Линклар

Обама:"Толибон мағлубиятга маҳкум "


11 июл куни Ганада чиқиш қилган президент Обама аксилтеррор кучлар Афғонистонда ғалаба эришаётганини таъкидлади.

11 июл куни Ганада чиқиш қилган президент Обама аксилтеррор кучлар Афғонистонда ғалаба эришаётганини таъкидлади.

Президент Барак Обама АҚШ бошчилигидаги халқаро кучлар Афғонистонда зафар қозонаётгани ва эндиликда асосий вазифалардан бири август ойида режаланган президентлик сайловини ўтказиш эканини таъкидлади.

11 июл куни Африканинг Гана давлатида чиқиш қилган президент Барак Обама Афғонистондаги халқаро кучлар Толибон ҳаракатини Ҳелманд вилоятидан сиқиб чиқаргани, бироқ мамалкатда тинчлик равнақ топиши учун талайгина ишлар амалга оширилиши лозимлигини таъкидлади.

Буюк Британиянинг Sky News телеканалига берган интервьюда АҚШ раҳбари эндиликда халқаро кучлар олдидаги вазифалардан бири август ойида режаланган президентлик сайловини тинч ўтказиш эканини билдирди.

Айни кунларда АҚШ ва Буюк Британиянинг мингдан зиёд аскари Афғонистоннинг Ҳелманд вилоятида Толибон жангариларига қарши кенг кўламли ҳарбий амалиётларни ўтказиб келмоқда.

Якшанба куни Кобулда журналистлар билан учрашган Афғонистон Ички ишлар вазирлиги матбуот вакили Замараи Башарий сўнги ҳафта мобойнида Толибон жангарилари анча талофот кўрганини билдирди:

-Сўнги ҳафта мобайнида олиб борилган амалиётларда ҳукумат душманларидан 172 киши ўлдирилди. Бундан ташқари 27 киши тан жароҳати олди, 30га яқин жангари халқаро кучларга таслим бўлди. Улар ҳозир сўроқ қилинмоқда. Аввалги ҳафталарга солиштирганда жангарилар кўрган талофот кўлами 37 фоизга ортган, деди Замарай Башарий.

Айни пайтда президент Барак Обама АҚШ ва унинг иттифоқчилари президентлик сайлови ўтказилгандан сўнг Афғонистондаги вазиятни ўрганиб чиқиши ҳамда миллий армия ва хавфсизлик кучлари малакасини оширишга киришишини билдирди.

Обама, шунингдек, Афғонистон жамияти учун мўлжалланган стратегиянинг ҳам ҳаётга тадбиқ этила бошлашини маълум қилди.

Айни пайтда Буюк Британия Бош вазири Гордон Браун Британия қўшинларининг Афғонистондаги стратегиясини ҳимоя қилди.

Ўтган ҳафта Афғонистонда жангарилар билан рўй берган тўқнашувлар оқибатида британиялик саккиз аскар нобуд бўлди. Шу билан Афғонистондаги ҳарбий амалиётларда ҳалок бўлган британиялик ҳарбийлар сони 184 кишига етди.

Британия парламентидаги қўмитага йўллаган мактубида Бош вазир Афғонистондаги амалиётлар чоғида британиялик ҳарбийлар орасида талофотлар сонининг ортишига қарамай, қўшинлар тўғри йўл тутаётгани ва қўмондонлар ғалаба қозонилаётганига ишонишини таъкидлади.

АҚШ жорий йил давомида Афғонистонга 30 минг кишилик янги ҳарбий контингент юборишини билдирган.

Ҳозирги кунда Афғонистонда АҚШнинг 33 минг ва НАТОнинг 32 минг ҳарбийси хизмат қилмоқда.
XS
SM
MD
LG