Линклар

Кулгунинг инсон саломатлигига ҳам ижобий таъсири ҳақида кўп гапирилади. Бугунги кунда оддий ўзбек қанчалик кўп кулаяпти? Охирги марта қачон барча ташвишларни унутиб, чин дилдан мазза қилиб кулган?

Бу саволни ўзбекистонлик бир неча суҳбатдошимизга бердик.

Қўқонлик химик-технолог Илёсжон ака:

- Уч кун олдин РТР-Планета каналида Сергей Заренко деган аскиячи чиқди. Иван Сергеевич тўғрисида кулгили нарса айтди. Иккита Иван Сергеевич бор экан. Биттаси Баранов экан¸ иккинчиси Козлов экан. Ўшанга кулган эдим. Мазза қилиб кулдим лекин.

Озодлик: Нималар сизнинг қотиб-қотиб кулишингизга сабаб бўлади?

- Энди бировнинг устидан қотиб-қотиб кулиш йўғ-у¸ дўстлар билан ўтирганда аския қиламиз. Ëшликни эслаймиз. Ëшликда қилган шўхликларни эслаймиз. Кўпроқ шунда қотиб кулишамиз, дейди қўқонлик Илёсжон ака.

Тошкентлик тадбиркор Ғофуржон ака:

- Бундан 10 кун олдин ичак узулгудай бўлиб кулгандим. Мирзабек Холмедов Асилбек Дўстов деган хонанданинг “Боғлама” деган ашуласини қўйиб¸ раққосаларнинг ўйнашларини шунақа ўхшатипти. Мен кулавериб думалаб қолдим.

Мен ўзи аския ёки қизиқчиларнинг чиқишларига кулавермайман. Мирза энди шунақа копия қилган¸ бу бўлиши мумкин эмас. Жуда ҳам ўхшатиб юборганига мазза қилиб кулдим. Мана шу охирги кулганим, дейди тошкентлик Ғофиржон ака.

Самарқанд вилояти Ургут туманида халқ таълими соҳасида фаолият кўрсатаётган Саидкарим Набиев:

Озодлик: Саидкарим ака¸ охирги марта қачон мазза қилиб¸ ичагингиз узилгудай бўлиб кулгансиз?

Саидкарим Набиев: Жуда нозик савол экан. Билмадим лекин¸ эслай олмайман.

Озодлик: Агар эслай олмасангиз¸ демак, бу яқин орада кулмабсиз-да?

Саидкарим Набиев: Ҳожибой Тожибоев янги чиққан пайтларида видеокассетасини томоша қилиб, мазза қилиб кулганман. Ўшанда бир соат тўхтамасдан кулганмиз.

Озодлик: Бир соатми?

Саидкарим Набиев: Ҳа¸ ўша кассета бир соатлик эди. Тугагунча ичакларимиз узулгудай бўлган кулавериб.

Тошкент вилоятида яшовчи бир этак невараларнинг севимли бувиси бўлган бир онахон:

- Мана, ҳозир синглим билан кулишиб гаплашиб ўтирибмиз. Яқинда совчиликка бордик. Қизнинг ота-онаси ўзи ичидан рози бўлиб туришибди, лекин роса “ноз” қилишди. Шунда мен “агар рози бўлмасаларинг чойингизни ҳам ичмаймиз, туринглар кетдик” дегандим. Улар дарров розилик беришди. Ҳозир синглимга шу воқеани айтиб берсам қотиб-қотиб кулаяпти.

Яна невараларим қизиқ иш қилиб қўйса¸ мазза қилиб куламан. Невараларимнинг ҳамаси қизиқ-қизиқ гапларни гапиришади. Кеча катта неварам билан ҳам унинг болалигини эслаб роса кулдик. У кичкиналигида долларни "дўлдир" дерди. Бувасини чўнтагидаги пулларини олиб, “бунча дўлдирингиз бор экан” дерди. Доллар сўзини ҳеч тўғри айта олмасди. Кеча шуни айтиб берсам, неварам кулавериб думалаб қолди, дейди онахон.

Хоразмнинг Гурлан туманидаги чекка қишлоқларидан бирида яшовчи нафақахўр Ражаббой Маткаримов:

Озодлик: Сиз охирги марта қачон мазза қилиб¸ ичагингиз узилгудай бўлиб кулгансиз?

Ражаббой Маткаримов: Мустақил бўлмасдан олдин кулганман. Ҳозир йиғлаб ўтирибман.

Озодлик: Мустақиллик даврида кулишга арзийдиган воқеалар бўлмаяптими?

Ражаббой Маткаримов: Йўқ. Иш йўқ¸ пул йўқ. етар-етмасчилик. Пенсия бўлмаса. Ўлимга келиб турибди¸ бошқа йўли йўқ. Ёлғиз қизимга кўйлак олиб бера олмасам, мен қандай отаман? Кулиш ҳақида ўйлаш йўқ. Кулгу сиғадими кўнгилга... Ҳа, энди ёлғондан кулиш мумкин.

Шаҳрисабзлик Зулфия Ҳайдарова:

Зулфия Ҳайдарова: Бу яқин орада ҳеч мазза қилиб кулганим йўқ.

Озодлик: Охирги марта қачон кулгансиз?

Зулфия Ҳайдарова: Яқин кунларда ичагим узилгудай бўлиб кулмаганман. Олдин гаштакларимиз бўларди. Дугоналар¸ синфдошлар билан ўтирганда¸ яхши кайфият билан¸ қизиқ-қизиқ нарсаларни айтишиб роса кулардик.

Озодлик: Кейинги пайтда гап-гаштаклар бўлмаяптими?

Зулфия Ҳайдарова: Гаштаклар бўлаяпти¸ лекин ҳамманинг кайфияти ўзи билан. Ҳозир куладиган кайфият ҳам эмас-ку. Кулгига ўрин йўқ. Муаммо кўп¸ етишмовчилик кўп. Ҳаммаси шунга бориб тақалади-да. Кайфиятингиз яхши бўлса¸ арзимаган нарсага ҳам кулаверасиз-ку. Кайфиятингиз яхши бўлса¸ кулгингиз ҳам келади¸ хурсандчилик қилгингиз ҳам келади.

Ўзбекистон ҳалқ артисти Ортиқ Отажонов:

Ортиқ Отажонов: Ҳамма вақт баҳона топиб кулиб юраман. Мен ҳеч кулгисиз юра олмайман. Кулгисиз юрсам¸ зерикиб қоламан.

Озодлик: Қанақа ҳолатлар ва нималар сизнинг кулгингизга сабаб бўлади?

Ортиқ Отажонов: Гап ва яхши гаплар. Мирзанинг ҳар хил сўзлари¸ Обиднинг сўзлари. Вилоят театрларида яхши актëрлар бор. Ўшалар ҳар хил ўйинлар қилиб турса¸ мазза қиламан.

Мана, водийда аскиячилар бор. Уларни тинглаб куламан. Тўйларда ҳар хил одамлар учраб қолади. Баъзи вақтда турли хил башараларни кўриб ҳам кулгинг келиб кетади. Ўйинга чиқишади. Айрим ҳаракатлар одамни ўз-ўзидан кулдириб юборади.

Озодлик: Охирги марта қачон мазза қилиб¸ ичагингиз узилгудай бўлиб кулгансиз?

Ортиқ Отажонов: Ҳали у даражада кулганимиз йўқ. Авваллари бўларди. Ёнимда кўп яхши дўстларимни олиб юрардим¸ аския қиладиган одамларни олиб юрардим. Ҳозир ëнимизда ҳаммаси ëшлар. Шунинг учун кўп ҳам беҳуда кулавермаймиз.
XS
SM
MD
LG