик қилганда эди, тўртта Ер сайёрасининг заҳиралари ҳам етмас эди! Бошқа томондан ҳамма ҳам ўзбеклардек камхарж бўлганида, табиий ресурслар тақчиллиги, иқлим ўзгариши каби муаммолар бўлмас эди¸ дейди Бахтли сайëра муаллифларидан бири.

Демак, бу ерда гап америкаликларнинг бахтсизлиги эмас, балки уларнинг егани олдида, емагани кетида қабилида талтайиб ҳаёт кечираётганида эканда?

- Худди шундай, америкача ҳаёт тарзини ана шундай изоҳлаган бўлардим. Улар шунча ресурсларни ишлатганига қарамасдан, масалан, камтарроқ ҳаёт кечирадиган немислардан кўра бахтлироқ эмас, дейди Ер курраси бўйлаб бахт тақсимотини ўрганган олим.

Яна Ўзбекистонга қайтсак. Демак, бахт формуласи учта омилга асосланган ҳолда ишлаб чиқилган.

Булар экологик шароит, умр давомийлиги ва одамларнинг ўз турмушидан қанчалик қаноат қилишидир.

Биринчи омил, яъни ўзбекларнинг тирикчилик учун камига ҳам кўниб яшайверишини аниқлаб олдик, иккинчиси ҳам аниқ, БМТ маълумотларига кўра, ўзбекларнинг ўртача умр давомийлиги 67 йилдан сал камроқни ташкил қилади. Америка бу кўрсаткич бўйича Ўзбекистондан олдинроқда, у ерда одамлар ўртача 80 йил умр кўришади.

Энди учинчиси омилга келсак - ўзбеклар ўз ҳаётидан қанчалик мамнун?

-10 баллик ўлчов бўйича ўз ҳаётингиздан қониқиш даражасига қандай баҳо берардингиз, деган саволга ўзбеклар ўртача олти балл берди. Бу ўртадан юқори, лекин дунё бўйлаб ўртача кўрсаткичдан пастроқдир. Аслида, бахт ҳақида гапирганда, ўзбекистонликлар, аксарият халқлардан бахтсизроқдир. Лекин айтиб ўтиш керак, буларнинг ҳаммаси ресурсларнинг ишлатилиш кўламига боғлиқ, дейди тадқиқотчи.

Хўш одамзот бахтли бўла оладими, бунинг учун нима қилиш керак?

- Ҳа, шубҳасиз, бахтли бўла олади. Албатта, бунда кўплаб қийинчиликлар бор. Тадқиқотдан шу нарса маълум бўлдики, ер куррасига зарар етказмасдан ҳам бахтга эриши мумкин экан. Одамлар бугунгидек исрофгарчиликларсиз ҳам яхши ҳаёт кечириши мумкинлигига амин бўлдик.

Оддий бир мисол, Италия шимолидаги бир шаҳарча аҳолисининг жуда камтарона, лекин жуда бахтли ҳаёт кечираётганини, ҳаётидан мамнун ва саломатлиги жуда яхши даражада эканини кўрдик. Бошқа томондан, катта сарф-харажатлар эвазига тўкин-сочин ҳаёт кечираётганларнинг ўз ҳаёти ва саломатлигидан қониқмаётганини ҳам кўрдик¸ дейди New Economics Foundation ташкилотининг тадқиқотлар маркази мутахассиси Саамаҳ Абдуллоҳ.

Демак бахт пулда эмас эканда?

-Қайсидир маънода тўғри, албатта¸ пул одамнинг бахтига ҳисса қўшиш мумкин, лекин асосий омил эмас. Пулингиз бўлмаса, албатта ўзингизни бахтсиз ҳис этасиз. Лекин бой-бадавлат одамларнинг бошқалардан бахтлироқ эмаслигини кўрсатувчи маълумотлар ҳам сероб.

Бойликка учган, моддий ҳаётни, тўкин-сочин турмуш тарзи, ҳашаматли ховлилару, қиммат машиналарни ўзининг ягона мақсади қилиб олиб, оиласини эсдан чиқарган, масалан, фарзандларини ўқитиш ёки бошқа маънавий жиҳатларни эътиборсиз қолган одамларнинг охир-оқибат бахтсиз қолганини кўрдик. Яъни пул бахтга элтувчи йўл эмаслигини хулоса қилсак бўлади, дейди Бахтли Сайёра индекси ҳисоботи муаллифларидан бири New Economics Foundation ташкилотининг тадқиқотлар маркази мутахассиси Саамаҳ Абдуллоҳ.

Бахт мавзусига оид суҳбатимизни Интернет саҳифамизга муштарийларимиздан бири қолдирган шарҳ билан якунламоқчимиз.

"Ўзбекча тўй - кимга томоша, кимга ўй" мақоласига ўзини “Мурот”, деб таништирган муштариймиз:

"Менинг акам тўйга 81 минг АҚШ долларини сарфлаб, бугун бошини чангаллаб, пушаймон бўлиб ўтирибди.

Акамлар Минфинда оддий бир ишда ишлайди, оиласи ҳам ўртаҳол. Тўй ҳам шов-шув бўлмади. Биласизми, акам бу пулни бир тийинлаб йиқаан эди. Ўртада битта квартира ҳам сотилиб кетди. Лекин қатордан қолмаслик учун бу харажатларни қилишга мажбур бўлди", деб ёзади тошкентлик Мурот исмли муштариймиз.

Пул топиб¸ ақл топмаган¸ янаям аниқроғи¸ пул топиб бахт топмаган ўзбекнинг бундан-да тиниқроқ суратини топиш қийин бўлса керак.

Нима дедингиз?
XS
SM
MD
LG