Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 11:01

АҚШ Тошкент билан янгича муносабат ўрнатмоқчи


Уилям Бернс Тошкент расмийлари билан "ўзаро манфаатли масалалар"ни муҳокама қилади.
Уилям Бернс Тошкент расмийлари билан "ўзаро манфаатли масалалар"ни муҳокама қилади.

АҚШ расмийси Уилям Бернснинг 12-13 июлда Тошкентга қиладиган сафари доирасида ўзбек қамоқларида сақланаётган сиёсий маҳбусларни озод қилиш масаласи муҳокама қилиниши мумкин.

АҚШ Давлат котибининг Евроосиë масалалари бўйича ëрдамчиси Уилям Бернс 12-13 июл кунлари Тошкентга расмий сафар қилади.

Узметроном мустақил интернет газетасининг ёзишича, Бернс Тошкентда Ўзбекистон ҳукумати расмийлари билан учрашиб, мамлакат қамоқхоналарида сақланаётган сиёсий маҳбусларни озод қилиш масаласини муҳокама қилиши мумкин.

Шунингдек, сайтга кўра, ушбу тахминлар АҚШда ўзбек расмийлари ва мухолифатчилар ўртасида бўлиб ўтган учрашув билан ўз тасдиғини топмоқда. Маълум бўлишича, Ўзбекистоннинг Вашингтондаги элчихонаси ходимлари 8 июл куни АҚШда истиқомат қиладиган Ўзбекистон мухолифати вакиллари билан сўзлашув олиб борган.

Айни пайтда Тошкентдаги АҚШ элчихонасининг маълум қилишича, Бернс сафари доирасида ўзбек расмийлари билан ўзаро манфаатли бўлган масалаларда музокаралар олиб борилади.

АҚШ элчихонаси “ўзаро манфаатли масалалар” иборасига ойдинлик киритмади.

Регнум ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги АҚШ элчихонасига таяниб хабар беришича, Уилям Бернс Тошкент расмийлари билан халқаро ва минтақавий хавфсизлик муаммоларини ҳам муҳокама қилади.

Айтиб ўтиш жоизки, юқори лавозимдаги АҚШ расмийсининг Ўзбекистонга сўнгги ташрифи ўтган йилнинг 30 майида бўлиб ўтган эди. Ўшанда Тошкентга АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Осиё бўйича ўринбосари Ричард Баучер келган эди.

Москвадаги Регнум ахборот агентлиги АҚШ Давлат котибининг Евроосиë масалалари бўйича ëрдамчиси Уилям Бернснинг Тошкентга ташрифи президент Барак Обама раҳбарлигидаги Оқ уй маъмурияти Ўзбекистонга нисбатан янгича сиёсат юритиш истагида эканини кўрсатувчи омил экани ҳақида ёзади.

“АҚШнинг Ўзбекистондаги элчиси Ричард Норланд 2009 йил 2 июлида Америка мустақиллиги куни муносабати билан ўтказилган тантанада сўзлаган нутқи давомида, янги президент маъмурияти Ўзбекистон билан янгича муносабатлар ўрнатишга замин ҳозирлаганини айтиб ўтган эди.

Унинг айтишича, Ўзбекистон ва АҚШнинг олий даражадаги расмийлари ўртасида алоқа ўрнатилган. Ўтмиш сабоқларини ҳисобга олган ҳолда, Ўзбекистон ва АҚШ минтақавий хавфсизлик, маданий алоқа, инсон ҳуқуқлари, демократик ислоҳот ва иқтисодий инвестиция соҳаларида ҳамкорлик қилишнинг янги шаклларини кўриб чиқмоқдалар”, деб ёзади Регнум ахборот агентлиги.


АҚШ Давлат котибининг Евроосиë масалалари бўйича ëрдамчиси Уилям Бернснинг Тошкентга ташрифи унинг Марказий Осиё сафари доирасида амалга ошмоқда.

Уилям Бернс Тошкентга боришдан олдин Қозоғистон ва Қирғизистонга сафар қилди.

Тошкент расмийлари билан учрашувдан сўнг Уилям Бернснинг Туркманистонга бориши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG