Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 06:54

"Ўзбекистон зиëлиларни ëқтирмайди"


Куни-кеча қамоқдан чиққан Кушодбек Усмонов ҳам тутқунликдаги ҳаëт даҳшатидан гапиради.
Куни-кеча қамоқдан чиққан Кушодбек Усмонов ҳам тутқунликдаги ҳаëт даҳшатидан гапиради.

Безориликда айбланиб¸ Асака туман суди ҳукми билан 6 ойлик қамоққа ҳукм этилган андижонлик журналист Кушодбек Усмонов озодликка чиққач¸ тутқунликдаги ҳаëти ҳақда ҳикоя қилади.

- Роппа-роса олти ой кутдим. Қамоқхонада шунақа жорий этибдики¸ 16 соат тикка турасиз ëки 16 соат ўтирасиз. Саккиз соат ухлайсиз. Агар каравотда ëтиб қолсангиз¸ сизни олиб чиқиб резина дубинка била уришади ëки бўлмаса СИЗО га тиқишади.

Бир соатлик прогулкани беш ëки 10 минут қилади. Мен “Ахир қонундан бир соат кўрсатилганку. Мен қари бўлсам. Менга суткасига ҳеч бўлмаса ярим соат ëки бир соат беринглар” десам¸ менга ҳайфсанн эълон қилди. Нима дейсиз? Додингизни кимга айтасиз? Ҳамма ëқда қонунсизлик ҳукмрон¸ дейди Кушодбек Усмонов.

Ўзбекистон Жиноят кодексининг безорилик моддаси билан айбланган журналист Асака туман жиноий ишлар суди томонидан олти ойга озодликдан маҳрум этилган эди.

Кушодбек Усмоновнинг Озодликка айтишича, у маҳаллий милиция ходимларининг шахсий хусумати қурбони бўлган:

- Ўзбекистон зиëлиларни¸ ҳақиқат севувчиларни ëқтирмайди. Шу сабабли 63 ëшга кирган кекса журналистни олиб бориб қамадилар. “Ота мерос”¸ “Ишлаган айбдорми?”¸ “Антиқа бошқотирма” каби қатор танқидий мақолаларнинг муаллифи бўламан мен. Танқидий мақолаларим “Моҳият”¸ “Туркистон” ва бошқа газеталарда чиққан.

Бундан ташқари¸ қонунбузарликлар ҳақида радиога ҳам чиқиб гапираман. Қолаверса¸ Асака туман ички ишлар бўлими капитани Ҳабибулло Қосимов дегани бор. Кечасими кундузими хоҳлаган одамининг уйига киради¸ хоҳлаган одамга тазйиқ ўтказади. У ўгай укам билан битта мактабда ўқиган. Ўгай укам мени ëқтирмайди. Ўша подставка қилган мени. Бу ерда ҳеч қандай безорилик йўқ¸ дейди Кушодбек Усмонов.

Унинг сўзларига кўра, қўшниси билан бўлган можаро ва участка нозирининг ғайриқонуний фаолияти устидан ёзган шикоятлари учун ундан қасос олишган. Бўлиб ўтган воқеалар хусусида Кушодбек Усмонов шундай дейди:

- Иккинчи туҳмат масаласига келсак¸ мен участкавойнинг устидан ариза ëзган эдим. Чунки у менинг қўлимни қайириб¸ ҳароми деб сўккан эди. Хотинимни сўккан эди. У пайтда уйга яширин видеокамера қўйган эдим.

Адлия вазирлигининг Хадича Сулаймонова номидаги республика суд мед-экспертиза марказининг 29 май кунидаги “Ҳақиқатан ҳам Асака туманининг участка нозири Ҳабибулло Абдунабиевич Қосимовнинг овози бу. Ҳақиқатан ҳам куч ишлатган. Ҳақиқатан ҳам сўккан” деган хулосаси бор. Шу хулоса бўлса ҳам мени булар олиб бориб қамашди. Олти ой муддат беришди¸ ишламаган деб ëзишди. Бир миллион 250 минг сўм жарима солишди. Бунга нима дейсиз? Куясизми¸ куласизми¸ дейди Кушодбек Усмонов.

Кушодбек Усмонов фикрича, бугун Ўзбекистонда мустақил журналист бўлиб фаолият ишлаш хавфли бўлиб қолди. Расмийлар турли баҳоналар билан мустақил журналистларни жамиятдан иҳоталаб қўйишга ҳаракат қилади:

- Ахборот воситалари ҳеч нарсани ëритмайди. Ëритадиган бўлса¸ Дилмурод Саййидга ўхшаб олиб бориб қамаб қўяди. Қисқаси¸ мени отиб ташлашар ëки яна олиб бориб қамаб қўйишар. Булар устаси фаранглар. Ҳақиқат Ўзбекистонда йўқ¸ йўқ ҳақиқат¸ дейди Кушодбек Усмонов.

Қароргоҳи Ню-Йоркда жойлашган Журналистларни ҳимоя қилиш халқаро қўмитасига кўра¸ ҳозирда Ўзбекистон қамоқхоналарида олти нафар журналист сақланмоқда.

Булар 1999 йилда қамалган "Эрк" газетаси муҳаррирлари Муҳаммад Бекжон ва Юсуф Рўзимуродов¸ 2002 йили қамалган "Ҳуррият" газетаси мухбири Ғайрат Михлибоев, 2004 йили қамалган "Поп тонги" газетаси мухбири Ортиқали Номозов, 2006 йилдан бери руҳий касалликлар шифохонасида сақланаëтган мустақил журналист, президент Каримовнинг жияни Жамшид Каримов ва 2008 йилнинг октябрида 10 йилга озодликдан маҳрум этилган мустақил журналист Солижон Абдураҳмоновлардир.

Айни пайтда Самарқандда яна бир мустақил журналист Дилмурод Саййид иши бўйича маҳкама давом этмоқда.
XS
SM
MD
LG