Линклар

logo-print

Бан Ки Мун Миср саммитида чиқиш қилди


Бугун Мисрда Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлат раҳбарларининг олий даражадаги учрашуви иш бошлади.

Унда иштирок этаётган давлат раҳбарлари жаҳон молия тизими иқтисоди тараққий этаётган давлатларга нисбатан адолатли бўлиши лозим, деган фикрни билдирдилар.

Йиғин очилишида нутқ сўзлаган БМТ Бош котиби Бан Ки Мун айнан иқтисоди тараққий этаётган давлатлар ҳозирги глобал молиявий бўҳрондан энг кўп зарар кўраётганини таъкидлади.

- Жаҳон юзланаётган глобал иқтисодий ва молиявий бўҳрон Қўшилмаслик ҳаракатининг тараққиёт ва ижтимоий адолат ўрнатиш борасида ўз зиммасига олган мажбуриятларида ҳам ўз аксини топмоқда.

Жаҳоннинг барча давлатлари, жумладан, Қўшилмаслик ҳаракатига аъзо давлатларда истиқомат қилувчи миллионлаб фуқаро, айниқса, турли можаролардан ўзига келаётган давлатлар глобал молиявий бўҳрон оқибатларини ҳис қилмоқдалар, деди БМТ Бош котиби.

Миср президенти Ҳусни Муборак, ўз навбатида, халқаро сиёсат, иқтисод ва савдо-сотиқ соҳаларида одил ва мувозанатли тартиб ўрнатишга даъват қилди.

Бугунги йиғинда Куба президенти Раул Кастронинг ҳам нутқ сўзлаши кутилмоқда.

Шарм аш-Шайх йиғини доирасида, шунингдек, Покистон ва Ҳиндистон Бош вазирларининг ҳам учрашиши кутилмоқда.

Совуқ уруш даврида ташкил этилган Қўшилмаслик ҳаракатига жами 118 та давлат аъзо бўлган.
XS
SM
MD
LG