Линклар

Шошилинч хабар
25 апрел 2024, Тошкент вақти: 13:26

"Мени сайланг,мени сайланг" авжга чиқди


Сайловолди тадқиқотлари натижаларига кўра, Қирғизистондаги сайловолди рекламаларининг 80 фоизи амалдаги президент Қурмонбек Бакиевга тегишлидир.
Сайловолди тадқиқотлари натижаларига кўра, Қирғизистондаги сайловолди рекламаларининг 80 фоизи амалдаги президент Қурмонбек Бакиевга тегишлидир.

Қирғизистонда президентлик сайловига 9 кун қолди. Сайлов куни яқинлашгани сайин мамлакатдаги энг олий лавозимга даъвогар олти номзод¸ чўнтаги кўтарганича¸ ўзини тарғиб қилишга зўр бермоқда.

Қирғиз матбуоти сайловни шайтон ўйинига тенглаштиради. Шайтон эса бу ўйинни пул билан бошқариб турармиш.

Шу ўринда ўзбекнинг забардаст шоири Шавкат Раҳмоннинг “сиёсат энг катта қимордир, болам” деган сатрлари ҳам ёдга тушади.

Қирғизистон президентлигига номзодлар ҳам қирғиз матбуоти таъбири билан айтганда “шайтон ўйини”дан, ўзбек шоири мисралари билан айтганда “сиёсат аталмиш қимор”дан пулни аяшмаяпти.

- Бакиев Қурмонбек Солиевичнинг сайловолди тарғибот жамғармаси бугунги кунда 35 миллион 568 минг 500 сўмни ташкил қилган. Шу кунгача тарғибот ишлари учун бу маблағнинг 14 миллион 704 минг 674 сўми ишлатилган.

Атамбаев Алмазбек Шаршеновичнинг сайловолди тарғибот жамғармаси 4 миллион 502 минг 200 сўмни ташкил қилади. У тарғибот учун бу маблағнинг 4 миллион 488 минг 534 сўм 99 тийинини ишлатиб бўлган, деди Қирғизистон Марказий сайлов комиссияси расмийси Жусуп Иманалиев.

Расмийнинг айтишича, қолган тўрт номзоднинг ҳар бири 500 минг сўм миқдоридаги тарғибот жамғармасига эга.

“Даромадга яраша буромад” деганларидек, энг кўп маблағга эга бўлган президент Бакиевнинг тарғибот варақчалари, медиарекламалари, плакатлари ва баннерларини ҳар қадамда учратиш мумкин.

Қирғизистон медиа вакиллиги институти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, сайловолди рекламаларининг 80 фоизи Қурмонбек Бакиевга тегишлидир.

Қолган номзодлар эса камчиқимроқ бўлганлари учун тарғиботлари ҳам одмироқ.

Бироқ “пул бўлса, чангалда шўрва” деган мақол ҳамма вақт ҳам тўғри чиқавермас экан. Қирғизистон фуқаролари фақат бир номзоднинг рекламаси босимидан бездилар шекилли¸ уларнинг нақадар қонуний эканини аниқлаб беришни илтимос қилиб, сайлов комиссияларига мурожаат қилдилар.

- Ҳаммаёқни бўёқлар билан битилган “Халқ Бакиев билан”, “Бакиев тарафдоримиз” деган ёзувлар, плакатлар ва бошқа тарғибот воситалари босиб кетган эди. Биз уларнинг нақадар қонуний эканини аниқлаб беришни илтимос қилиб, сайлов комиссияларига ариза йўллаган эдик. Шундан сўнг Бакиевнинг тарғибот воситалари анча озайиб қолди, дейди Чуй вилояти Москва туманида яшовчи Абдуқалиқ Рустамов.

Маълум бўлишича, сайлов комиссиялари амалдаги президент ва айни пайтда президентликка номзод Қурмонбек Бакиевга тегишли тарғибот воситаларининг бир қисми ноқонуний эканини ва шунинг учун ҳам олиб ташланиши лозимлиги тўғрисида қарор чиқарганлар.

- Бу ариза Марказий сайлов комиссияси ишчи гуруҳи томонидан ўрганиб чиқилди. Ишчи гуруҳи бу тарғибот воситаларини олиб ташлаш тўғрисида қарор чиқарди. Бу қарор бажарилди, деди Чуй вилоят сайлов комиссияси раиси Роҳат Иманбекова.

Унинг айтишича, вилоятнинг Тўқмоқ ва Чуй туманларида ҳам Қурмонбек Бакиевнинг бир қанча рекламалари олиб ташланган. Бу эса президент-номзоднинг анчагина пулга куйиб қолганини англатади.

Бироқ, мутахассислар фикрича, президент Бакиев рекламаларининг олиб ташланиши бу номзоднинг фаол тарғибот ишларини олиб боришига халақит бермайди. Чунки кўча тарғиботидан куйган номзод Бакиев кўпроқ телевидение, радио ва газеталардан фойдаланишга ўтди.

Қирғизистон медиа вакиллиги институти ўтказган тадқиқот натижаларига кўра, президент Бакиев айрим телеканалларнинг сайловолди тарғиботи учун ажратган вақтининг 96 фоизини сотиб олган.

Қолган беш номзоднинг маблағи эса телевизион рекламанинг фақат 4 фоизини сотиб олишгагина етган.
XS
SM
MD
LG