Линклар

Урумчидаги ўзбеклар - ҳолингиз қалай?

  • Садриддин Ашур

Мусулмон уйғурларнинг жума намозига тўпланиши олдини олиш мақсадида Шинжондаги масжидларни Хитой армияси ишғол қилди.

Мусулмон уйғурларнинг жума намозига тўпланиши олдини олиш мақсадида Шинжондаги масжидларни Хитой армияси ишғол қилди.

Шинжон минтақасида кескин вазият сақланиб қолаëтган бир кезда Қозоғистон ва Қирғизистон ҳукуматлари Урумчидан ўз фуқароларини олиб чиқмоқда. Тошкентда эса¸ бу борада бирор ҳаракат кўзга ташланмаëтир.

Урумчи шаҳрининг ташқи дунëдан узиб қўйилгани¸ бу ерда на интернет ва на телефон линиялари ишлаëтгани боис¸ бевосита Урумчида бўлган ўзбекистонликлар билан боғланишнинг имкони бўлмади.

5 июлда шаҳарда уйғурлар ва ханлар ўртасида содир бўлган миллий низолардан кейин, Шинжон Уйғур мухтор ўлкаси ташқи алоқадан тамоман узиб қўйилди.

Сўнгги вазиятни эса¸ 9 июл куни Урумчидан Душанбега қайтган Қурбон исмли тижоратчидан олишга уриндик:

- Кеча биз жўнашимиздан олдин Урумчига жуда катта Хитой армияси ташланганининг гувоҳи бўлдик. Шаҳарда кечқурун 19.00 дан эрталаб 08.00 гача комендантлик соати жорий қилинган. Тўполонлар бошланган кундан буён иш тўхтаган, бозорлар ёпиқ. Бизга меҳмонхонадан ташқарига чиқишга рухсат беришмади, дейди Қурбон.

Унинг сўзларига кўра, собиқ иттифоқ давлатларидан келган барча тижоратчилар меҳмонхонадан ташқарига чиқарилмаяпти:

- Қозоғистондан, Россиядан, Озарбайжондан, Ўзбекистондан тижоратчилар жуда кўп эди. Улар ҳам вазият тинчишини кутиб¸ меҳмонхоналарда ўтиришибди, дейди Қурбонбой.

Суҳбатдошимизнинг айтишича, уларнинг самолётга чипталари борлиги учун ҳам аэропортга чиқишларига рухсат берилган.

Биз бу воқеаларнинг қандай бошланганини Урумчининг ўзидан туриб кузатган Қурбондан сўрадик:

- Бизнинг эшитишимизча, бу воқеалар бошланишига қайсидир бир заводда бир неча нафар уйғур ўлдирилганлиги сабаб бўлган. Уйғурлар 5 июл куни катта норозилик намойиши уюштирганлар. Ўша куни кўп одам ўлган. Эртаси куни ханлар уйғурларни қирғин қилган.

Энди, бу жанжаллар бошланишининг асл сабаби бошқа нарсада. Урумчидаги савдо нуқталарининг ҳаммаси хитойликларнинг қўлида. Раҳбарлик лавозимларини ҳам аксарият ханлар эгаллаган. Уйғурлар ўз ҳуқуқларини тиклаш ва мустақил бўлиш талаби билан кўчага чиқдилар, дейди Қурбон.

Фарғона.ру ахборот агентлиги хабарига кўра, Қирғизистон Ташқи ишлар вазирлиги бу воқеаларда қирғизистонликларнинг жабр кўрмаганига оид баëнот берган. Хитой ҳукуматининг Урумчидаги вазият яхши дейишига қарамасдан, Қирғизистон ҳукумати ўз фуқароларини у ердан олиб чиқиб кетмоқда ва 8 июл куни Бишкекка қирғизистонликлар ўтирган биринчи самолёт келиб қўнган.

Қозоғистон ҳукумати ҳам ўз фуқароларини Урумчидан олиб чиқиш ҳақида қарор қабул қилди. Олинган маълумотларга кўра, 1000 дан ортиқ қозоғистонликлар ватанига қайтиб келган.

Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлигидан Урумчидаги ўзбекистонликлар ва уларнинг тақдири ҳақида маълумот олишнинг имкони бўлмади.

Ўзбекистон ҳаво йўллари ширкатининг маълумотлар бўлими ходимаси эса, Урумчига қатнаётган самолётлар график бўйича учаётгани, ҳали бирорта рейс ҳам қолдирилмаганини айтди.

- Бизда бунақа информация йўқ. Масалан¸ бугун тунги соат 01.00 да Урумчига самолëт учиб кетди. Бизда ҳеч қанақа қолдирилган рейс йўқ¸ дейди Ўзбекистон ҳаво йўлларининг маълумот бўлими ходимаси.

Сўнгги хабарларга кўра, Хитой расмийлари 10 июл куни Урумчи шаҳрида жума намозларини ўқишни таъқиқлаган.

Аммо кейинги хабарларга кўра, Урумчи шаҳрида намозхонлар жума намозини ўқиш учун масжидлар олдига тўпланган ва расмийлар масжидларнинг очилишига розилик берган.

5 июл куни Урумчида Хитой расмийлари “тартибсизлик”, уйғур миллий озодлик ҳаракати вакиллари эса “қатағон сиёсатига қарши ғалаён” сифатида баҳолаётган этник тўқнашувларда, расмий маълумотларга кўра, камида 156 киши ҳалок бўлди, 800 дан зиёд киши жароҳатланган. Мазкур воқеалар муносабати билан полиция 1500 га яқин кишини ҳибсга олган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG