Линклар

logo-print

Расмий алоқалар кўнгилдагидек, лекин...


Таҳлилчилар фикрича, ўзбек-қирғиз чегараларидаги нохуш ҳодисалар ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўнгланишига тўсқинлик қилмоқда.

Таҳлилчилар фикрича, ўзбек-қирғиз чегараларидаги нохуш ҳодисалар ҳам икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар ўнгланишига тўсқинлик қилмоқда.

Кейинги кунларда минтақа матбуотида Ўзбекистон-Қирғизистон алоқаларининг тобора совуқлашиб бораётганига доир мақолалар кўпайиб бормоқда. Бу гапларда қанчалик жон бор?

Қозоғистондаги Сеntral Asian Monitor нашрида чоп қилинган “Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларининг яхшиланишига нима халақит бераяпти?” сарлавҳали мақолада ёзилишича, ўзбек-қирғиз чегарасида тез-тез содир бўлаётган зиддиятли воқеалар, ўзбек матбуотида расмий Бишкекнинг мунтазам танқид қилиниши алоқаларнинг мустаҳкамланишига халақит бермоқда.

Бундан ташқари, мақола муаллифлари Ўзбекистоннинг ишончсиз ҳамкор экани, бу мамлакатда авторитар тузумнинг мавжудлиги ва сув-энергетика муаммолари ўз ечимини топа олмаётгани ҳам икки давлат ўртасидаги ҳамкорликка раҳна солувчи омиллар эканини таъкидлаб ўтганлар.

Қирғизистонлик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев мақола муаллифлари фикрларига қўшилади.

- Расман Ўзбекистон ва Қирғизистон алоқаларида ҳеч қандай қора доғлар йўқ. Президент Бакиев Ўзбекистонга давлат сафари билан борганида президент Каримов уни Самарқанддаги ўзи катта бўлган маҳаллага олиб бориб, меҳмон ҳам қилди, ўша ердан Бакиевни Бишкекка кузатди.

Бундан ташқари, икки давлат ўртасида ҳамкорлик борасида жуда яхши шартномалар бор.

Бироқ бу шартномаларнинг бажарилмаётгани, Ўзбекистон расмий Бишкекдан фақат ўз манфаатига хизмат қилувчи ҳамкорликни талаб қилаётгани, сув-энергетика ва чегарадаги муаммолар “расман яхши” бўлган алоқаларимизнинг аслида ёмон эканини кўрсатиб турибди, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Бироқ тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов икки давлат ўртасидаги алоқаларнинг бу тарзда талқин қилинишини масъулиятсизлик сифатида баҳолайди:

- Менимча, бундай таҳлилни содда, юзаки, масъулиятсиз таҳлил, деб ҳисоблаш мумкин. Чунки чегара, сув-энергетика муаммолари бугун пайдо бўлган масала эмас. Мустақилликнинг биринчи йилларидан бери бу муаммо олий даражадаги учрашувлардагина эмас, балки мутахассислар иштирокидаги минтақавий анжуманларда ҳам эътироф этиб келинаяпти.

Шунинг учун “бу муаммолар Ўзбекистон-Қирғизистон муаммоларини совуқлаштираяпти” дейиш ўринсиз. Чунки бу муаммоларга ечим изланаяпти, дейди Фарҳод Толипов.

Сиёсатшунос фикрича, сув-энергетика ва чегара муаммолари сиёсий бўлмаган, балки техник масаладир. Шунинг учун ҳам бу муаммоларни сиёсийлаштирмаслик тўғрироқ бўларди.

Айни пайтда Фарҳод Толипов Ўзбекистон ва Қирғизистон муносабатлари совуқлашаётгани йўқ, деган фикрда.

Бишкеклик сиёсатшунос Тўқтўғул Қақчикеев эса Ўзбекистон-Қирғизистон ўртасида совуқ муносабатларнинг пайдо бўлаётганига сув-энергетика ва чегара масалаларидан ташқари расмий Тошкентнинг Бишкекка нисбатан менсимай қараши ҳам сабаб бўлаётганини айтади:

- Ўзбек-қирғиз ҳамкорлиги катта мамлакатнинг кичик бир давлатга қилаётган муносабатидай бўлмоқда. Ўзбекистон катта давлат, Қирғизистон эса кичкина давлат. Шунинг учун Ўзбекистон минтақада лидерлик ролига даъвогарлик қилиб, кичик мамлакатларни менсимаслик сиёсатини олиб бормоқда. Бу нотўғри сиёсат, деди Тўқтўғул Қақчикеев.

Бишкеклик сиёсатшунос Александр Князев расмий Тошкент минтақада нисбатан демократик деб танилган Қирғизистонда ҳам авторитар бошқарув ўрнатилишидан манфаатдор, деб ҳисоблайди. Шу сабабли ҳам Ўзбекистон томони Бишкек расмийларига сиёсий жиҳатдан босим кўрсатаётган бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Мана шу босим ҳам давлатлараро муносабатларнинг совуқлашувига сабаб бўлаётир.

- Улар (расмий Тошкент назарда тутилмоқда – таҳр.) Қирғизистонда ҳукумат ўта салоҳиятли бўлишини, барча тузилмалар фақат ҳукумат назоратида бўлишини исташлари турган гап. Негаки, бу ҳолатда Қирғизистон билан тил топишиши, қирғиз ҳукуматини ўз измига бўйсундириш катта давлат учун енгилроқ кўчади, деди Александр Князев.

Айни пайтда бишкеклик сиёсатшунос Ўзбекистоннинг ишончсиз ҳамкор эканини билган расмий Бишкек Тошкент ҳукумати билан ўта яқинлашиб кетишдан ҳам хавфсирашини айтади.

Бироқ тошкентлик сиёсатшунос Фарҳод Толипов фикрича, бугунги кунда нафақат расмий Тошкентни, балки минтақадаги барча давлатларни “ишончсиз ҳамкор” деб аташ мумкин ва бу ҳолат давлатлараро мносабатларнинг совуқлашувига таъсир кўрсатувчи омил эмасдир.

- Ўзбекистоннинг ташқи сиёсати, қабул қилаётган қарорлари кутилмаган бўлгани учун ҳам кўп танқид қилинади. Ўзбекистон ўз ташқи сиёсатида аввал Ғарбга эргашди, кейин Россияга юз бурди, ундан кейин яна Ғарбга мойиллик билдирмоқда.

Шунинг учун ҳам сиёсатчилар Ўзбекистон ташқи сиёсатини тушунмай қолдилар.

Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, минтақанинг бирорта давлати ўз ташқи сиёсатини шакллантиришда бир ўзи мустақил тарзда қарор қабул қила олмайди. Бу қарор геосиёсий жараёнлар, геосиёсий ўйинлар ва мураккаб воқелик таъсирида қабул қилинаяпти.

Мана шундай ўйинлар шароитида Ўзбекистонга ҳам осон эмас, деди сиёсатшунос Фарҳод Толипов.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG