Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 09:18

Андижонликлар миш-мишларга ишонмаяпти


Ҳозирча 26 май куни Андижонда содир этилган воқеалар юзасидан қанча одамнинг маҳкамага тортилишига оид аниқ маълумот йўқ.
Ҳозирча 26 май куни Андижонда содир этилган воқеалар юзасидан қанча одамнинг маҳкамага тортилишига оид аниқ маълумот йўқ.

Хонобод ва Андижонда 26 май куни айнан нималар бўлганини тузук-қуруқ тушунмаган оддий аҳоли орасида энди бу портлашларни ким ва нима ниятда қилганига оид ҳар хил гап-сўзлар юргани айтилмоқда.

26 май куни Андижон ва Хонобод шаҳарларида юз берган воқеаларига алоқадор, деб гумон қилинаётган шахслар Хўжаобод туманида қўлга олинди. Андижон шаҳрида ўзига қўшиб бир милиция ходимини портлатиб юборган шахснинг кимлиги аниқланди.

Бу хабар сўнгги дам олиш кунлари арафасида пайдо бўлди.

Press-UZ. инфо сайтининг 10 июл кунги хабарига қараганда, 26 май куни Андижонда ўзини портлатиб юборган шахс хўжаободлик Камолиддин Матқосимовдир.

Ўша портлашдан милиция капитани Бахтиёр Холмирзаев ҳам ҳалок бўлган.

Сайтнинг ёзишича, 1982 йилда туғилган Матқосимов 1999 йили, 17 ёшида Россияга кетган, сўнгра Қозоғистон пойтахти Остона шаҳрига келиб қолган. Бир неча йил Покистонда, террористлар тайёрлаш лагерларида тайёргарликдан ўтган.

Ўзбекистон ҳуқуқ-тартибот органларига яқинлиги айтиладиган www.press-uz.info сайти худкуш Матқосимов шахси ҳақида фақат маъмурлар билиши мумкин бўлган маълумотларни эълон қилди.

Сайт Матқосимовнинг ДНК анализи ўтказилгани ва унинг ДНКси онасиники билан бир хилда эканлиги аниқланганидан ҳам хабардор.

Бу информацияларни текширишга уриниб кўрдик.

Хўжаобод туман ҳокимиятининг ўзини “котибаман” деб таништирган ходими бир неча хўжаободлик қўлга олинганини билвосита тасдиқлади. Унинг айтишича, туман Маънавият марказининг Мўттихон исмли ходими айнан шу масала бўйича тумандаги вазият тўғрисида ҳар куни “юқорига маълумот бериб турибди”.

Мўттихон опани иш жойидан топиб бўлмади.

Масала юзасидан Андижон вилоят ҳокимияти, вилоят прокуратурасига қилган мурожаатларимиздан ҳам иш чиқмади.

Бош прокуратура матбуот котиби Светлана Ортиқова Андижон-Хонобод воқеалари юзасидан тергов кетаётганини, шунинг учун маълумот беролмаслигини билдирди.

Андижон-Хонобод воқеалари рўй берганидан бери бир ярим ой ўтди. Жуда кучли резонанс пайдо қилган бу воқеа тўғрисида ишончли маълумот қанчалик кам бўлса, миш-мишлар шунчалик кўпаймоқда.

Исмини айтмаслигимизни сўраган бир андижонлик мана бундай деди:

- Одамлар “Ушланди-ушланди¸ топилибди¸ Афғонистонда тайëргарликдан ўтган экан” дейишаяпти¸ лекин аниқ бир маълумот йўқ¸ дейди исмини айтмаслигимизни сўраган бир андижонлик.

Суҳбатдошимизнинг гапларига қараганда, андижонликлар ўртасидаги миш-мишлар кишидан кишига ўтаверади, лекин уларга ҳеч ким ишонмайди.

- “Афғонистонда тайëргарликдан ўтишибди. У ëқда¸ бу ëқда тайëрланишибди” деб гапирилаëтган гапларга¸ андижонликларнинг ҳеч биттаси “Афғонистонда ўзини ўзи портлатишга тайëрланиб ўтармикан? Ўтиб¸ шунақа қилиб портлатармикан” деб ишонишмаяпти¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

Ўзбекистон республикаси Бош прокуратураси матбуот хизматидан 13 июл куни олинган маълумотга қараганда, Андижон-Хонобод воқеалари бўйича судловнинг қачон бошланиши маълум эмас.

Бироқ мустақил манбалар судловнинг 6 июл куни бошланиши тўғрисида жорий ой бошида айтган, масалан, “Эзгулик” жамияти вакили судда кузатувчи сифатида иштирок этишларига рухсат беришини сўраб Олий судга хат тайёрлаётганини билдирган эди.

Мустақил ҳуқуқ ҳимоячилари матбуот маркази Суръат Икромов ҳам судлов аллақачон бошланиши керак эди, деган фикрда.

Озодлик: Қаердан пайдо бўлди¸ кимдан эшитгансиз? Расмий маълумотмиди бу?

Суръат Икромов: Ўша пайтдаги Андижондаги бизларнинг одамлардан шу маълумотни эшитдим. 80 нафарга яқин гувоҳлик берадиган одамлар Тошкентдаги меҳмонхонага келганидан хабар топдим.

Озодлик: Қачонги гап бу?

- Бу июн ойининг охирида бўлган гаплар¸ дейди Суръат Икромов.

Бу гапларни ҳуқуқ-тартибот органларидаги бир ишончли манба ҳам тасдиқлаган эди, дейди Суръат Икромов.

- Ëтоқхонадан ҳаммасини чиқариб юборгани менга маълум бўлди¸ дейди Суръат Икромов.

Ҳар қандай мамлакатда тергов тафсилотлари сир сақланади.

Шунинг учун Андижон-Хонобод воқеалари юзасидан олиб борилаётган терговнинг ҳам сир тутилаётгани тушунарлидай.

Бироқ бу воқеа одатдаги жиноят эмас. Шунинг учун бўлса керак, Ўзбекистондаги мустақил экспертлар “Ҳозиржавоб гуруҳи” вакили Озодликка мана бундай деган эди:

- Ҳукумат 2005 йилги Андижон воқеаларида¸ ўтган йилги Когон портлашларида қандай йўл тутган бўлса¸ бу сафар ҳам худди шундай йўл тутаяпти.

Бунинг натижасида хавфсизликни таъминлаш мақсади тескари натижа бераяпти ва одамлар ўртасида ваҳима¸ воқеаларни билмаслик¸ чорасизлик ҳиссиëти¸ турли хил миш-мишлар кўпайиб кетаяпти¸ деган эди Суҳроб Исмоилов.

Андижонлик суҳбатдошимизнинг айтишича, вилоятдаги вазият изга тушиб кетгандай, лекин давлатнинг ўзи назоратни юмшатмай одамлар асабини қақшатишда давом этмоқда.

- 26-27 май кунлари қанча блок-пост қўйган бўлса¸ катта бетонларни қўйиб қўйган¸ шаҳарга бориб келишда ҳалигача шундай бўлиб турибди. Одамлар “Яхшиям бу мустақилликни кўра олмайдиган жангарилар иккита экан. Агар бешта бўлганида¸ вообше одамни кўчада юргизмай қўйишаркан” деб сўкиниб юришипти¸ дейди андижонлик суҳбатдошимиз.

26 май куни номаълум шахслардан иборат бир гуруҳ Андижон вилоятидаги Хонобод шаҳрида блок-постга ҳужум қилган, орадан бир неча соат ўтиб вилоят марказида бир шахс ўзини портлатиб юборган эди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси¸ кўп ўтмай президент Ислом Каримов¸ бу воқеа ижрочиларининг қўшни Қирғизистон ҳудудидан Ўзбекистонга ўтганини даъво қилган ва шу асосда ўзбек-қирғиз чегарасини бир томонлама тартибда ëпиб қўйган эди.

Мазкур мақола тайёр бўлганидан сўнг Фарғона.ру сайти 26 май куни Андижонда яна бир шахс ўзини портлатгани тўғрисида хабар тарқатди. Сайтга кўра, у 1985 йилда туғилган Қирғизистон фуқароси Тожиддин Собировдир.

Фарғона.ру нинг ёзишича, Озодлик мақоласида тилга олинган Камолиддин Матқосимов ҳамда Тожиддин Собировларнинг суратлари аҳоли орасида тушунтириш ишлари олиб бориш учун маҳалла қўмиталари раисларига тарқатилган.

"Шундай қилиб Бош прокуратуранинг 26 май куни фақат битта портлаш юз берган деган маълумоти ҳақиқатга мос келмайди", деб ёзди Фарғона. ру сайти.
XS
SM
MD
LG