Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 01:55

Тавилдара яна нотинч


Тяншан тоғ тизмасида жойлашган Тавилдарага элтувчи йўлнинг¸ шу кунларда ëпиб қўйилгани айтилмоқда.
Тяншан тоғ тизмасида жойлашган Тавилдарага элтувчи йўлнинг¸ шу кунларда ëпиб қўйилгани айтилмоқда.

Аввалига тожик мужоҳидлари¸ сўнгра Ўзбекистон исломий ҳаракати жангариларига макон бўлган Тавилдарада¸ шу кеча-кундуз яна ўқ овозлари янграётгани айтилмоқда.

Тожикистон шарқидаги Тавилдарада қуролланган бир гуруҳ милиция постига қуролли ҳужум қилгани борасида Азия-плюс ва Ройтерс ахборот агентликлари хабар тарқатди.

Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг юқори лавозимли ходими қуролланган гуруҳ 9 июл куни Тавилдара милиция постига ҳужум уюштиргани ҳақида Ройтерс ахборот агентлигига маълум қилган. У ҳужумчиларнинг 15 нафар экани ва уларнинг наркогуруҳлар ёки экстремистик гуруҳлар вакиллари бўлиши мумкинлигини таъкидлаган.

Аммо Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ва бошқа тегишли идора масъуллари биз билан ўзаро суҳбатда бу хабарларни тасдиқлаганлари йўқ.

Расмийларнинг таъкидлашича, республикада “Кўкнор-2009 ” махсус амалиёти давом этмоқда ва бу отишмалар ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси билан шуғулланадиган шахсларни қўлга олиш тадбири чоғида юз берган бўлиши мумкин.

Бироқ туман атрофидаги Чилдара, Лангар, Миёнад қишлоқлари аҳолиси микрофонсиз суҳбатда чор-атрофда тинимсиз ўқ овозлари эшитилаётганини ва аскарларни ташиётган ҳарбий машиналарни кўрганларини айтмоқдалар.

Уларга кўра, ҳозирда Тавилдаранинг ҳарбийлар маконига айлангани кузатилади.

Тавилдарадаги отишмаларга сабаб бўлаётган шахсларнинг кимлиги номаълум қолаётган бир пайтда республика Ички ишлар вазирлигининг Рашт туманида ташкил этилган уюшган жиноятчиликка қарши кураш бўлими собиқ масъулларидан бири Олим Одилов ўтган кечада ҳукумат кучлари билан собиқ тожик мухолифат лидерларидан бири Мирзо Зиёевга тегишли гуруҳ ўртасида учта қуролли тўқнашув бўлиб ўтганини маълум қилди.

- Зиёев гуруҳи Тавилдара ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳар соатда музокара ўтказиб турган эди. Маълумотларга кўра, тунги соат 3 да улар орасида отишма юз берган, лекин неча соат давом этгани номаълум. Қурбонлар ва яраланганлар бор. Лекин 9 июлда қуролли тўқнашув жуда шиддатли тус олган, жанглар эрталабдан кечки соат 5 ларгача давом этган. Мирзо Зиёев уч-тўртта фронт ташкил қилган.

Шу вақтгача ҳукумат позициясини қўллаб турган Мирзо Зиёевнинг нега бехосдан оппозиция томонига ўтиб олгани биз учун тушунарсиз. У ҳатто мазкур қуролли тўқнашувларда бевосита қатнашаётир, деди собиқ милиция ходими.

Шунингдек, Олим Одилов ички низолар чоғида орттирган тажрибасига таянган ҳолда Рашт туман ички ишлар бўлими ходимлари билан ҳамкорликда иш олиб бораётганини ва бундан мақсад Тавилдарадаги қуролли тўқнашув республика бошқа ҳудудларига тарқалиши олдини олиш эканини билдирди.

Суҳбатдош сўнгги икки кечада юз берган қуролли тўқнашувлар сабаби ҳамда Мирзо Зиёев гуруҳларининг бундан мақсади ўзи учун қоронғу эканини маълум қилди.

Озоди радиосининг Рашт туманидаги мухбири Маҳмуд Шодийнинг хабар қилишича, 9 июл куни ўша ҳудуддаги “Сарижар” пости вакиллари пойтахтдан Тоғли Бадахшон вилоятига сафарга отланган фуқароларни Тавилдарадаги нотинчликлар сабабли ортга қайтарган.

Шодийга кўра, йўловчи ташувчи саккизта машина ортга қайтарилган.

Тавилдара Бадахшон вилоятининг маркази Хоруғни пойтахт Душанбе билан боғлайдиган йўл ёқасида жойлашган.

Мазкур туман Тожикистондаги фуқаролар уруши йилларидан буён тожик расмийларининг диққат марказида бўлиб келади. Кузатувчилар бунинг сабабини исломий мухолифатнинг собиқ лидерлари ҳозирда ҳам бу ҳудудда яшаётганлари билан изоҳлашади.

Уларга кўра, Тавилдаранинг доимий диққат марказида бўлишининг бошқа бир сабаби унинг ўтмиши Ўзбекистон исломий ҳаракати билан боғлиқлилигидир.

Маҳаллий кузатувчиларнинг қайд этишларича, Тожикистондаги нотинчлик йилларида бу мамлакатдаги Ислом уйғониш партияси масъуллари Жума Намангонийга Тавилдарада қўмондонлик қилиш вазифасини таклиф қилган.

Кузатувчи Маҳдий Собирнинг гапига қараганда, ўтган асрнинг 90-йиллари охири ва 2000 йиллар бошигача Ўзбекистон исломий ҳаракати жангарилари Тавилдарада ҳаракат қилиб, унинг атрофидаги Ғарм, Жирғатол, Ҳоит ва Тожикободни ўз назоратига олган.

1997 йилда Тожикистонда тинчлик ўрнатилгани сўнг орадан 12 йил ўтгач, Тавилдарада вазият яна кескинлашаётгани борасида хабарлар тарқалмоқда.

Тавилдарада беқарорлик шамоли эсаётгани борасидаги бу хабарлар шу йил 2 июнида турли ахборот агентликлари нашрларида ёйинланиб, уларда тожик мухолифатининг собиқ лидерларидан бири – яқин-яқингача Покистонда юрган мулло Абдулло ўз гуруҳи билан Тавилдарадаги қишлоқларга қайтаётгани айтилган эди.

8-9 июл кунлари Тавилдарадаги номаълум қуролли гуруҳлар билан ҳукумат аскарлари тўқнашувларига доир хабарларни Тожикистон расмий идоралари тасдиқламаётгани баробарида расман рад ҳам этмаётир.
XS
SM
MD
LG