Линклар

logo-print

Озодлик радиоси "Эркин микрофон" дастури ҳақида эълон қилганидан сўнг таҳририятимизга кўплаб ўзбекистонликлар қўнғироқ қилиб, ўз қувончу ташвишлари билан ўртоқлашдилар.

Дастлабки суҳбатдошларимиз Россиянинг Оренбург шаҳрида меҳнат муҳожиротида юрган андижонликлар. Улар Озодлик радиоси тўлқинларини тасодифан топиб олганларини айтадилар:

- Россияда юриб, янги жойга кўчиб ўтган эдик. Биз қаерда қурилиш бўлса¸ ўша ерга ўтамиз. Янги ўтган жойимиздан приëмник топиб олдик. 31 М дан линия шкаласи бўйича олтида чиқар экан. Ўзбекча гапирганига хурсанд бўлиб кетдик. Қарасак¸ Озодлик радиоси экан. Шундан бери эшитаяпмиз.

Божалар гуруҳининг солисти Мўминжон автоҳалокатда вафот этган экан. Шу йигитнинг оила аъзоларига таъзиямизни етказинглар¸ дея гап бошлади андижонлик суҳбатдошимиз.

Бу йигитнинг айтишича, ҳозир Ўзбекистонда бир оиланинг ўртача яшаши учун, оила бошлиғи камида 650 доллар пул ишлаб топиши керак экан:

- Бу оиламизнинг равнақи учун. Нормал иш бўлганида¸ биз ҳам қолган бўлардик. Ойлик¸ маош тўғрисидаги передачангларни ҳам эшитиб қолган эдик. Мен ўзимча кеча ҳисоблаб кўрдим. Биз оилада беш нафар инсонмиз. Агар мен ойига 650 доллар топсам¸ маза қилиб яшарканмиз¸ ўқиш учун ва бошқа нарсалар учун шароит яраларкан. Ўқув қуролларидан тортиб кийим-кечагигача етар экан¸ дейди суҳбатдошимиз.

Шу пайт суҳбатга бошқа бир андижонлик йигит қўшилди:

- Ўзбекистонда ҳам 650-700 долларлик ишлар очилиб¸ иш билан халқни таъминласа бўлармикан? Шу ëқда ëш авлод бола-чақасидан¸ ота-онасидан ажралиб сарсон бўлмасмиди? Шуни ташкил қилса бўлармикан? Кимга мурожаат қилиш мумкин¸ дейди бошқа бир суҳбатдошимиз.

Навбатдаги суҳбатдошимиз Расулжон ака эса Москвада ишлайди.У ҳам Озодлик радиосининг мухлиси эканлигини айтади:

- Бугун эрталаб сизларнинг телефон номерларингизни олдим ва телефонимнинг хотирасига киритиб қўйдим. Шунга ҳозир сизларга телефон қилаяпман. “SMS жўнатинглар ëки гудок беринглар”, дедингизлар. Мен гудок бердим. Москва вақти билан ҳар куни эрталаб соат 06.00 дан 07.00 гача эшитаман. Ундан кейин Эронники бошланиб кетади. Биз радиони ўчириб, ишга чиқиб кетамиз¸ дейди Расулжон ака.

Микрофонимиз барча тингловчилар учун очиқ эканлигини яна бир бор таъкидлаганимиздан сўнг Расулжон ака ўзбек меҳнат муҳожирларини қийнаётган муаммолардан бири ҳақида гапириб берди:

- Мен олти йилдан бери Россияда меҳнат қиламан. Биринчидан, келиш-кетиш жуда қийин. Муаммолар жуда кўп. Қийналиб келамиз¸ қийналиб кетамиз. Қийинчилик асосан кетишда.

Мен ўзим Москва областида ишлайман. Москва шаҳрига келишимиз билан Қозон вокзалида милициялар дарров пул олишга ҳаракат қилишади. Ундан ташқари¸ перронда юрганингизда Қозон вокзалидаги ўзимизнинг ўғри ўзбек болаларнинг ҳаммаси тўпланиб олади ва йўлингизни тўсиб қўяди. Шу тўсилган йўлдан ўтгунингизча¸ сизнинг чўнтагингизни шилиб¸ сумкангизни лезвиялар билан тилишади.

У ердан ўтиб, поездга чиқиб олдингиз. Поездга чиққанингиздан кейин Россия территориясида фуқаролик кийимидагилар чиқишади ва гувоҳномасини кўрсатиб¸ “Мен фалончиман¸ мен пистончиман” деб паспортларни йиғиб олади. Бизда регистрациясиз ишлайдиганлар жуда кўп-ку. Шунақалардан 100 рублдан йиғади. Майли, бунга ҳам кўнамиз.

Қозоғистонга ўтганингиздан кейин ҳар станцияда ўзининг милицияси¸ ўғрилари ва бошқалари чиқади. Ҳаммаси пул йиғиб кетади¸ дейди Расулжон ака.

Суҳбатдошимиз Тошкентга етиб келгач ҳам муаммолар аримаганидан куйинади:

- Мана энди Ватанга етиб келдик, бу ёғи энди ўз уйимиз деб хурсанд бўлган эдик. Лекин чучварани хом санаган эканмиз, энди ўзимизнинг ўзбек милицияси ходимлари бизни талай бошлади.

Тошкентга бориб¸ поезддан тушдик. Тушганимиздан кейин биз Қўйлиққа боришимиз керак. Ўзбекистонда кузда иссиқ бўлади¸ Россияда эса совуқ бўлади. Биз шу туфайли Россиядан қалин кийиниб чиққан бўламиз.

Биз Қўйлиққа борганимизда милициялар бизнинг Россиядан келаëтганимизни билади. Кўринган милиция бизнинг олдимизга келиб¸ пул олишга ҳаракат қилади.

Кейин биз довон ошиб¸ водийга боришимиз керак. Шаҳардан чиқиб кетадиган охирги пост албатта тўхтатади¸ машинанинг юкхонасини очади ва катта сумкаларни кўради. Биз энди уйга катта сумкаларда совға-салом билан борамиз-ку.

Ҳаммамизнинг паспортимизни олиб кўради. Қарасаки¸ биз Россиядан чиқиб, Ўзбекистонга кириб келаяпмиз. Ана ундан кейин “50-60 минг сўм бермасанг¸ қўйиб юбормайман” деган гаплар бошланади.

Шунча қийинчиликдан ўтиб¸ шу билан уйга бориб оламиз. Шу беш-олти йилнинг ичида тўрт-беш марта бориб келдик. Бошидан охиригача бор шунақа муаммолар¸ дейди Москвада меҳнат муҳожиротида юрган Расулжон ака.

Яна бир суҳбатдошимиз - ўзбекистонлик Мусахон ака Озодлик радиоси билан боғланганидан сўнг қувонч ва дардларини яшира олмади:

- Мен сизларнинг ашаддий мухлисинглар бўламан. Мана, мен ҳозир сизларга уланиб турибман. Мен шунақа бахтли инсонманки¸ мендан бахтли инсон йўқ, деб ўйлайман. Бу менинг фикрим. Нимагаки¸ бунақа радио Ўзбекистон территориясида йўқ.

Мен сизларни қолдирмасдан¸ ишимни ташлаб бўлса ҳам эшитиб келаман. Сизлар билан гаплашишга муштоқман.

Сизларда ким олиб бораëтган бўлса ҳаммасини танийман. Ҳозир мен гапимни йўқотиб қўйишим мумкин.

Ҳаммангларга узоқ умр¸ ишларингда омад¸ зафар тилайман. Мана шу қилаëтган ишингларига Оллоҳдан омад сўрайман.

Шахсан ўзимнинг ҳеч қанақа дардим йўқ. Фақатгина халқнинг¸ умматнинг қилаëтган ишларига¸ ҳаëтда адолатсизлик ҳукм сураëтганига чидай олмасдан кетаман. Кўчада юрганимда ҳаддан ташқари чидамайман.

Сизларнинг радиони эшитаман. Баъзи бир пайтда йиғлаб ўтираман. Одамларнинг дардини эшитаман. Шуларга мен ҳеч нарсам билан ëрдам қила олмаяпман.

Сизлар билан фикр алмашиб¸ дил изҳоримни гапирсам¸ муаммолар бўлса¸ гаплашиб турсам деган ниятда телефон қилиб¸ мана бугун тушдим. Менинг гапларим шу¸ дейди ўзбекистонлик Мусахон ака.

Озодлик радиосининг эркин микрофони сизлар учун доим очиқ.

Яна бир бор телефон номерларимизни эслатиб ўтамиз: +420 602 612 713 .

Марҳамат қўнғироқ қилинг, СМС орқали хабарлар йўлланг.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG