Линклар

logo-print

Озодлик радиосининг "Эркин микрофон" дастурига қўнғироқ қилаётган ўзбекистонликларнинг аксарияти расмий Тошкентни очиқ, эркин ва замонавий иқтисодий сиёсат олиб боришга даъват этмоқдалар.

“Озодлик” радиосига тингловчилардан келаётган телефон қўнғироқлари ва SMS хабарлари сони ортиб бормоқда.

Ўзбекистон ва хориж давлатларидан бизга боғланаётган ўзбекистонликлар, асосан, “Озодлик” радиоси эшиттиришлари ҳақидаги фикр-мулоҳазалари ҳамда тўлқинларимиз орқали тилга олинишини истаган мавзулар ҳақидаги таклифларини билдирмоқда.

Баъзи тингловчиларимиз эса ўзларини қийнаётган муаммолардан сўзламоқда.

Ўша телефон мурожаатларидан баъзиларини бугун ҳам эътиборингизга ҳавола қилмоқчимиз.

Кореядан сим қоққан Равшан исмли йигит “Озодлик” радиоси ҳақида ўз фикрларини билдириб, Ўзбекистон ҳақида кўпроқ маълумот беришимизни сўради.

- Худо хоҳласа¸ сизларни шу ерда эшитиб¸ Ўзбекистондаги шароитларни билиб¸ нима бўлаëтганини билиб¸ бизларнинг юртдошлар қанақа кун кечираëтгани каби хабарларни биламиз. Бунинг учун аввало сизларга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Бу хабарларни бошқа радио ëки телевидение орқали эшитиб бўлмайди.

Мен Озодлик радиосини Кореяга келиб эшитишни бошладим. Фақат сизларнинг радиони эшитамиз. Ишдан келиб¸ радио ëқаман¸ эрталаб нонушта қилаëтганимда радио ëқаман. Сизларнинг эшиттиришларингиз билан овуниб юрибман.

Фақат Кореядаги эмас¸ дунë бўйича барча жойдаги ўзбеклар кўпроқ маълумот олишни хоҳлашади¸ қизиқишади. Мусофирчиликда Ўзбекистонда нима бўлаëтгани биз учун қизиқ. Кўпроқ Ўзбекистон ҳақида маълумот бериб турсангизлар¸ сизлардан хурсанд бўлар эдик¸ дейди Кореядан сим қоққан Равшан исмли йигит.

Ҳозир Россияда ишлаб юрган қашқадарёлик бир суҳбатдошимиз эса Қашқадарёдаги фермерларга оид бир муаммодан гап очди.

- Менинг дадам фермер. Кўпинча фермерлар ҳақида гапирасизлар. Ўша вақт, афсус, рақамларингизни билмаганман. Агар эшитган бўлсангизлар¸ бу йил Қашқадарëдаги фермерларда шунақа муаммо бўлди: пландан ташқари ортган буғдойни ҳам олиб кетишди. Ўтган ҳафта қилган эшиттиришларингизда эшитдим. Хоразм ëки Қорақалпоғистонда пландан ортиғи уларнинг ўзларида қолаëтган экан.

Масалан¸ дадамнинг 15 гектар ери бор. Бу йил етти гектар ерга буғдой экишибди. Фермер бўлганимиз билан қийинчлик бўлганки¸ мен Россияга келдим. Фермерлар бўйича савол-жавобларим бор эди. Бунинг ҳаммаси зўравонлик¸ дея қашқадарёлик тингловчимиз ўз таклифини билдирди.

Навбатдаги тингловчимиз эса андижонлик. У ўғли билан Санкт-Петербургда мардикорлик қилмоқда. У Ўзбекистон деқҳонларини қийнаб турган муаммодан сўзлади.

- Ўзбекистон йўлини очиши керак. Ўзини ўзи ўраб олган. Ўралиб қолган демоқчиманда. Бу ерда Туркия ëки бошқа жойлардан помидор¸ бодринг деган нарсалар келади. Лекин Ўзбекистондан йўқ. Очиш керак. Шунақа фикрим бор. Ўзбекистон аҳолиси ўзининг чиқарган маҳсулотларини сотиши керак. Шунда ривожланиб кетармиди.

Андижонда менинг уйимда парнигим бор. Ишлатаман¸ лекин ташқарига олиб чиқиб сотиб бўлмайди. Иложим йўқлигидан бу ëққа келишни бошладим. Теплицаларимиз бор.

Мен бу ерда ўзимизнинг помидорларга ўхшаган чиройли помидорларни кўрганим йўқ. Ўзбекистон – жаннатмакон диëр. Ўша ерда етиштирилган нарсаларни мана шу томонларга етказиб берак¸ ҳам саноатимиз ривожланарди¸ ҳам Ўзбекистонга катта фойда бўларди.

Йўлларни очиш керак¸ Россия билан келишиш керак. Консерва қиладиган ëки бошқа турдаги кичик корхоналарни қуриш керак. Совхозларни ишлатиш керак. Шунақа фикрларим бор. Раҳмат сизларга¸ дейди андижонлик суҳбатдош.

Қўқонлик яна бир тингловчимиз эса 11 июл куни ҳавога узатилган дастуримизни тинглаган экан. У ўша дастурда фикр билдирган тингловчиларимизнинг гапларига ўз муносабатини билдиришни истади.

- Кеча бир акалар Ўзбекистондан келишда ва Ўзбекистонга кетишда қозоқ милициялари¸ Москва милициялари пул йиғади, дейишди. Ўшанда ўзимизнинг ўзбек проводникларини гапирмади.

Дейлик, Ўзбекистондан Россияга чиқиб кетаяпмиз. Ўшанда “Тинч кетишни хоҳлайсанми? Паспортингни қайтариб беришимни хоҳлайсанми? 100-100 чиқар” дейди. Орадан бир ëки бир ярим сутка ўтгандан кейин ўзбек проводниклари “Бўлди. Бу ëғига йўлга чиқиб олдик. 200 рублдан йиғинглар. Бу ëғига жавоб” дейди. Лекин жавоб бера олмайди. Қозоқлар чиқса¸ бизнинг ўзбек проводниклари қалтираб қолади.

Бир хиллари беш-олти ой ишлаб¸ уйига пулсиз қайтиб кетаëтган бўлса¸ проводниклар уни ҳам тушунмайди. Олти ой ишлаб кетди деган болада ҳеч бўлмаса 600 рубл бўладию. У кейин мажбур бўлиб 100 рублни проводникка бериб юборади. Қийнайди-да.

Кейин яна битта нарса бор. Мана, Россия бор экан¸ шу ерда тирикчилик қилаяпмиз. Ўзимизнинг Ўзбекистонда машиналар нимага қиммат? Бунинг устига бензин Тожикистонда 600 сўм¸ бизда 1100 сўм. Бизда арзон бўлганда¸ инсонлар Тожикистонга ташиган. Нимага Тожикистон халқи биз томонга ўтиб сотмаяпти?

Машиналарнинг арзонлигини қаранг. Тико ëки Дамас машинасини Тожикистонда 2000-3000 долларга топса бўлади. Борингки¸ 4000 долларга Нексия бор. Ўзимизнинг Ўзбекистонда йўқ-ку.

Кеча андижонлик болалар 650 доллар етади бир ойга деб айтди. Менга 300 доллар бўлса ҳам етади. Агар уч киши 250 доллардан олса¸ 750 доллар бўлади. Президент Ислом Каримов растаможкани арзон қилиб қўйса бўлмайдими?

Кредит бу йўқ нарса. Бизда банкларда пул бермайди. Шу нарсаларни йўлга қўйса бўладими? Ўзбекистоннинг давлати бой¸ аммо халқи камбағал. Ҳалиги "Поле чудесда" ҳам “давлати жуда бой¸ лекин халқи жуда қашшоқ” деб ëзиб чиқдику. Шуни топа олишмади. Бу – Ўзбекистон, дейди ҳозир Россияда мардикорлик қилаётган яна бир тингловчимиз.

Ҳозир Қозоғистонда деҳқончилик қилиб юрган андижонлик аёллар эса “Озодлик” радиосини Қозоғистонга келиб тинглай бошлагани ва бизнинг дастурлар орқали тинглашни истаган мавзуларни тилга олди.

- Келганимизга уч-тўрт ой бўлган бўлса¸ ҳар куни эшитамиз. Ҳалиги қўшиқларни қўясизлар. Яқинда Шерали¸ Мирза¸ Шукур гапирди. Шуларни эшитдик. "Чодирхаëл"ни яхши кўрамиз. Ҳаммасини эшитамиз. "Чодирхаëл"ларингизни қизларим яхши кўради.

Қизларим “Ойи¸ гудок беринг” деган эди. Дадаси “Йўқ¸ уларни безовта қилмай қўя қолинглар” деган эди. Барибир миннатдорчилик билдириб қўйгимиз келди. Яхши радио бу. Ëнимда андижонлик қизлар турибди. Ўғилларим¸ қизларим ҳамамси. Дилфузахон деган шаддод қизимиз бор. Мана гапиради.

Озодлик: Ало¸ ассалому алайкум.

- Ассалому алайкум. Бу радиоларинг зўр радио. Яхши¸ зўр. Тинглаймиз. "Чодирхаëл" зўр. Маза қилиб тинглаймиз. Ҳақиқатни гапирасизлар. Ўзбекистонда чиқса шу радио яхши бўларди. Ўзбекистонда чиқмайди-да, бу радио. Мана шу ерга келганимиздан бери эшитаяпмиз. Яхши радио экан. Кўпроқ “Божалар” гуруҳи¸ Озодбек Назарбеков¸ Манзуранинг қўшиқларидан қўйсангизлар.

Менинг эрим футбол ишқибози. Роса футбол жинниси. Ўзимизнинг Андижонда свет ўчиб қолса¸ кўчада йиғлагудай бўлиб югуриб юради. Шунинг учун футбол янгиликларидан ҳам бериб турсангизлар.

Биз ҳозир ҳаяжонланаяпмиз. Сизлар ҳақларингизда кўп гап ўйлаб қўйганмиз. Ҳозир шу гапларимизни айтолмай турибмиз. Ўзимизнинг ўзбек овозини эшитиб руҳланиб кетамизда. Биз деҳқонмиз. 20 йилдан бери қовун-тарвуз экамиз. Пишиб қолди. Қовун-тарвуз егани келинглар. Ҳаммага салом. Менин таниган билганларнинг ҳаммасига салом¸ дейди Қозоғистонда деҳқончилик қилиб юрган андижонлик аёллар.

Озодлик радиосига телефон қўнғироқлари ва SMS хабарлари ҳозир ҳам келишда давом этмоқда. Ҳамкасбларимиз эса имкон қадар бизга хабар йўллаган тингловчилар билан боғланишда давом этмоқда.

Сизнинг телефон орқали мурожаатларинингизга бағишланган махсус эшиттиришларни ҳавога узатиб борамиз ва албатта, ҳар бирингизнинг эфир орқали эшиттиришимизни истаганингиз мурожаатларни ҳавога узатишга ҳаракат қиламиз.

Марҳамат бизга қўнғироқ қилинг ёки SMS орқали хабар йўлланг:

+420 602 612 713 .
XS
SM
MD
LG