Линклар

logo-print

Пикетчиларни ўзбек дипломатлари қабул қилди


Юсуф Жуманинг яқинлари ва дўстлари то диссидент шоир озод этилмагунича, пикетларни тўхтатмасликка қарор қилган.

Юсуф Жуманинг яқинлари ва дўстлари то диссидент шоир озод этилмагунича, пикетларни тўхтатмасликка қарор қилган.

Жорий йилнинг 7 июл куни ўзбекистонлик саккиз нафар мухолифат фаоли ва ҳуқуқ ҳимоячиси диссидент шоир Юсуф Жума озод қилинишини талаб қилиб, Вашингтондаги Ўзбекистон элчихонасини пикет қилдилар.

Пикетнинг иккинчи куни элчихона вакиллари пикет иштирокчиларини қабул қилиб¸ уларнинг талабларини ўрганишни ва ижобий ҳал қилишларини таъкидлаганлар.

Биз пикетда қатнашган Юсуф Жуманинг рафиқаси Гулнора Олтиева билан суҳбатда бўлиб¸ элчихона ходимлари билан бўлган учрашув тафсилотларини ўргандик.

Гулнора Олтиева: Биз Германия ва Швеция элчихоналари билан бир қаторда Ўзбекистон элчихонасининг олдида ҳам пикет ўтказдик. 7 июл куни соат 13.00 дан бошлаб пикетни бошладик. Ўша жойда (Ўзбекистон элчихонасининг олдида демоқчи – таҳр.) кечқурун ҳам пикет бўлди ва пикет эртаси куни соат 11.00 ларгача давом эттирилди.

Озодлик: Пикетдаги асосий талаб нима эди?

Гулнора Олтиева: Биз Юсуф Жумаевга нисбатан қийноқларнинг тўхтатилишини¸ унинг зудлик билан озод қилинишини талаб қилиб чиққанмиз.

Бизни соат 11.00 лар чамасида Ўзбекистон элчихонасига таклиф қилишди. Биз саккиз киши пикет қилаëтган эдик. Биз саккиз киши қўл қўйиб хат ëздик.

Хатда Юсуф Жумаевга нисбатан қийноқлар тўхтатилиши кераклигини¸ Юсуф Жумаев озод қилиниши кераклигини ва агар озод қилинса¸ биз пикетни тўхтатишимиз ҳақида ëздик. Биз хатни бердик. Бизни элчихона ходими илиқ кутиб олди.

Мен: “Элчи қаерда?” десам¸ элчихона ходими: “У киши Ўзбекистонга кетган. Сизнинг талабларингизни мен олиб қоламан ва элчига етказаман. Ишонтириб айтаманки¸ ижобий натижа беради. Юсуф Жумаевни озод қилишда биз ҳам қўлимиздан келгунча ëрдам берамиз. Ҳаракат қиламиз”, деб айтди.

Озодлик: У киши Юсуф Жума ҳақида биларканми?

- Мен кирган пайтда хатни бердим. У хатни ўқиди ва “Гулнора опа¸ сизларнинг ишларингиз билан Ўзбекистон ҳозир ҳам ишлаяпти. Худо хоҳласа, умид қиламизки¸ яхши натижа бериб қолади” деб, Юсуф Жумаевни танишлигини ва уни озод қилишга Ўзбекистон элчихонаси ëрдам беражагини айтди.

Агар биз берган талаблар Ўзбекистон элчихонаси айтганидек, ижобий ҳал бўлса¸ ҳеч қанақа пикетга ҳожат қолмайди.

Агар ижобий ҳал бўлмаса¸ биз август ойига роса катта пикет тайëрлаяпмиз. У бутунлай бошқача пикет бўлади. Юсуф акам озод бўлмагунича¸ пикетлар¸ очликлар тўхтатилмасдан қилинаверади, деди Юсуф Жуманинг рафиқаси Гулнора Олтиева.

2007 йил 10 декабрида диссидент шоир Юсуф Жума ва ўғиллари президент Ислом Каримовнинг истеъфосини талаб қилиб, намойишлар уюштиришди.

2008 йилнинг 15 апрел куни эса Бухоро вилоят суди Юсуф Жумани 5 йилга озодликдан маҳрум этди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG