Линклар

logo-print

Самарқанд ташқи дунëдан узиб қўйилди


Ҳозирча Самарқанднинг интернет ва Россия телеканалларидан мосуво қилингани ортидаги сабаб қоронғулигича қолмоқда.

Ҳозирча Самарқанднинг интернет ва Россия телеканалларидан мосуво қилингани ортидаги сабаб қоронғулигича қолмоқда.

7 июлдан бошлаб Самарқанд шаҳрида интернет кафелар ишламаяпти. Шунингдек, айнан шу кундан бошлаб шаҳарда Россия телеканаллари трансляцияси ҳам¸ҳеч қандай изоҳсиз¸ тўхтатиб қўйилган.

Айрим самарқандликлар¸ кейинги уч–тўрт кун ичида ўзларини ташқи дунёдан узиб қўйилгандай ҳис қилишмоқда.

Самарқандлик Пардақул Тўрақулов интернетдан доимий фойдаланувчилардан бири. Лекин Пардақул ака 7 июлдан буён шаҳардаги интернет кафелар ишламаётгани боис¸ интернетга кира олмаётганини айтади.

Пардақул Тўрақулов: 7 июл куни соат 16.00 лар атрофида мен интернетга кира олмадим. Мен электрон почтамни текширмоқчи эдим. Шундан бери интернетга кирганим йўқ. Интернет нимага ишламаëтганини сўраганимда¸ интернет кафедаги ходимлар “Интернет Тошкентдан ўчирилган. Самарқанд бўйича ишламаяпти” дейишди.

Озодлик: Пардақул ака¸ нима учун ўчирилганини айтишдими?

- Йўқ. Улар “Тошкентдан ўчирилган” деди холос¸ лекин нима учун ўчирилганини айтишгани йўқ¸ дейди Пардақул Тўрақулов.

Самарқандлик Комилжон Ашуров ҳам интернет алоқасиз қийналаётганини айтади.

- Икки-уч кундан бери Самарқанд марказидаги мен кириб юрадиган интернет кафеларнинг ҳаммаси ишламаяпти. Баъзиларига профилактика деб ëзган¸ баъзилари умуман гапирмайди. Бугун ҳам мен кирадиган тўрт-бешта интернет кафеларнинг ҳаммаси ëпиқ. Мен ҳозир қаерга бориб почтамни очишни ҳам билмай ўтирибман. Мен бир ҳафтадан бери электрон почтамни очганим йўқ. Албатта ëмон.

Мен почтамга кириб¸ ўзимга тааллуқли кўп ахборотларни оламанки¸ бу ахборотларни менда бошқа жойдан олиш имкониятим йўқ. Мен бир ҳафта-10 кундан бери янгиликлардан умуман хабарим йўқ¸ десам хато бўлмайди. Интернет ëпиқ. Почталаримни оча олмайман. Қийинчилик туғдираяпти, дейди Комилжон Ашуров.

Самарқанддаги интернет кафелардан бири билан телефон орқали боғланганимизда, исмини ошкор қилишни хоҳламаган интернет кафе ходими¸ интернет алоқада муаммо йўқлиги¸ интернет-провайдерларнинг барчаси ишлаëтгани¸ лекин улар кафе биносини таъмирлашаётгани учун вақтинча ишламаётганликларини айтди.

Самарқанддаги бошқа интернет кафелар билан боғлана олмадик. Аммо шаҳардаги барча интернет кафеларнинг бирданига таъмир ишларини бошламаслиги аниқ. Шундай бўлса-да¸ суҳбатдошимиз Пардақул Тўрақулов айтган каби Самарқанддаги интернет хизматининг “Тошкентдан ўчирилган”и борасидаги маълумотни барибир аниқлаш имкони бўлмади.

“Ўзбектелеком” мамлакат бўйлаб интернет-провайдерлар учун каналларни ижарага берувчи миллий алоқа оператори ҳисобланади. Ушбу ташкилот ходимларидан бирининг билдиришича, шу кунларда интернет тармоғида ҳеч қандай муаммомавжуд эмас.

Шу кунларда Самарқандда кузатилаётган иккинчи ҳолат¸ яъни шаҳарда Россия телеканалларининг узиб қўйилишини кабел телевидениеси тармоқ операторлари тан олишди.

Самарқанддаги кабел тармоқларидан бирининг оператори шаҳарда 7 июлдан бошлаб Россия телеканаллари кўрсатилмаётганини оддий профилактика билан изоҳлади:

- Ҳозир кабел тармоғида профилактика ишлари олиб борилаяпти. Шунинг учун Россия телеканаллари ўрнига бошқа каналлар улаб қўйилди. Бу ҳолат 25 июлдан бошлаб яна ўз ҳолига қайтади. Биз ҳар йили бу каби профилактика ишларини олиб борамиз, деди кабел тармоғи оператори.

Лекин самарқандликларга кўра, кабел тармоқларида бу каби ҳолатлар аввал кузатилмаган.

Самарқандда Россия ва бошқа бир қатор хорижий телеканаллар трансляцияси бир неча йиллар аввал йўлга қўйилган бўлиб, томошабинлар эътиборига жами 30 га яқин телеканал дастурлари тақдим қилинади.

Комилжон Ашуровга кўра, аксар самарқандликлар, асосан, Россия телеканалларини томоша қилишади.

- Кўп фуқароларимиз Ўзбекистон томонидан бериладиган расмий ахборотларга ишонмайдиган бўлиб қолган. “Россиянинг баъзи каналларида информация ростроқ¸ тўғрироқ” деб¸ кўплари рус каналларини кўришади, дейди Комилжон Ашуров.

Айтилишича¸ ҳозирда Самарқандда РТР, РТР-Вести, РТР-Спорт, НТВ-Футбол, ТНТ, СТС, ТВ-3, ДТВ ҳамда RU-ТВ каналлари ўрнига мода, юмор каналлари ҳамда инглиз, корейс ва татар тилларидаги бир қанча каналлар намойиш қилинмоқда.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG