Линклар

Жиззахлик муаллимлар аҳволи танг

  • Садриддин Ашур

Икки ойдан бери маошсиз ўтирган жиззахлик ўқитувчилар ковул териб, тирикчилик ўтказиш учун чўлга чиқиб кетмоқдалар.

Икки ойдан бери маошсиз ўтирган жиззахлик ўқитувчилар ковул териб, тирикчилик ўтказиш учун чўлга чиқиб кетмоқдалар.

Май ойи маошлари ва таътил пулларини ололмаётгани жиззахлик ўқитувчилар рўзғор тебратиш учун чўлдан ковул териб сотишга мажбур бўлмоқдалар.

Зарбдор туманининг ўқитувчилари икки ойдан буён маошсиз ўтиришибди. Бу ҳақда Озодлик радиосига ўз исмини билдиришни истамаган ўқитувчилар гапириб берди:

- Ҳали май ойининг ойлигини олганимиз йўқ¸ меҳнат таътилини олганимиз йўқ. Ҳозир шуни кутиб ëтибмиз. Қийналиб¸ ундан-бундан қарз олиб яшаб турибмиз. Магазиндан ҳам қарзга олаяпмиз.

Пластик карточкага ўтказилган пулни терминаллардан ололмаяпмиз. Пул йўқ. Tерминаллари бор магазинлар ҳам кўп продукта беравермайди. Макарон ва шунга ўхшаган нарсалар беради. Ўтмаган¸ эскириб қолган нарсалар-да¸ дейди икки ойдан буëн маошсиз ўтирган ўқитувчилардан бири.

Бошқа бир ўқитувчининг сўзларига кўра, улар ўртача 150-160 минг сўм маош олишади. Бошқа даромадлари йўқ. Боз устига, маошларининг 30 фоизи пластик карточкаларга ўтказилмоқда. Пластик карточкага эса оладиган молнинг ўзи йўқ:

- Пластик карточкага қолиб кетган товарларни беради. Тайинли нарса йўқ. Қолиб кетган макаронлар бор. Уларни олиб еб ҳам бўлмайди.

Олдимиздаги дўкон эгалари бизларни танийди¸ билади. "Ойликни олганда берамиз" деб ўшалардан қарз олиб қийналиб яшаяпмиз. Биз у ойдан бу ойга умид билан яшагандан кейин у ой бу ойга чўзилиб кетаяпти. Ҳозир бу магазин эгаларининг ҳам ишончлари йўқолиб қолган. Чўзилиб кетаëтгандан кейин ҳаммаям ишонмайди-да¸ дейди яна бир ўқитувчи. .

Биз билан бошқа ўқитувчилар суҳбатлашишни истамадилар. Ҳуқуқ ҳимоячиси Зиёдулло Раззоқовнинг айтишича, одамлар таъқиб ва тазйиқлар сабабли ўз ҳақларини талаб қилишдан ҳам чўчиб қолишган:

Зиëдулло Раззоқов: “Нимага сизлар ўзимизда бўлаëтган нарсаларни у ëқдагиларга етказаяпсизлар?” деб халқ таълимидан¸ ички ишлардан¸ Миллий хавфсизлик хизматидан¸ ҳокимият томонидан мактабларга¸ ўқитувчиларга босимлар кучаяди. Улар ўқитувчиларнинг яшаш шароити¸ аҳолининг яшаш шароити қандай бўлаëтганини ўйламайди. Ҳаттоки¸ айрим ўқитувчилар ейишга нони йўқ бўлгани учун ковул териб кун кўраяпти.

Мана, пенсионерларнинг анча пайтдан бери пенсияларини олиш имкониятлари йўқ. Банкда кассир билан бухгалтер эрталабдан кечгача ëтади. Айрим мактаблар директорлари¸ бухгалтерлари¸ кассирлари фоиз эвазига пул олаяпти. У ҳам вақтида бера олмайди.

Пул ҳеч қачон банкка кирмайди. Кирим-чиқим бўлиб қоғоз кириб чиқади. Лекин туманники вилоятга¸ вилоятники республикага: “Бизда қарз йўқ”, деб бераяпти. Лекин аслида қарасангиз¸ далада чўпоннинг олдида қўй қандай юрса¸ айрим ўқитувчилар ковул териб оила тебратиш мақсадида мана шундай кун кўриш билан овора.

Озодлик: Ковулни нима қилишади улар?

- Ковулдан қанақадир дори тайëрланар экан. Уни четдан келиб бир килосини 600-700 сўмдан сотиб олишади. Бир кунда бола-чақаси билан уч-тўрт кило терса¸ 3000-4000 топади. Ҳозир бизда айни саратон пайти шу нарсани қилиб кун кўрмаса қийин. Ойлик йўқ¸ бошқа қўшимча даромаднинг иложи йўқ.

Битта-иккита мол билан кун кўрарди кўпчилик. Ҳозир мол боқадиган жойларнинг ҳаммасини “Юқоридан буйруқ бўлган” деб бузиб ташлаган.

Ҳозир қаватли уйларда яшаëтган фуқароларнинг аҳволини кўрсангиз... Домнинг олди яхши эмас. Худди иккинчи Афғонистонга ўхшайди. Ҳамма томон бузилиб¸ вайронаси чиқиб ëтибди.

Ҳатто молларни сақлаш учун жой бўлмаганидан бозорга олиб бориб, сув текинга сотаяпти. Бунинг ишонган қўшимча даромади бор-йўғи мол бўладиган бўлса. Шундай аҳволда кун кечиришаяпти ҳозир¸ дейди Зиëдулло Раззоқов.

Ҳуқуқ ҳимоячисининг айтишича, нақд пул тақчиллиги сабабли фақат маошга кун кечирувчи аҳоли қатлами оғир кунларга қолди.

Ўзбекистон Марказий Банки Жиззах вилоят бўлимининг пул муомаласи бўлими бошлиғи Пирмуҳаммад Жуманазаров билан боғланиб, ўқитувчиларнинг бу арз-додларини унга етказдик. Жуманазаровнинг айтишича, улар имкон қадар ўқитувчиларни маош билан таъминлашга ҳаракат қилмоқдалар.

Пирмуҳаммад Жуманазаров: Ярим қисми аллақачон тўлаб бўлинган. Ҳозир ҳам тўлаш чораларини кўриб¸ бор заҳираларимизни тўплаб¸ шуларга бераяпмиз биринчи ўринда. Улар биринчи даражали тўловлар ҳисобига олинган ижтимоий қатлам ҳисобланади.

Озодлик: Пул тақчиллигининг сабаби нимада?

- Сезони бўлади. Шу пайтда аҳоли бизда камроқ харажат қилади. Бизда қишлоқ хўжалигида аҳоли кўп яшайди. Шунинг ҳисобига харажат камаяди¸ дейди банк ходими.

Пирмуҳаммад Жуманазаров “аҳоли кам харажат қиляпти”, деб айтди. Қизиқ савол туғилади - ўқитувчилар айтганидек, уларнинг қўлида пул бўлмаса, қаердан харажат қилсин? Ёки банк ходими пули кўп тадбиркорларни назарда тутдимикин?
XS
SM
MD
LG