Линклар

logo-print

ТелефонТ, манекенТ ва бошқалар

  • Сарвар Усмон

Самарқанда марказидаги Гўри Амирга ароқ заводи туташиб кетгани камлик қилгандек¸ энди бу заводдан чиқаëтган янги конякка Тилла кори мадрасаси номи берилди.

Самарқанда марказидаги Гўри Амирга ароқ заводи туташиб кетгани камлик қилгандек¸ энди бу заводдан чиқаëтган янги конякка Тилла кори мадрасаси номи берилди.

Албатта, “телефонТ” эмас, “телефон”, “манекенТ” эмас, “манекен”дир. Шунингдек, “Сарбаст” аслида пиво эмас, шеър шакли; “Тилла кори” аслида коньяк эмас, масжид номидир.

Лекин кейинги йилларда ўзбек бундай “майда-чуйда”ларга эътибор бермай қўйганга ўхшайди.

Самарқандлик майпазлар “Тилла кори” коньягини сотувга чиқарибди.

- Масжид-мадраса номиниям спиртли ичимликка берадиларми, бу саводсизликми ё масхарабозликми, деб куюниб, фикрини ҳурматлайдиганим кишиларга арз қила бошладим.

Арзимни тинглаганлар орасида ўзбекнинг катта адибларидан бири Эркин ака Аъзамов бор.

Эркин ака деди:

- Энди бунинг ҳаммаси сўзни билмасликдан¸ сўзга масъулият йўқлигидан келиб чиқади. Масалан¸ Тошкентда “Сарбаст” деган пиво бор. “Сарбаст” бу оқ шеърнинг шакли. Шеърнинг бир турида бу. Ëки “Барлос” деган пивомиз бор. Бу энди Амир Темур бобонинг уруғида. “Патриот” дегани ҳам бор. Кўп¸ бунақаларнинг саноғи йўқ¸ дейди Эркин Аъзам.

Демак, бугунги кунда шеър ҳам пиво, уруғ ҳам пиво. Ватанпарварман десанг, “Патриот” ич. У ҳам пиво.

Айниқса, шу кунларда – ёзнинг чилласида пиводай “салқин ичимлик” жуда кетади-да, деб “Сарбаст”, “Барлос”, “Патриот”ни текин реклама қилай, деб турсам, адабиётшунос Бахтиёр Исабеков урушиб берди.

“Салқин ичимлик” деб ишлатманг, деб урушиб берди.

- Соя тушиб турган ва теваракдан кўра анча ҳарорати пастроқ бўлган жойни биз салқин жой деймиз. Салқин жой бўлиши мумкин¸ ҳавони салқин дейиш мумкин. Лекин ичимликка нисбатан салқин ишлатилмайди¸ дейди Бахтиëр Исабеков.

“Ишлатилмаслиги керак”, демоқчи Бахтиёр ака.

- Лекин ўзбек ишлатаверади, куюнманг, деб тасалли бермоқчи бўлди шоира Дилором опа Исҳоқова, - ўзбек ўзбекча фикрламай қўйган, ўзбек тайёр ўрисча шаклларни ўгиради- қўяди¸ дейди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларини назарда тутар экан, Дилором опа деди:

- Ана ўша даврда бензин ташийдиган машиналарнинг биқинига каттакон қилиб “Огнеопасно” деб ëзиб қўйиларди. Энди унинг ўзбекчасини ëзиш керак бўлгандан кейин ўша машиналарнинг ҳаммасининг биқинига “Ëнғиндан хавфли” деб ëзиб қўйишди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Орадан йиллар ўтди. Ўша бензин ташигич уловлар эскирди. Ўрнига янгилари келди.

Дилором Исҳоқова: Янги турдаги машиналарнинг биқинига ҳам айнан “Ëнғиндан хавфли” деб ëзилди.

Озодлик: Шу кунда ҳам шундайми?

- Айнан шу кунда ҳам “Ëнғиндан хавфли” деб ëзиб қўйишган¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Лекин ўзбекнинг бундай “майда” ғализлик билан иши йўқ. Бир ўзбек манекенТига кийдириб қўгани кийимни сотиши, бошқа ўзбек ўша манекенТдаги кийимни сотиб олиши керак.

Ҳай, хатоси учун савдогарнинг бир қошиқ қонидан кечвормоқчи билгичлар.

Лекин Ферузни заифага айлантириб қўйганларникидан кечмоқчи эмаслар.

- Ферузни ҳамма билади¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Ҳамма билармикан? Билмаганлар ўзи ҳаракат қилсин-да, билиб олсин.

Дилором Исҳоқова: Ферузни рус тилида ëзилганида “Квартал Феруза” деб қўйган.

Озодлик: Феруз маҳалласи.

- Оддийгина Феруз маҳалласи. Уни таржима қилишган. Рус тилида родлар борку. Кейин падежлар бор. Падежлар бўйича рус тилида тўғри. Кимнинг квартали ëки қайси квартал деганда квартал Феруза. Улар жуда тўғри ëзилган. Худди ўшани¸ Ферузни Феруза қилиб “феруза квартали” деб ëзиб қўйишибди. Ўша аккушер-генекология институтининг рўпарасида катта қилиб “Квартал Феруза” деб ëзиб¸ осиб қўйишибди¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Энг қизиғи...

- Шу ëзувнинг ўртасида Ферузнинг портрети турибди. Эркак киши¸ дейди Дилором Исҳоқова.

Биз эса, коньякни “Тилла кори” деб атаганлардан хафа бўлиб ўтирибмиз.

Ўзи умуман, масжид-мадраса номи спиртли ичимликка берилиши бежиз эмасга, жамият шунга тайёрга ўхшаб қолди.

Яна Эркин ака Аъзамовдан эшитамиз.

- Энди дўконлардан гапирай. Биласиз¸ ҳозир хусусий дўконлар кўпайиб кетган. Масалан “Қўчқор ҳожи ота” қаҳвахонаси ëки “Акром ҳожи ота” қаҳвахонаси. Бу қаҳвахонада нималар кетиши маълум. У ерда ароқ ҳам сотади¸ маишат ҳам бўлади ва ҳоказо. Демак¸ бу нарсалар ўша ҳожи отанинг уйида¸ дўконида бўлади¸ дейди Эркин ака Аъзамов.

Хуллас, гапирсак гап кўп. Уччала суҳбатдошим билан ҳаммаси бўлиб бир соатлик суҳбат ёзиб олдим.

Уччала зиёлининг боши узра тутун кўргандай бўлдим.

Сўзга эътиборсизликдан, тилга эътиборсизликдан куйинганларидан ўртаниб, бошларидан тутун чиқиб кетгандай бўлди.

Бу соҳада тартиб ўрнатиш ҳеч қачон кеч эмас. Ўша тартибни, ёзувчи Эркин Аъзамовнинг фикрича, мамлакатнинг энг таниқли кўчаларидан бири – Тошкентнинг Навоий кўчасидан бошласа ҳам бўлаверади.

- Йўлнинг икки четида магазинларнинг номи¸ фирмаларнинг номи¸ дўконларнинг номи. Масалан¸ мен ўзимни маълумотли одам деб биламан¸ лекин жуда кўпчилигини тушунмайман. Хорижий¸ ажнабий тилларда. Балки бизнинг шаънимизга¸ бизнинг ватанимизнинг шаънига нолойиқ гаплар ҳам бўлиши мумкин.

Менинг фикримча¸ мустақил мамлакатда¸ давлат тилига эга бўлган мамлакатда¸ бу нарсалар бизнинг қонунимизда кўрсатиб қўйилган. Бунинг ўзбек тилидаги шарҳи ҳам бўлиши керак¸ дейди Эркин Аъзамов.

Эркин аканинг мана шу гапидан кейин бир нарсани тушундим.

Ўзбек токи Навоий кўчасидаги пештоқларга ўзбекча ёзишни ўрганмас экан, коньякни “Тилла кори” деб номлаш уят бўлишини тушуна олмайди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG