Линклар

Ёпиғлиқ бозор ёпиғлиғича қолди

  • Сарвар Усмон

Черкизов бозорида ишлаган меҳнат муҳожирларининг кўпи шу кунда қайга бош уришни билмай ҳайрон.

Черкизов бозорида ишлаган меҳнат муҳожирларининг кўпи шу кунда қайга бош уришни билмай ҳайрон.

Москва мэри Юрий Лужков 15 июль куни Черкизов бозори батамом ёпилганини қайд этаркан, бозорда ишлаган меҳнат муҳожирлари яқин вақт ичида Россия пойтахтини тарк этишлари лозимлигини таъкидлади.

Черкизов бозори ёпилган кунлари у ердаги ҳаммоллик ишлари асосан тожикистонлик ва ўзбекистонликлар қўлида эканлиги, уларнинг умумий нуфузи камида 15 минг нафар эканлиги тўғрисида ҳикоя қилган эдик.

Шунча одам, таъбир жоиз бўлса, бозордошлари қатори икки ҳафтадан бери бозорнинг очилишига умид қилиб турган эди.

Бугунга келиб умид қолмади.

- Битта ўзбекларга эмас¸ қолганларга ҳам бир хил таъсир бўлаяпти. Бозорга киргани учун уларнинг ҳаммаси ишсиз қолаяпти. Иш йўқ. Баъзилари уйига қайтиб кетаяпти¸ баъзилари бошқа иш излаяпти. Битта-яримтаси криминалга ўтиб кетаяпти¸ дейди Россиядаги ўзбекларнинг “Ватандош” нодавлат ташкилоти раҳбари Усмонали Баратов бозордаги бугунги вазият ҳақида айтаркан.

Бир сўз билан айтганда парокандалик.

Черкизов бозори атрофидаги вазиятни “Фуқаролик кўмаги” нодавлат ташкилоти вакили Баҳром Ҳамроев ҳам яқиндан кузатиб турибди.

Бозор ёпилиши билан унинг ҳудудидаги ётоқхоналарда яшаётган минглаб марказий осиёлик кўчага ҳайдаб чиқарилган эди.

Баҳром Ҳамроевнинг айтишича, кўчада қолганлар учун жамоат ташкилотлари ўтган кунларда иссиқ овқат уюштиришга ҳаракат қилди. Лекин бу ҳаракатни ҳам Москва раҳбарияти бўғиб қўйди.

- Профсоюз ташкилотлари ишсиз¸ уйсиз қолганларга соат 12.00 дан 19.00 гача иссиқ овқат ташкил қилган эди. Яъни хоҳлаган киши келиб, текинга бир марта овқат еб кетиши мумкин эди. Россия ҳукумати бунга норозилик билдириб, уларнинг фаолиятини тўхтатди, дейди Баҳром Ҳамроев.

Москва ва пойтахт атрофида ишлаётган меҳнат муҳожирлари билан қилган суҳбатларимиздан маълум бўлишича, улар нафақат Черкизов бозоридан, балки бошқа объектлардан ҳам сиқиб чиқарилмоқда.

- Менинг иккинчи акам Балашиха атрофига ишлаш учун борган эди. Ўша ëқда 600-700 нафар болани ушлаб¸ икки сутка ушлаб туриб¸ қўлларига қоғоз бериб¸ ҳужжатларини олиб қўйиб¸ паспортини ксерокопия қилиб¸ қўлига берибди-да¸ “Бориб билет олиб, уйларингга жўнайсан” деб¸ яна 2000 рублдан штраф қилиб¸ ҳозир ушлаб ўтирибди. Паспортларини бермаëтган экан.

Озодлик: Бу Балашихада-а?

- Ҳа. Болалар сарсон бўлиб¸ кўчама-кўча юрибди. Ҳозир бизнинг районга ҳам иккита-учта Газел билан келиб босиб олиб кетаяпти¸ дейди Россияда меҳнат қилаëтган меҳнат муҳожири.

Хўш, меҳнат муҳожирларини ҳайдаб чиқаришга нима учун бу қадар зўр берилаяпти?

Бу савол жавоби ҳам 15 июль куни пайдо бўлди. Интерфакс ахборот агентлиги хабарига қараганда, Москва шаҳар Меҳнат ва аҳоли бандлиги департаменти бошлиғи Олег Нетеребский чоршанба куни ўтказилган матбуот анжуманида Россия пойтахти меҳнат мигрантлари учун ажратиладиган квоталарни 2010 йили жорий йилдагидан учдан бир ҳиссага камайтириши тўғрисида баёнот берган.

Хўш, мана шундай шароитда меҳнат муҳожири нима қилиши керак?

Бу саволни Россиядаги ўзбекларнинг “Ватандош” нодавлат ташкилоти раҳбари Усмонали Баратовга бердик.

- Бир нарса дейиш қийин. Чунки бу ерда Россия фуқароларининг ўзи ҳам оғир аҳволда. Иш масаласи жуда қийин бўлаяпти. Медведевнинг айтиши бўйича¸ кузда - октябр ойларига бориб бундан ҳам оғир аҳвол бўлади. Шунинг учун бир нарса дейиш қийин. Ҳеч ким эртага нима бўлишини айта олмайди¸ дейди Усмонали Баратов.

Москвадаги “Тожиклар Халқ лигаси” нодавлат ташкилоти раҳбари Каромат Шарипов саволимизга жавоб берар экан¸ ишсиз қолган меҳнат муҳожирларига психологик ёрдам кераклигин айтди.

- Бу ишда Москва шаҳри ва Москва вилояти ҳудудидаги жамоат ташкилотларининг кўнгилли вакиллари – психологларнинг ёрдамига эҳтиёж бор, дейди Каромат Шарипов.

Унинг айтишича, тожикистонлик меҳнат муҳожирларининг кўп масалалари Тожикистоннинг Москвадаги консулхонаси томонидан ечилмоқда. Айни пайтда, Каромат Шарипов фикрича, Ўзбекистон элчихонаси ҳам бу масалаларга кўпроқ эътибор берса, яхши бўлар эди.

XS
SM
MD
LG