Линклар

Сабр ва шукур ўзбекнинг доимий таянчи. Сабр - ўзбекнинг юпанчи, шукур - гоҳ овунчи, гоҳ қувончи. Аммо ўзбекнинг зеҳниятига сингиб кетган бу икки аҳлоқий қадрият ўз аслидан узилиб қолгани йўқмикин?

Шошаётувдим. Ўтга чиққан боладай шошаётувдим.

Катта кўчанинг ўртасига отилиб чиқиб, қўлимни кўтаришим биланоқ бир машина ўзини четга олиб тўхтади.

Эшикни очган ўнг қўлим тутқичдан узилиб-узилмай гавдам машина ўриндиғига чўкди.

Гавдам ҳайдовчининг ўриндиғи ёнидаги жойга чўкиб бўлган эса-да, сўл қўлим қандай қилиб эшик кесакисида қолиб кетганини ҳануз тушунолмайман.

Қарс!

Ўша сониягача жоннинг қаердан чиқиб кетишини ўйлаб ҳам кўрмаган эканман.

Билдим: жон эшик билан кесаки орасида қолган бармоқдан, бир зумда қорайишни бошлаган тирноқдан чиқа бошлар экан.

Жон чиқаётган пайтда тилингизга “она” келаркан. Кимнингдир онаси.

"Худога шукур қилинг, тақсир!" деган овоз келди ҳайдовчи томондан.

Ўгирилиб, жилмайиб турган имомни кўрдим. Шаҳарнинг бош имомини.

“Э, келинг, сиз ҳам, шу тобда!” деган зардали гапдан бошқа гап чиқиши мумкинми жон ачиб турган пайтда?!

Имом - оғир одам. Каминанинг тантиқликларига кўникиб кетган. Зардамни ғилт этиб ютди-қўйди.

Кетаяпмиз.

Жон бармоқдан ортга, жой-жойига қайта бошлади.

- Тинчликми, тақсир? Сал эҳтиёт бўлинг-да ахир! Машина уриб кетса, нима бўларди?

- Шуни айтинг домла, деб ғўлдирайман.

Боя беодоблик қилиб қўйганимни энди тушуна бошладим.

- Бармоқ тузалиб кетади. Жонингиз омонлигига шукур қилинг, Худога шукур қилинг!

Имом домла айтган вазиятни тасаввур қилдим: йўлга отилиб чиқдим, чиндан ҳам машина уриб кетиши мумкин эди-ку!

Жон яна лўқиллаб оғриётган бармоққа қайта бошлади. Қўрқиб кетдим.

Ва Худога шукур қилдим. Кўнглим таскин топгандай бўлди. Бироздан сўнг ўша таскинни тўла топди.

Ўзбек Худонинг энг миннатдор бандаси.

Ўлим тўшагида ётган бемордан ҳол сўраганингизни эсланг.

“Худога шукур, яхшиман”, дейди.

Тирикчилигини зўрға ўтказаётган қашшоқдан ҳол сўраганингизни эсланг.

“Худога шукур, қора қозонда ёвғонимиз қайнаб турибди”, дейди.

Яқинда мен фарғоналик Аҳад дорбоздан ҳол сўрадим.

- Қамалиб ҳам чиқдик бунинг орқасидан. Бу ишларни хўп кўрдик энди, Худога шукур, бу ҳам ëмон эмас, дейди Аҳад дорбоз.

Мухолифатга қўшилгани учун учун қамалганини эслаб, Худога шукур қилаяпти дорбоз.

“Қамалиб ҳам чиқдик бунинг орқасидан. Бу ишларни хўп кўрдик энди, Худога шукур бу ҳам ëмон эмас”.

Қизиғ-а?!

Хўш, шукроналикнинг бу қадар чексизлиги илдизи нимада?

Бу савол анчадан бери ўйлантириб келади. Тушунгим келади.

Келинг, бугун биргаликда тушунишга ҳаракат қилиб кўрайлик.

Бу иш учун бир социолог олим, диний олим ҳамда шоир билан суҳбатлашганман.

Нима учун айнан бугун?

Гап шундаки, куни кеча Лондондаги New Economics Foundation ташкилоти ўзининг “Бахтли Сайёра индекси” ҳисоботини эълон қилди.

Тадқиқот муаллифлари "ўзбекистонликлар дунёнинг энг бадавлат мамлакатида яшайдиган америкаликлардан ҳам бахтлироқ" деган хулоса чиқарибди.

Лондонлик олимлар 143 давлатни ўрганган. Энг бахтлилар биринчи ўринда, энг бахтсизлар эса 143-ўринни эгаллаган.

Ўзбекистонликлар биринчи элликталикда – 43-чи ўринда, АҚШ аҳолиси эса 114-ўринда.

Бу тадқиқотнинг юзасидаги гап. Бунинг изоҳини тадқиқот муаллифларидан бири Саамаҳ Абдуллоҳ айтди.

- “Бахтли сайёра харитаси”ни бироз нотўғри тушунибсиз. У ўзбеклар бахтли эканини эмас, балки улар жуда оз ресурслар, ночор шароитларга қаноат қилиб ҳаёт кечираётганини англатади, дейди Саамаҳ Абдуллоҳ.

Унинг бу гапини ўзбекчага таржима қилсак, барибир боядан бери айтаётганимиз фикр келиб чиқади: ўзбек борига шукур қилади, зорланмайди, демак бахтли.

Худога яна бир бор шукур!

Социолог олим Камолиддин Раббимов шукроналикнинг Исломдаги сабр ақидасидан келиб чиқишини эслатади.

Камолиддин Раббимов: Ўтмишда сабр ақидаси мутлақлаштирилган. “Нон бор-ку, сув бор-ку, қолганига сабр қилавер”. Қўпол равишда мана шунга ўхшаган фикрлаш халқнинг зеҳниятига, халқнинг тафаккурига ҳаддан ташқари кучли сингдирилган.

Озодлик: Ким сингдирган?

- Биласизми, буни диний уламолар орқали давлат раҳбарлари, хонлар, беклар ва султонлар мана шундай тафаккурни мустаҳкамлашга ҳаракат қилган. Мана, Ислом динида тўртта мазҳаб ("Аҳли сунна вал жамоа"ни назарда тутаяпти - таҳр.) бор. Тўртта фиқҳий мактаб бор.
Ҳанбалийликда адолат учун кураш жуда ҳам юқори ўринга қўйилади. Пайғамбаримиз (с.а.в) нинг ҳадисларининг аҳамияти нуқтаи назаридан таснифлаб чиққанида, “Энг катта жиҳод золим подшо олдида айтилган ҳақ сўздир” деган ҳадис ҳанбалийлик мазҳабида юқори қўйилган.

Имоми Аъзам мазҳабида эса “Подшонинг ҳеч қачон қаршисига чиқмагин. Нимага деганда, унинг армияси бор, унинг жангчилари бор. Сени хонавайрон қилади” деган тафаккурдан келиб чиқиб, ҳукмдорларга бўйсундириш тафаккури шакллантирилади.

Саҳиҳ бўлмаган ҳадислар ҳаддан ташқари бўрттирилган. Дейлик, “Подшо Худонинг ердаги соясидир” ва шунга ўхшаш. Аслида бу умуман саҳиҳ ҳадис эмас. Лекин мана шундай ҳадислар ҳаддан ташқари бўрттирилиб, миллий тафаккурнинг ядросига айлантирилган дейишимиз мумкин.

Ҳар қандай вазиятга, ҳар қандай қийинчиликка сабр қилиш ва шаклланган вазиятга шукур қилиш Марказий Осиëдаги, айниқса, Ўзбекистондаги инқирознинг сабабларидан биттаси, деб ўйлайман, дейди Камолиддин Раббимов.

Камолиддин Раббимов билан суҳбатга яна қайтамиз.

Шу ўринда социолог олим айблаётган диний уламолар вакилидан ҳам эшитсак. Камолиддин Раббимовдан эшитганимиз мулоҳазага изоҳни Обидхон қори Назаровдан сўрадик.

Озодлик: Камолиддин Раббимов “Сабр бизнинг мазҳабимизда жуда кучли уқтирилган”, деб айтди. Балки шундан бошлармиз. Бизнинг мазҳабда сабр ақидаси қанчалик?

Обид қори Назаров: Сабр масаласида мазҳаблар ўртасида унча ҳам катта фарқ бор, деб айтиш тўғри эмас. Сабр – бу аввало инсон хулқи, ахлоқига тааллуқли масала. Яъни Исломда ахлоқ, хулқ бу барча мазҳаблар учун умумий тарздаги тушунча. Сабр – Аҳли сунна вал жамоа мазҳабларининг ҳаммаси учун бир хил маънода талқин қилинади.

Сабр – маълумки, арабча калима. Унинг луғавий маъноси бўлади, истилоҳий маъноси бўлади. Сабр сўзининг ўзини ҳибс қилиш, сақлаш, ушлаш, тўхтатиб қўйиш деган маънолари бор. Луғавий маъноси ўзини ўзи ушлаб туриш, яъни нолойиқ бўлган ҳаракатлардан, сифатлардан ўзини тўхтатиш, деган маънони билдиради.

Бу инсон учун яхши хислатлардан ҳисобланади. Ҳар бир инсонда сабр бўлиши керак. Оллоҳнинг исмларидан бири Собур. Бу бандалар учун ҳам ибрат ва бандаларни ҳам сабрли бўлишга чақирган, чунки ўзбек халқи ҳам “Сабрнинг таги олтин” дейди.

Озодлик: Аслида бу масала “Худога шукур”дан бошланди-да. Менинг гапларим даҳриëна эшитиладиган бўлса, хафа бўлманг. Ҳар нарсага Худога шукур қилавериш олға интилишга рағбатни йўқотиб қўймасмикан? Масалан, мардикор ҳам бир кунлик иш ҳақини топса, “Худога шукур, мана тўртта нон олиб келдим” деб қўяди-да. Ўша рағбатини сўндириб қўярмикан, шу нарса жуда кучлимасмикан, деган мулоҳазадан келиб чиққан гап-да бу.

- Ҳар бир яхши хислатнинг меъëри бўлади. Уни ишлатиш услуби бўлади. Исломда яхши хислат бу фақат сабрдангина иборат эмас. Исломда жасорат бор, меҳнат бор, машаққат бор. Сабр деганни яна "инсон ўз олдига қўйган мақсадига эришишда сабр" деган маънода ҳам тушуниш керак.

Мақсадга эришида сабр қилиш дегани бу ҳақ йўлда мустаҳкам туриш, Оллоҳ йўлидан орқага қайтмаслик учун ҳам сабр керак. Баъзилар бу ëғини тушунишни истамайди. Бу томонга ўтилса, дарҳол қулоқларини бекитиб олади.

Ҳақ йўлда, чин эътиқод йўлида одам меҳнат қилади, машаққат чекади ва қийинчиликлар, қаршиликлар унга таъсир кўрсатмайди. У ноҳақликларга “Худога шукур” деб ўтирадиган одам эмаслиги кўринади. У ҳар қанча зулм, ҳар қанча қийноқлар ва бошқа нарсаларга букилмасдан, букилса ҳам синмасдан, барибир мақсадига эришадиган йўлни қидиради, ҳаракат қилади, йўлларини топади ва натижага эришади, дейди Обид қори Назаров.

Социолог олим Камолиддин Раббимов билан суҳбатга қайтамиз.

Бояроқ олим сабр ақидаси асрлар давомида халқ онгига ҳукмдорлар ва уларнинг хизматида бўлган уламолар томонидан сингдирилган, деган фикрни билдирган эди.

Суҳбатдошимиз, мустақиллик йилларида ўша иш давом эттирилмоқда, дейди.

Камолиддин Раббимов: Сабр ақидаси ëки шукроналик ақидаси каби фикрлашни максимал сиëсий мақсадларда ишлатиш олдин ҳам бўлган. Бу асрлар давомида шаклланган. Энди бу билан албатта давлат органлари шуғулланишади.

Мана, Ўзбекистонда бир қанча ташкилотлар бор. Республика маънавият ва маърифат маркази бор, хавфсизлик органлари бор, давлат органлари бор. Мана шуларнинг бир қанчалари, давлат органларининг ҳаммаси дейишимиз мумкин, миллий менталитетнинг у ëки бу қирраси билан шуғулланади. Чунки бу давлатнинг, режимнинг асосий манфаатларини ўзида ифодалайди ва шунинг учун бу устувор масала сифатида режим томонидан баҳоланади.

Озодлик: Масалан, конкрет бир ўзбекни оладиган бўлсак, унинг руҳий саломатлиги учун, кўнглининг хотиржамлиги учун сабр ақидаси фойдалидир. Бир руҳий мувозанат топар. Лекин сабр ақидаси умумжамиятга ҳам руҳий мувозанатни бера оладими? Бошқача сўрасам, сабр ақидасидан жамият учун қандайдир бир рисклар йўқми?

- Биласизми, бу менинг назаримда, анчагина мураккаб ақида. Яъни бундан сиëсий кучлар ўз манфаатида фойдаланар экан, бу миллатнинг хавфсизлиги учун жуда ҳам катта таҳдид. Чунки бу авторитаризмни, ўша жамиятнинг қолоқлигини таъминлаб берувчи ақидага айланиб қолаяпти.

Сабр ëки тақдир масаласи инсонга руҳий куч берувчи, унинг муаммоларини ҳал қилишда иштирок этувчи бир тафаккурни шакллантиради. Лекин бу авторитар режим томонидан инсонларга зулм ëки инсонларнинг ҳақ-ҳуқуқларининг топталишини мустаҳкамлаш учун ишлатилар экан, албатта бунга диний уламолар ўз ҳақ-ҳуқуқларини таъминлаш учун бошқа бир тафаккурни ҳам шакллантиришга ҳаракат қилишлари керак. Бундай нарса кузатилаяпти, бундай нарса ҳар доим бўлган.

Ўзбекистонлик Ислом уламолари бугунги кунда ҳам иккига бўлинади. Ўзбекистоннинг ичидагилари сабр қилишни мутлақлаштиради, хорижга чиқиб кетган уламоларимиз эса адолатни талаб қилиш устувор масала эканлигига урғу бериб келишади, дейди Камолиддин Раббимов.

Обидхон қори Назаров суҳбатдошимиз айтаётган ана ўша четга чиқиб кетган уламолардан.

- Биз ҳақиқатан кўп машаққатларга сабр қилинглар, деб айтамиз. Ўзбекистондаги машаққат, қийинчиликлар, зулм... Мана, ҳукумат ҳозирги кунда рўмоллар учун мажлислар қилаяпти, мактабдан қизларни ҳайдаяпти, дам оладиган пайтларда ҳам мусулмонларни тинч қўймасдан, дам олишга қолдирмасдан, рўмолсизлар бемалол дам олиб юрган пайтда, рўмоллиларга ҳозир ҳам тинчлик йўқ. Прокурорлар ëки маориф ходимлари мажлислар чақириб, “1 сентябрдан рўмолсиз келасанлар” деб буйруқлар бериб ëтишибди.

Бундан бошқа зулмларни айтмай қўя қолайлик. Қамоқхонадаги биродарларимизни эзғилаб ëтишибди. Мана, шунга нима дейиш керак ҳозир? Сабр дейилади-да. Бошқа чора қўлимиздан келмагандан кейин “сабр қилиб, Оллоҳдан сўраб турайлик” деймиз, дейди Обид қори Назаров.

Социолог олим Камолиддин Раббимов халқ сабрини суиистеъмол қилишнинг миллат тафаккури ва жамият учун таҳликалари тўғрисидаги фикрларини давом эттиради.

- Сабр ақидаси миллий менталитетда юқори бир ўринга қўйилар экан, бу сиëсий пассивликни, миллат тақдирига совуққонлик билан қаралишига, жамиятда схоластиканинг кучайишига олиб келади. Баъзан жамият шундай бир касал ҳолатга тушадики, ўзининг муаммоларига бепарволик билан қарай бошлайди. Бу, умуман олганда, ҳозирда Ўзбекистонда кузатилаëтган бир ҳолат.

Ўзбекистоннинг аксарият аҳолиси ҳозир уйқу ҳолатида дейишимиз мумкин. Нима учун? Чунки улар, бир томондан, сабр қилишни ўзларига фарз деб билади, иккинчи томондан, ҳукуматдан қўрқади ва шунинг учун ўз ҳақ-ҳуқуқларини талаб қилишдан воз кечади. Мана шу иккита-учта омил Ўзбекистонда 20 йилдан бери давом этиб келаëтган қаттиққўл, авторитар бир режимни мустаҳкамлашга хизмат қилиб келаяпти, дейди социолог олим Камолиддин Раббимов.

"Ўзбек дунёси"нинг яна бир меҳмони шоира Гулчеҳра Нуруллаева.

Гулчеҳра опа бугунги эшиттиришимиз мавзуини белгилаб берган тадқиқот тўғрисидаги лавҳамизни эшитган экан - ўзи гап бошлаб қолди.

Гулчеҳра Нуруллаева: Англиянинг қандайдир ташкилотлари томонидан “Олтин сайëра” деган сўров ўтказилибди. Гўë Ўзбекистон аҳолиси Америка аҳолисидан яхши яшаëтган эмиш. Сизлар бердингизлар шу эшиттиришни.

Озодлик: Тўғри бердик.

Гулчеҳра Нуруллаева: Мен эшитиб, ëқамни ушладим. Шу даражада ҳам ўзбек содда бўладими?.. Ўзи нонга зор, қалби юпун, усти юпун, қашшоқ бир халқ тириклигига шукур қилади, бола-чақаси борлигига шукур қилади.

Озодлик: Мен "Худога шукур"нинг сабаб ва оқибатлари тўғрисида эшиттириш қилмоқчиман.

Гулчеҳра Нуруллаева: Биласизми, "Худога шукур" бизнинг менталитет билан боғлиқ бўлса керак.

Озодлик: Ўшани айтаяпман-да. Худога шукурнинг менталитетга, жамият ва шахс менталитетига таъсири ва ўша таъсирнинг жамиятга қайта таъсири тўғрисида.

Гулчеҳра Нуруллаева: Ўзбек ўзи қачон мустақил бўлган? Унинг тарихига бундай назар ташласам, фалон йили фалонлар босиб келган, писмадон йили писмадонлар босиб келган. Босқинлар устига маҳаллий хонлар ва бекларнинг зулмлари шундай бўлганки, оқибатда маҳаллий миллат “Жоним омон-ку, шунисига ҳам Худога шукур” дейдиган бир фалсафани ҳаëтнинг бош фалсафаси деб кун тартибига қўйган бўлса керак. Болаларини ҳам мана шу руҳда тарбиялаган бўлса керак.

Бу фалсафа шундай яшовчан фалсафа эканки, у қанча асрлар ўтган сари ҳеч тахтдан тушгиси келмайди. Ҳатто давлат маъмурлари ҳам бу фалсафани шу даражада хуш кўришадики, ўрни келган пайтда улар ҳам мана шундай фалсафа билан яшаш тарзини уқтириб туришади.

Мана шу туфайли бўлса керак¸ бизнинг миллатнинг борига шукур қилиб яшаши, очиқ кўз билан дунëда қарамаслиги, эмин-эркин яшаëтган Европани кўрмаслиги, эмин-эркин яшаëтган Американи ëки бошқа ривожланаëтган мамлакатларнинг аҳолисини ҳаëт тарзини кўрмаслиги жуда ҳам ачинарли ҳол.

Мен билмадим - бизларнинг миллат қачон уйғонаркин, қачон ҳаëтга уйғоқ назар ташларкан? Қачон “Мен ҳам одамман-ку. Ахир ҳаëт одамга бир марта берилади-ку. Ана шу бир марта бериладиган ҳаëтни мен ҳам инсонларча, одамларча яшашим керак-ку. Мен ҳам бошқалар каби эркин бўлишим керак. Қалбан озод бўлишим керак-ку” деган саволни ўзига бераркин, деган саволлар мени доим қийнайди.

Озодлик: Гулчеҳра опа, мен сиз билан баҳсга киришмоқчиман.

Гулчеҳра Нуруллаева: Бемалол.

Озодлик: “Қалбан эркин яшамоқ, ғарбона фаровон яшамоқ” деяпсиз. Қалбан эркин, фаровон яшашдан олий мақсад кўнгил хотиржамлигими?

Гулчеҳра Нуруллаева: Яна нима бўлиши мумкин?

Озодлик: Агар кўнгил хотиржамлиги, қалб хотиржамлиги бўладиган бўлса, ана ўша ўзбек ўрганган сабр, ўзбек айтаëтган “Худога шукур” ўша хотиржамликни бераëтган бўлиши мумкин-ку. Хотиржамликдан воз кечиб, яна хотиржамликка интилишнинг нима кераги бор?

- Иккала хотиржамликнинг манбаи икки хил. Бири йўқчиликдан сабр, иккинчиси маъмурчиликдан шукур. Ана бу жиҳати ҳам бор. Биз буни унутмаслигимиз керак, дейди шоира Гулчеҳра Нуруллаева.

Уммондай улкан бир мавзуга кириб олган эдик, айлана-айлана қайтиб чиқдик. Бирон нима олиб чиқолдикми ё қуруқ чиқдикми?

Қуруқ чиққан бўлсак ҳам, мақоламизни шу сатригача ўқиган экансиз, демак, тилга олганимиз масалага Сиз ҳам бефарқ эмассиз.

Биз бошлаб бердик.

Буёғини энди ўзингиз мустақил ўйлайверасиз.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG