Линклар

logo-print

“Пахтакор”га ҳайкал ўрнатилади


1979 йили авиаҳалокатга учраган машҳур командадан саноқли суратлар хотира бўлиб қолган.

1979 йили авиаҳалокатга учраган машҳур командадан саноқли суратлар хотира бўлиб қолган.

1979 йили авиаҳалокатда нобуд бўлган “Пахтакор” миллий жамоаси ўйинчилари хотираси учун Украинанинг пахтакорчилар ўтирган учқич қулаб тушган қишлоғида хотира обидаси ўрнатиладиган бўлди.

Украинада “Пахтакор-79” футбол жамоаси ўйинчилари хотирасига ёдгорлик ўрнатилади.

Жорий йилнинг 11 август куни “Пахтакор” жамоаси ўйинчиларининг авиа ҳалокатга учраганига 30 йил бўлади.

1979 йилги СССР чемпионатининг навбатдаги учрашувини ўтказиш учун Минскка учиб кетаётган пахтакорчилар ўтирган самолёт Украинанинг Куриловка қишлоғи ҳудудида ҳалокатга учраган эди.

Маълум бўлишича, айнан ушбу қишлоқда пахтикорчиларга ёдгорлик ўрнатилади.

Бу хабарни яқинда хотира обидаси ўрнатиладиган Украинада бўлиб қайтган “Пахтакор” футбол клуби бош директори ўринбосари Асқар Толибжонов ҳам тасдиқлади.

Асқар Толибжонов: Бу ëдгорлик “Пахтакор” клуби раҳбариятининг ташаббуси орқали бўлаяпти. Асосий маблағ “Пахтакор” футбол клуби томонидан ажратилаяпти.

Ëдгорлик Днепродзержинск вилоятидаги Куриловка қишлоғига қурилаяпти. Чунки бу жой 30 йил олдин иккита самолëт авиаҳалокатга учраган жойдир.

Ëдгорлик учга беш метрлик ўлчамда бўлади. Қора мармардан қилинган монумент кўриниши уч қиррали тош бўлиб¸ ўша тошда футбол тўпи¸ 17 нафар футболчимизнинг номи ëзилган бўлиб¸ парвоз қилаëтган турна тасвири бўлади.

Озодлик: Бу рамз нимани билдиради?

Асқар Толибжонов: Бу самога ëйилган юлдузлар деганга ўхшаш. Самога учиб кетаëтган қушнинг тасвири¸ футбол тўпи бу ер шарига ўхшатилган ва футболчиларнинг номи.

Озодлик: Авиаҳалокатнинг 30 йиллиги муносабати билан Ўзбекистоннинг ичида нималар қилинаяпти?

Асқар Толибжонов: Шу муносабат билан 7-11 август кунлари Тошкент шаҳридаги “Пахтакор” марказий стадионида халқаро хотира турнирини ўтказиш режалаштирилган. Бу халқаро турнирда Россия ва Ўрта Осиëнинг саккизта жамоаси иштирок этади.

Озодлик: Ҳалок бўлганларнинг оила аъзоларидан хабар олиб туриладими?

Асқар Толибжонов: Кўплари оила қуриб¸ бошқа қилиб кўчиб кетишганку. Биз ҳар доим қандай тадбир ўтказсак¸ уларни чақириш имкониятимиз йўқ. Лекин Ўзбекистонда қолган оила аъзолари бўлса¸ клуб томонидан қандай тадбир ўтказилса¸ доим чақирилади. Шароити тўғри келганлари келади.

11 августда турнирнинг финал ўйини куни ўша оила аъзоларини чақирамиз. Шу билан бирга жамоатчилик иштирокида пахтакорчилар хотирасига худойи қилмоқчимиз.

Озодлик: Шу пайтга қадар Ўзбекистонда футбол ҳақида гап кетганда¸ илк бор ўша “Пахтакор” жамоаси назарда тутиларди. Лекин кейинги пайтда “Пахтакор” ўрнини “Бунëдкор” футбол клуби эгаллаëтгандай туюлади.

Асқар Толибжонов: Бу гап нотўғри. "Пахтакор"нинг 50 йилдан ортиқ тарихи бор¸ анъанаси бор.

“Бунëдкор”га бор йўғи уч-тўрт йил бўлди. “Бунëдкор” ўзига яраша ўзи билан ҳисоб-китоб қиладиган профессионал клуб бўлаяпти. Буни биз ҳам тан оламиз¸ ҳурмат қиламиз. Лекин “Пахтакор”нинг ўрнига бўлади дегани, сал анақароқ бўлди. “Пахтакор” бўлиши учун яна 50 йил керак.

"Пахтакор"нинг 50 йиллик тарихи бор. Биз бировдан юқори бўламиз¸ бировдан ошамиз, деган вазифани қўймаймиз бошқаларга ўхшаб. Бизнинг ўзимизнинг тутган йўлимиз бор¸ ўзимизнинг тутган сиëсатимиз бор.

“Пахтакор” командаси эл оғзига тушган жамоа. “Бунëдкор” ëки Фарғонанинг “Нефтчи”сига ўхшаган командаларнинг шунақа кўтарилиши¸ Ўзбекистон футболи ривожланишига катта ҳисса қўшади. Қани эди шунақа жамоалардан тўрт-бешта бўлса.

Озодлик: 1979 йилда ҳалок бўлган пахтакорчиларнинг Ўзбекистонга футбол бўйича олиб келган довруғини Ўзбекистон қайта тиклай оладими?

Асқар Толибжонов: Тиклай олади¸ лекин бунга вақт керак. Халқаро мусобақаларда терма жамоамизнинг¸ ëшлар терма жамоасининг¸ “Пахтакор” ва “Бунëдкор” жамоаларининг Осиë чемпионлар лигасидаги иштироки¸ “Нефтчи” клубининг Осиë футбол конфедерацияси кубогидаги иштироки¸ чет давлатлардан юқори малакали мураббийларнинг Ўзбекистонга келиб фаолият юритиши¸ чет давлатдан келган ўйинчиларнинг жамоаларимизда тўп суриши – буларнинг ҳаммаси футболни ривожлантиришга қаратилган иш.

Энди собиқ иттифоқ миқëсига кўтарилмаса ҳам Осиë футболида Ўзбекистон жамоалари ўз ўрнини топади. Бу нарсага шароит ҳам бор¸ етарли маблағ ҳам бор¸ моддий-техникaвий база ҳам бор¸ яхши ўйинчилар ҳам бор.

Озодлик: Сиз Осиë футболини айтдингиз. Ўзбек футболи ишқибозлари ҳам бир кун келиб ўзбек футболининг Европага чиқиши¸ Ғарбни забт қилишини кутиши мумкинми?

- Ажаб эмас. Мен аниқ Европага ўтади¸ деган фикрдан сал узоқроқдаман. Бизнинг географик жойлашувимиз Осиëда. Бу нарсага асосан географик жойлашувга қараб қўл уришади. Ютса ютади¸ лекин ютқазмайди¸ дейди Асқар Толибжонов.

Шу ўринда “Пахтакор” футбол жамоаси тўғрисида қисқача маълумот.

“Пахтакор” футбол жамоаси 1956 йил январида ташкил этилган. “Пахтакор” дастлабки расмий учрашувини собиқ иттифоқ биринчилигида 1956 йилнинг 8 апрел куни ўтказиб, ўша чемпионатнинг дастлабки беш ўйинида кетма-кет ғалаба қозонган.

“Пахтакор” футбол клубининг расмий веб-сайтида ёзилишича, “Пахтакор” ташкил қилинганидан бор-йўғи уч мавсум ўтгач, собиқ иттифоқ чемпионати иштирокчилари орасида “Пахтакор”дан мағлубиятга учрамаган рақиб қолмаган.

1962 йили “Пахтакор”нинг ҳар бир ўйинига ўртача 42 минг томошабин ташриф буюрган.

Рақиблар дарвозасига энг кўп гол уриш Геннадий Красницкийга насиб этган. У жами 142 марта тўп киритиб, 10 марта жамоада мавсум тўпурари бўлган. Игорь Шквирин 136 ва Биродар Абдураимов 131 марта рақиблар дарвозаларини ишғол қилишган.

“Пахтакор”нинг халқаро учрашувлардаги энг йирик ғалабаси 1978 йили қайд этилган. Ўшанда тошкентликлар Непал жамоасини 12:1 ҳисобида мағлубиятга учратишган.

Собиқ иттифоқ чемпионатиларида “Пахтакор” жами 1242 учрашувда иштирок этиб, 424 марта ғалабага эришган, 349 учрашувда дуранг ўйнаган. Рақиблар дарвозаларига жами 1582 та гол урган.

Бугунги кунда Ўзбекистонда “Пахтакор” довруғини “Бунёдкор” тиклаш ҳаракатида.

Ҳозирда “Бунёдкор” футбол жамоасига Луис Фелипе Сколари мураббийлик қилмоқда.

60 ёшли Сколари бундан аввал Британиянинг донғи кетган “Челси” футбол клуби ҳамда Португалия миллий жамоасига мураббийлик қилган.

Жаҳон кубогининг совриндори, 1999 йилда дунёнинг энг зўр футболчиси унвонини олган Ривалдо Феррейра эса “Бунёдкор”га капитанлик қилаяпти.

“Бунёдкор” футбол клуби президент Ислом Каримовнинг тўнғич қизи Гулнора Каримовага тегишлилиги айтиладиган "Zeromax" ширкати тарафидан молияланади.
XS
SM
MD
LG