Линклар

Шошилинч хабар
29 март 2024, Тошкент вақти: 20:52

Ўзбекистон Набуккога қўшилиши мумкин


Набуккога қўшилган давлатлар сафига яқин келажакда Ўзбекистон ҳам қўшилиши мумкин.
Набуккога қўшилган давлатлар сафига яқин келажакда Ўзбекистон ҳам қўшилиши мумкин.

Европа иттифоқини Россия газига қарамликдан қутқариши кутилаëтган Набукко қувурлар лойиҳаси қоғоздан ҳаëтга кўчиш арафасида турган айни кезда Ўзбекистоннинг бу лойиҳага қўшилиш имконлари ҳам тилга тушмоқда.

13 июл куни Туркия ва Европа Иттифоқи аъзолари бўлмиш Австрия, Болгария, Венгрия ҳамда Руминия ҳукумати раҳбарлари Анқарада Набукко ҳукуматлараро шартномасини имзоладилар. Мазкур маросимда иштирок этган Европа Комиссияси президенти Хосе Мануэл Баррозо Набукконинг Европа Иттифоқи учун муҳим аҳамиятга эгалигини алоҳида таъкидлади.

Европа комиссиясининг энергетика масалалари бўйича матбуот вакили Феран Тарраделлас Озодлик билан суҳбатда дастлабки босқичда Набукко қувури Озарбайжон табиий гази билан тўлдирилишини айтди.

- Туркманистонда ҳам катта газ заҳиралари борлиги аниқланган. "Жанубий йўлак" лойиҳасида бу мамлакат муҳим ўйинчи бўлиши мумкин. Келгусида газ таъминотига қўшилишлари учун Қозоғистон ва Ўзбекистон билан ҳам сўзлашувлар олиб бораяпмиз, деди Энергетика масалалари бўйича Еврокомиссия матбуот вакили.

Шу ўринда Ўзбекистон Набуккога қўшилиш имкониятига эгами, деган савол туғилади.

Ўзбекистонлик мустақил кузатувчи Комрон Алиев Ўзбекистоннинг Набукко лойиҳасига қўшилиши эҳтимолдан йироқ деган фикрда. Кузатувчи бу фикрини Ўзбекистонда йирик газ заҳираларининг ҳозирча ўзлаштирилмагани билан изоҳлайди.

- Ўзбекистондаги четга сотилаëтган газ заҳиралари унчалик катта эмас. Агар катта газ заҳиралари топилиб¸ Ўзбекистон четга 20-25 миллиард куб метр газ сотадиган бўлса¸ ўша пайтда бир қисмини Набуккога сотиши мумкин, дейди Комрон Алиев.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер ўзбекистонлик иқтисодчи фикрига қўшилмайди. Панниерга кўра, Ўзбекистон Набуккога қўшилиш имкониятига эга ва Европа Иттифоқи Ўзбекистонни аллақачон Набукко лойиҳаси бўйича олиб борилаётган музокараларга қўшган.

- Европа Иттифоқи Ўзбекистон вакилларини Набукко бўйича ўтказилаётган сўзлашувларга қўшган. Яқинда Испания ширкатлари Ўзбекистонда янги газ заҳираларини қидириб топиш бўйича Ўзбекистон ҳукумати билан келишув имзолади. Ҳозир Ўзбекистонда камида 3–5 триллион куб метр табиий газ заҳираси борлиги айтилмоқда. Бу Ўзбекистон газ бўйича Россия, Хитой ва бошқа давлатлар билан имзоланган шартномаларни бажариш баробарида Набуккога ҳам газ етказиб бера олади деган гап, дейди Брюс Панниер.

Лондондаги Иқтисодий тадқиқотлар марказининг Марказий Осиё бўйича мутахассиси Анна Метвеева, агар Набукко сиёсий ташаббусгина бўлиб қолмай, у амалга тадбиқ этилса ва унга Қозоғистон ҳам қўшилса, Ўзбекистон бу лойиҳада иштирок этади деган фикрда. Британиялик мутахассисга кўра, Ўзбекистон ҳам ўз энергия ресурслари экспорт йўлини диверсификация қилишдан манфаатдор.

- Ўзбекистон раҳбарияти ўз ихтиёрида бўлган йўналишларни диверсификациялашни хоҳлайди. Президент Каримов қўлида бир нечта ишончли қарта бўлганида, ўзаро рақобатчи ва таяниш мумкин бўлган кучлар мавжуд бўлганда сиёсий ўйин ўйнашни ёқтиради. Шу боис энергия экспорти йўллари қанча кўп бўлса, жумладан Набукко лойиҳаси амалга ошса, шубҳасиз Ўзбекистон унда қандайдир рол ўйнашга ҳаракат қилади, дейди британияли мутахассис Анна Матвеева.

Европа Иттифоқи Россия газига бўлган қарамликни камайтириш мақсадида Набукко газ қувури лойиҳасини ишлаб чиққан ва қувурларнинг 2014 йилда ишга тушиши режаланган.

Тўлиқ қувват билан ишлаганда Набукко қувурларининг Европа Иттифоқи давлатларига йилига 31 миллиард куб метр табиий газ етказиб бериши кутилмоқда.
XS
SM
MD
LG