Линклар

Мирзо Зиёев ўлдирилди

  • Гулнора Равшан

Айрим тожикистонликлар Мирзо Зиёевнинг ўлдирилишини айрим сиёсатчиларнинг ҳусуматлари билан боғлайдилар.

Айрим тожикистонликлар Мирзо Зиёевнинг ўлдирилишини айрим сиёсатчиларнинг ҳусуматлари билан боғлайдилар.

Тожикистонда Мирзо Жага лақаби билан танилган собиқ тожик мухолифатининг собиқ лидерларидан бири Мирзо Зиёев жангари гуруҳ ва махсус хизматлар ўртасида бўлиб ўтган отишма пайтида ўлдирилди.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда айтилишича, Мирзо Зиёев Афғонистон наркотик моддалари ноқонуний савдосидан тушган маблағ билан Ўзбекистон Исломий ҳаракатини молиялаштириб турган.

“Афғонистондан Тожикистон, Қирғизистон ва Европадаги бир қатор мамлакатларига наркотик моддаларнинг аксарият қисми Тавилдара, Рашт, Дарвоз ва Жирғатол ҳудудларида ташкил этилган канал орқали олиб ўтилган.

Бу канални бошқариб турган Ўзбекистон исломий ҳаракати фаолларидан бири Неъмат Азизов мамлакатда уюшган жиноий гуруҳ тузган.
У наркотик моддалар ноқонуний савдосидан тушган маблағлар билан террористик гуруҳларни молиялаштирган.

Ўз навбатида бу гуруҳга Мирзо Зиёев, “Кўри малш” лақаби билан танилган Неъматнинг укаси Ҳикматуло Азизов ҳам аъзо бўлган”, дейилади Ички ишлар вазирлигининг баёнотида.

Баёнотда айтилишича, Тожикистон наркотиклар ноқонуний савдосига қарши курашиш агентлиги тўплаган маълумотлар асосида Тавилдара, Дарвоз ва Рашт водийсида бу жиноий гуруҳларни тутиш мақсадиди шу йил май ойи бошидан “Кўкнор - 2009” махсус амалиёти бошланган.

“ Олиб борилган қатор тез қидирув амалиётлар натижасида бу гуруҳнинг бир неча аъзоси қўлга олинди. Жумладан, Тожикистонга келган чечен миллатига мансуб россиялик беш нафар фуқаро, мазкур жиноий гуруҳ аъзолари ҳам қўлга олинди.

Тергов чоғида маълум бўлишича, уларнинг мақсади Мирзо Зиёев наркотик моддалар савдосидан қўлга киритган катта маблағни Афғонистондаги террористик гуруҳларга етказиб бериш бўлган” , дейилади Вазирлик баёнотида

Вазирликка кўра, Мирзо Зиёев ҳам айнан шу амалиётлар қурбони бўлган.

“ 11 июл эрталаб Тавилдара туманидаги блок постларнинг бирида тез қидирув ишлари олиб борилаётган вақтда Тожикистон фавқулотда ҳолатлар собиқ вазири ва собиқ мухолифатчи Мирзо Зиёев, унинг ўғли ва Тавилдара туман фавқулотда ҳолатлар бўлими ходими Ҳикматулло Азизов қўлга олинди.

Ўша куннинг ўзида Мирзо Зиёев ўз хоҳиши билан ноқонуний қурол яроқлар сақланаётган жойларни кўрсатишини айтган.

Шунинг билан бирга Мирзо Зиёев Ўзбекистон исломий ҳаракатининг фаъолларидан бири, “Шайх Неъмат” лақаби билан танилган ва каттагина жиноий гуруҳ бошлиғи бўлган Неъмат Азизовни таслим қилдириш учун музокарага тайёрлигини билдирган.

Аммо Тавилдаранинг Ағба қишлоғида Тожикистон Миллий хавфсизлик қўмитаси ва Ички ишлар вазирлиги ходимлари билан биргаликдаги амалга оширилиши режалаштирилган амалиёт чоғида ноқонуний қуролланган гуруҳ тўсатдан ҳужумга ўтган. Натижада Мирзо Зиёев воқеа жойида ҳалок бўлган ва Миллий хавфсизлик ҳамда Ички ишлар вазирлигининг бир неча ходими яраланган”, дейилади Ички ишлар вазирлиги тарқатган баёнотда.

Аммо журналист Аҳмадшоҳи Комилзода ўша ҳудуддаги норасмий манбаларга таянган ҳолда “Би би си” радиосининг Душанбедаги тожик бўлимига Мирзо Зиёевга “ бошининг орқа томонидан ўқ теккан”ини маълум қилган. Манбага кўра, Неъмат Азизов ҳам ўша амалиёт чоғида отиб ўлдирилган.

Собиқ тожик мухолифатининг собиқ лидерларидан яна бири бўлган Мирзоҳўжа Аҳмадовнинг яқинлари экани айтилаётган Олимжон Одилов ҳам Мирзо Зиёев ўлимини тасдиқлар экан, у 10 июл куни ўз қуролларини ҳукумат кучларига топширганини билдирди.
Олимжон Одиловга кўра, бу фожедан бир неча кун аввал Мирзо Зиёев ва яқинларининг уйи мамлакат куч ишлатар тизимлари томонидан тинтув қилинган.

Аснода Тожикистон Ички ишлар вазирлиги Тавилдара туманида қуролланган жиноий гуруҳни қўлга олишга доир тез қидирув амалиётлари ниҳоясига етганини ва Хоруғ - Душанбе автомобил йўли йўловчилар учун очиқлигини билдирди.

Мирзо Зиёев Тавилдара туманида туғилиб ўсган. У 1992 - 1997 йиллари ҳукуматга мухолиф кучлар қўмондони бўлган.

Тожикистонда миллий ярашув борасида тожиклараро келишув имзоланганидан сўнг эса ҳукумат томонига ўтиб, 1999 - 2006 йиллар мобайнида Тожикистон фавқулотда ҳолатлар вазири лавозимида меҳнат қилган.

2006 йил Тожикистон президенти фармони билан вазифасидан бўшатилган Мирзо Зиёев сиёсат саҳнасини тарк этиб, Тавилдарада яшаб, асосан деҳқончилик билан шуғулланган.

Айни пайтда Мирзо Зиёев ўлими билан боғлиқ ҳодиса тожикистонликлар орасида турли шов шув ва баҳсларга сабаб бўлмоқда.
Жумладан, Мирзоҳўжа Низомов Мирзо Зиёев жуда яхши хислатли ва ўз миллатининг ардоқли шахсларидан бўлганини, шунинг учун ҳам унинг бирор жиноий гуруҳга аъзолиги, террористик гуруҳларни наркотик моддалар тушумидан молиялаштирганига шубҳа қилишини айтади:

- Мирзо жуда ажойиб ва ўз миллатини севган, ҳукуматга содиқ инсон эди.

Биз унинг хизматлари ҳукумат томонидан қадрланади ва ҳукумат уни ҳимоялайди, деган умидда эдик.

Аммо бугун унга қўйилган айблар ва унинг отиб ўлдирилиши кўпчиликни таажубга солди.

Менимча бу наркотиклар билан боғлиқ бўлмаган ва кўпроқ шахсий хусуматлар билан боғлиқ ҳодисадир, - дейди Мирзохўжа Аҳмадов.
XS
SM
MD
LG