Линклар

Қирғиз журналисти милиция калтагидан нобуд бўлди


Марҳум журналист Алмаз Ташиев ортида икки қиз ва бир ўғил чирқиллаб қолди.

Марҳум журналист Алмаз Ташиев ортида икки қиз ва бир ўғил чирқиллаб қолди.

Бир неча кун аввал Қирғизистоннинг Новқат туманида калтакланиб, оғир аҳволда касалхонага етказилган мустақил журналист Алмаз Ташиев 12 июл куни ҳаётдан кўз юмди.

Марҳум журналистнинг яқинлари унинг милиция ходимлари томонидан асоссиз равишда калтакланганини айтмоқдалар.

Сўнгги пайтларда “Ағим” республика газетасида фаолият юритаётган Алмаз Ташиев ой бошида ўзи туғилиб ўсган Новқат туманига борганди.

Марҳумнинг укаси Мелис Ташиевга кўра, Алмаз синфдоши Рустам Қулушев билан бирга 4 июл куни эрталаб Новқат туман Янгибозор қишлоғидаги милиция бўлимига паспорт учун ҳужжат тайёрлагани борган. Ўша пайтда милиция ходимлари мазкур бўлимга раҳбар бўлиб келган Жениш Ўсмўновнинг янги лавозимини “юваётган” бўлганлар.

- Жениш Ўсмўнов Янгибозор милиция бўлимига бошлиқ бўлиб тайинланганини ҳамкасблари билан нишонлаб, маст аҳволда идорадан чиқиб келаётганда акам билан синфдоши уларга йўлиққан. Нимадир бўлиб, улар гап талашиб кетганлар. Наригилар ўн тўрт киши бўлган. Алмаз акамни дарров тепкилаб ташлаганлар.

Гувоҳларнинг айтишича, бошлиқ “буни олиб бориб, РОВДга (туман ички ишлар бўлими – таҳр.) ташланглар” деганига қарамасдан, уни далага ташлаб кетишган. Кейин қайта олиб келиб, “бошқа қишлоқдан калтак еб келдим деб ёзиб беринглар” деганда, улар бунга кўнмаганлар. Кейин яна калтаклашган, дейди Мелис Ташиев.

Унинг таъкидлашича, айрим милиционерлар акасини калтаклаганини дарҳол бўйнига олганлар. Бундан ташқари, жанжал нимадан чиққанини тасдиқлайдиган гувоҳлар ҳам бор.

Ушбу тилхатда Нурматов фамилияли милиция ходими Алмаз Ташиевни калтаклаганини тан олиб, унинг соғайиб кетиши учун барча харажатларини ўз бўйнига олиши ҳақида ёзади.
- Ич-этини эзиб ташлаганлар. Бурни синган. Милиция ходимларидан бири келиб, “урганим рост, маст эдим, нима қилганимни билмайман, лекин ҳамма харажатини кўтараман” деб тилхат ёзиб бериб кетди. Мана ўша тилхат, дейди Алмазнинг амакиси Абдивали Анарбаев.

Новқат туман касалхонаси неврология бўлими бошлиғи Гулмира Абдираҳмановага кўра, 4 июл куни калтакланган журналист Алмаз Ташиев 5 июл куни эрталаб касалхонага етказилган, бироқ аҳволи ўнгланган эмас. Шу сабабли 10 июл куни у Ўш вилоят клиник касалхонасига юборилган ва Ўшда шошилинч жарроҳлик амалиёти ўтказилган. Аммо олинган жароҳатлардан мияси қаттиқ чайқалган Алмаз ҳушига келмай, 12 июл куни кечга яқин жон берган.

Марҳум журналистнинг укаси Мелис Ташиевнинг айтишича, Алмаз милиция ходимлари калтагидан қазо топди, шу сабабли улар ўз ноқонуний хатти-ҳаракатлари учун жавоб беришлари шарт.

Новқат туманидаги Янгибозор милиция бўлими бошлиғи Жениш Ўсмўнов эса ўз қарамоғидаги ходимлар Алмаз Ташиевни калтаклаганини инкор қилмоқда.

- Унақа ҳодиса бўлгани йўқ. Навбатчидан сўрасам, “Алмаз деган йигит маст аҳволда экан, бизга қаршилик қилиб, сўкди” деб айтди. Калтаклаганларини билмайман. Ҳеч ким калтаклагани йўқ, деди Жениш Ўсмўнов.

Янгибозор милиция бўлими бошлиғи ҳозирда текширув ўтказилаётганини, унинг натижаси бўйича кенгроқ маълумот беришини билдирди.

Новқат туман прокурори Суюнбек Сатибалдиев журналистнинг ўлими билан боғлиқ ишни шахсан назоратга олганини, ҳодисага милиция ходимларининг алоқаси борлигини билдирди.

Қирғизистон ички ишлар вазири Молдомуса Қўнғантиев эса журналистнинг ўлдирилиши юзасидан жиноий иш қўзғатилишини маълум қилди.

33 ёшли Алмаз Ташиев сўнгги йилларда бир неча мустақил нашрда фаолият кўрсатган ва расмийларга хуш келмайдиган танқидий мақолаларни ёзган.

Айни пайтда қирғизистонлик ҳуқуқ ҳимоячилари президент Қурмонбек Бакиев даврида мамлакатда сўз эркинлиги ва журналистларнинг иш шароити билан боғлиқ вазият анча оғирлашганини айтмоқда.

2007 йилдан буён Қирғизистонда бир неча журналист номаълум шахслар тарафидан калтакланган. 2007 йил октябрида эса ўшлик таниқли журналист Алишер Соипов номаълум шахслар тарафидан ўлдириб кетилган.

2008 йилда “Кабар” ахборот агентлигининг журналисти Алтин Жўлдўшев номаълум кишилар томонидан калтакланганди.
2009 йил 3 март куни эса “Репортёр-Бишкек” газетасининг мухбири Сирғақ Абдилбаев пичоқлаб кетилган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG