Линклар

logo-print

Америка билан "база ўйини" тугади...


АҚШ расмийси Уилям Бернс Вашингтон Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида эканини таъкидлади.

АҚШ расмийси Уилям Бернс Вашингтон Марказий Осиё билан ҳамкорликни кучайтириш ниятида эканини таъкидлади.

Марказий Осиё сафарини Бишкекдан бошлаган АҚШ Давлат котиби ёрдамчиси Уилям Бëрнс хориж ҳарбий базаларини ўз ҳудудида жойлаштириш¸ жойлаштирмаслик Қирғизистоннинг ички иши эканини таъкидлади.

12 июл куни Бишкек сафарини якунлаган АҚШ Давлат котибининг ЕврОсиё масалалари бўйича ёрдамчиси Уилям Бернс матбуот анжумани ўтказиб, президент Барак Обама ва унинг маъмурияти Марказий Осиё давлатлари билан ўзаро манфаатли бўлган ҳамкорликни кучайтиришга қаратилган сиёсат олиб бораётганини алоҳида таъкидлаб ўтди.

Жумладан, Қирғизистон билан алоқларни мустаҳкамлаш мақсадида Қирғизистон-Америка қўшма комиссияси ташкил этилади. Август ойида эса Қирғизистон Ташқи ишлар вазири Қодирбек Сарбаев Вашингтонгга расмий сафар билан боради. Бу сафар доирасида АҚШ билан савдо-иқтисодий, маданий- маърифий ва қишлоқ хўжалиги соҳаларида ҳамкорлик қилиш масалалари муҳокама қилинади.

Айни пайтда қирғизистонлик журналистларни ҳарбий базалар масаласи кўпроқ қизиқтирди.

Маълумки, 3 феврал куни АҚШ базасини Қирғизистондан чиқариш тўғрисида қарор қабул қилган қирғиз ҳукумати 2 июл куни бу базани мамлакатда қолдириш ҳақида Вашингтон билан янги шартнома имзолади.

Бундан ташқари 7 июл куни Қирғизистонга Россия Бош вазири ўринбосари Игор Сечин раҳбарлигидаги делегация яширин келиб-кетгани ҳақида хабарлар пайдо бўлди.

Расмий Бишкек бу хабарни тасдиқлаган бўлса-да, Кремл делегацияси билан ёпиқ эшиклар ортида қандай масалалар муҳокама қилингани ҳақида маълумотлар бермади.

Россия матбуотида эса Кремл делегацияси Бишкек расмийлари билан Ўш ва Боткен шаҳарларига Россия ҳарбий базаларини ўрнатиш масаласини муҳокама қилганини ҳақида мақолалар берилди.

Қирғизистонлик журналистлар бу масалада АҚШ позициясининг қандай бўлиши билан қизиқдилар.

- Бу масалада қандай қарор қабул қилиш Қирғизистон ҳукуматининг ваколати ва ҳуқуқидир. Бизнинг фикримизча, Қирғизистон мустақиллигини ва хавфсизлигини таъминлаш йўлида ташланган ҳар қандай қадам аҳамиятлидир.

Мен таъкидламоқчиманки, бу йўналишда қандай қарор қабул қилиш ёки қилмаслик қирғиз ҳукуматининг ихтиёридаги ишдир, деди АҚШ Давлат котибининг ЕврОсиё масалалари бўйича ёрдамчиси Уилям Бëрнс.

Қирғизистонлик сиёсатшунослар наздида АҚШ расмийсининг бу баёноти расмий Бишкек “база ўйинини” муваффақиятли якунлаганидан дарак беради. “Бундан буён Қирғизистон ва АҚШ база масаласидан четлашиб, анчадан буён муддатини кутиб турган турли лойиҳаларни ҳамкорликда амалга оширишга киришадилар”, деб ҳисоблайди айрим сиёсатшунослар.

- Бу йўналишдаги ишларнинг амалга оширилиши, ҳамкорлик қандай ҳосил бериши фақат Америкагагина эмас, балки биринчи навбатда Қирғизистон ҳукуматига боғлиқ.

Қирғизистон ҳукумати қайси давлат қарз ваъда қилса¸ ўша томонга оғиб кетишини исботлаб қўйди. Айни пайтда¸ ҳукумат бундан сабоқ чиқариши ва келажакка йўналтирилган узоқ муддатли лойиҳаларни амалга оширишда АҚШ билан ҳамкорлик қилиши керак, деб ҳисоблайди бишкеклик сиёсатшунос Асқарбек Мамбеталиев.

АҚШ Давлат котибининг ЕврОсиё масалалари бўйича ёрдамчиси Уилям Бëрнс раҳбарлигидаги делегация 12 июл куни кечга яқин Тошкентга жўнаб кетди.

Делегациянинг Тошкентдан сўнг Туркманистонга бориши режалаштирилган.
XS
SM
MD
LG