Линклар

logo-print

“Шарқий экспресс” – Қозоғистон

  • Садриддин Ашур

Вагон кузатувчилари ҳам¸ йўловчилар ҳам йўл бўйи чегарачи ва божхоначиларнинг қўполлигидан шикоят қилишади.

Вагон кузатувчилари ҳам¸ йўловчилар ҳам йўл бўйи чегарачи ва божхоначиларнинг қўполлигидан шикоят қилишади.

Душанбедан Москвага йўлга отланган меҳнат муҳожирларини Ўзбекистон ва Туркманистон ҳудудларидаги ноинсоний муомаладан сўнг¸ Қозоғистон чўлларидан ўтувчи йўллар кутмоқда эди.

Душанбе-Москва поездида йўлга чиққан тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг тўрт кунлик азоблари, уларнинг Ўзбекистон, Туркманистон чегарачилари томонидан хўрланишларига гувоҳ бўлган Озодликнинг рус хизмати мухбири Мўмин Шокиров ҳикоясини давом эттиради.

*************************************

Қозоғистондан ўтадиган йўлнинг асосий қисмини биз тунда босиб ўтдик. Вагонимиз станцияларда чиққан сотувчилардан бир қадар бўшади. Шунингдек¸ Ўзбекистонниннг жазирама иссиғи ҳам ортда қолди.

Қозоғистоннинг Ўтров станциясида Ўзбекистон ва Туркманистондан сўнг биринчи марта вагондан тушиб¸ бир пас бўлса ҳам сайр қилиш, у бу нарса харид қилиш бахтига муяссар бўлдик. Зеро Қозоғистонга виза керак эмас.

“Тузланган бодринглар, қовурилган товуқ, тухум, пиво, ҳожатхона қоғози, “Мегафон сим картаси”, “Билайн!”... платформадаги сотувчилар нималарни таклиф этмайди дейсиз. Одамлар кармонларини бўшатишарди.

Ўзбек ва туркман чегарачиларидан фарқли ўлароқ, қозоғистонлик чегарачилар йўловчилардан пул шилишмади. Лекин уларнинг қаттиққўллигига тан бермасдан илож йўқ. Ҳаммадан ҳам чегарачиларнинг ҳиссиз ва қотиб қолган башаралари вагон кузатувчиси Албинанинг қонини қайнатиб юборди. У шеригига чегарачиларга айтган гапини мақтаниб такрорларди:

- Мен уларга айтдим, юзларинг тош қотиб қолганми? Сал бўлса ҳам кулинглар. Ахир биз аристонларни эмас, одамларни олиб кетаяпмиз.

Лекин Албинанинг ҳамкасби Ҳусния дарров уни жеркиб ташлади:

“Сен нега сиёсатга аралашяпсан?!”

Албина бармоғини тишлаб, тинчиб қолди.

Иқтисодий инқироз аксар меҳнат муҳожирлари режаларини чиппакка чиқарди. Агар бир йил олдин минг-минглаб меҳнат муҳожирлари Россияга иш излагани тап тортмасдан борган бўлса, бу йил манзара бошқачароқ. Кимнинг таниши нақд иш ваъда қилган бўлса¸ ўшалар кетаяпти.

Гулбаҳор Россияда ҳам ўз ҳалол меҳнати билан обрў топганини айтади.
Тўрт фарзанднинг онаси Гулбаҳор Воҳидова мана ўнинчи йилдирки Москвага бораяпти. Бу аёл Орехово Зуево шаҳридаги ресторанлардан бирида бош ошпаз бўлиб ишлайди. Ишни оддий ошпазликдан бошлаган.

- Мен Игор Владимирович деган бир бизнесменнинг шахсий ошпази эдим. У жуда ҳам инжиқ одам эди. Унинг катта кутубхонаси бор эди. Менга кулинария ҳақидаги китобларни ўқишни маслаҳат берди. Бу менга анча ёрдам берди¸ дейди ўтган кунларини эслаб Гулбаҳор.

Гулбаҳор бева аёл. Яқинда эрини кўмди. У Россияда ишлаб юрганда эри ароқхўрликка берилди ва касал бўлиб оламдан ўтди. Ўшандан у буён у оиланинг ягона боқувчиси.

- Шунча йилдан бери ресторандаги ишим юзасидан бировдан ёмон гап эшитганим йўқ. Ҳамма мени қандай ишлашимни кўриб турибди. Илгари менга бошқача кўз билан қарашарди. Лекин улар билан яқиндан танишганимдан сўнг менга муносабат ҳам бутунлай ўзгарди. Ҳамма нарса одамнинг ўзига боғлиқ, дейди Гулбаҳор.

Қозоғистон-Россия чегарасига ҳам етиб келдик. Вагонга аввал қора инглиз итлари билан чегарачилар чиқишди. Икки соатдан ортиқ туриб қолганимиз Гонюшкино станциясида сўзамол прапоршик менга итлар тўғрисидаги ачинарли воқеалардан ҳикоя қилиб берди.

Унинг айтишича, бу итлар узоқ умр кўрмас экан. Чунки уларнинг овқатларига наша ва героин қўшиб бериларкан. Итлар қаттиқ ишлаб, организми ишдан чиқар ва навбатдаги дори кўплик қилиб ўлиб қоларкан. Кинологлар эса ҳар икки-уч йилда Англиядан янги кучуклар олиб келишаркан. Лекин биз бу ҳикояларга ишонмадик.

Кейинроқ бир мутахассиснинг айтишича, итларни наркотик моддага ўхшаш дори билан ўргатишаркан. Билмадим энди қайси бири ҳақ уларнинг, ҳар ҳолда биз афсонавий “Шарқий наркоэкспресс” деб аталган поезда кетмоқда эдик.

Навбатдаги лавҳамизда Россия темир йўлларида кўрганларимизни ҳикоя қиламиз.
XS
SM
MD
LG