Линклар

logo-print

Саҳро нури Европани ëритмоқчи


Лойиҳада¸ тандирдек қизиб ëтган Саҳрои кабирга ўрнатиладиган ясси бўлакларнинг қуëш нурини йиғиб¸ махсус турбиналарга йўналтириши кўзда тутилган.

Лойиҳада¸ тандирдек қизиб ëтган Саҳрои кабирга ўрнатиладиган ясси бўлакларнинг қуëш нурини йиғиб¸ махсус турбиналарга йўналтириши кўзда тутилган.

Германиядаги айрим ширкатлар Саҳрои кабирдаги қақшатқич қуёш нурини электр энергияси ишлаб чиқаришга йўналтиришни кўзда тутувчи қарийб 600 миллиард долларлик лойиҳа ишлаб чиқдилар.

Германиялик мутахассисларнинг бу ташаббуси кўпчилик учун қуруқ сафсата бўлиб туюлиши мумкин.

Лойиҳа муаллифлари Саҳрои кабирда жойлаштирилган мингдан зиёд ойна ёрдамида қуёш нурларини турбиналарга йўналтириб, электр қуввати ишлаб чиқаришни режаламоқдалар.

Шу йўсинда ишлаб чиқарилган электр қуввати Ўрта ер денгизи орқали Европага етказиб берилади. Худди шундай ускуналарнинг Яқин Шарқда ҳам ўрнатилиши режаланган.

13 июл куни Германиянинг Мюнхен шаҳрида Desertec лойиҳаси иштирокчиларининг биринчи учрашуви бўлиб ўтди. Ушбу учрашув қайта суғурта қилиш масалалари билан шуғулланувчи жаҳоннинг йирик Munich Re ширкати ташаббуси билан ўтказилди.

Munich Re ширкати сўнги йиллар мобайнида табиий офат, жумладан, сув тошқини, ёнғин ва кучли бўронлардан зарар кўрган компанияларга миллиард доллар қийматида суғурта пулини тўлашга мажбур бўлди ва эндиликда ушбу ширкат глобал иқлим ўзгаришига қарши фаол курашувчиларидан бирига айланди.

Ширкат расмийларидан бири Торстен Жеворрек нафақат европаликлар¸ балки маҳаллий аҳоли ҳам мазкур лойиҳадан манфаат кўришини айтади.

-Африканинг шимолий минтақаларига, Яқин ва Ўрта Шарққа ҳамда Европага электр энергиясини катта миқдорда етказиб бериш мақсадида қуёш ва эҳтимол шамол энергиясидан фойдаланиш ғояси ҳозирча келажак иши бўлиб қолса-да¸ унинг техник жиҳатлари одамни ўзига жалб қилади, дейди Торстен Жеворрек.

Лойиҳа тарафдорларига кўра, қуёш батареялари ёрдамида энергия олиш услуби алаққачон ўзини оқлаб бўлган. Бундай ускуналар 1980 йилдан бери АҚШнинг Можаве саҳросида муваффақиятли ишлаб келмоқда.

Айни пайтда Desertec лойиҳасини Европа Итифоққининг бошқарув қўмитаси қўллаб-қувватламоқда. Munich Re ширкати матбуот вакили Александр Моханти ҳам лойиҳани “келажакка назар”, дея баҳолаб, унинг тарафдорлари шунчаки хаёлпарастлар эмас, балки бу ишдан конкрет натижа кутаётган одамлар эканини таъкидлади.

Бироқ ушбу лойиҳага қарши чиқувчилар ҳам йўқ эмас. Лойиҳанинг умумий қиймати 560 миллиард долларга баҳоланмоқда ва танқидчиларга кўра, лойиҳа бундай катта харажатни оқлашга қодир эмас.

Munich Re ширкати расмийси Торстен Жеворрек ҳам лойиҳани амалга оширишнинг қимматга тушишини тан олади ва дастлабки ҳисоб-китоб лойиҳанинг ҳаётга тадбиқ этилиши ҳар бир европаликка минг евродан тўғри келишини кўрсатганини айтади.

- Бироқ бир нарса аниқ. - глобал иқлим ўзгаришидан кўрилган зарар Desertec лойиҳасига сарфланган пуллардан бир неча баробар кўп бўлади. Бу борада қанча узоқ қўл қовуштириб ўтирсак¸иқлим ўзгаришидан кўрилаётган зарар ҳам шунча кўп бўлади¸ дейди германиялик мутахассис.
XS
SM
MD
LG