Линклар

Дўстум бошида қора булут айлана бошлади

  • Ҳасанжон

Генерал Дўстум Шибирғондаги воқеалар юзасидан ўзига қўйилаётган айбловларнинг асоссизлигини таъкидламоқда.

Генерал Дўстум Шибирғондаги воқеалар юзасидан ўзига қўйилаётган айбловларнинг асоссизлигини таъкидламоқда.

Афғонистонда президентлик сайловлари яқинлашгани сайин ўзбек генерали Абдуррашид Дўстумнинг Шибирғонда оммавий қирғин амалга оширганига оид иддаолар тобора баландроқ янграй бошлади.

АҚШ президенти Барак Обама 2001 йил охирида асирга олинган толиблар Америка ҳарбийларига яқин иттифоқчи бўлган генерал Абдуррашид Дўстим кучлари томонидан ўлдирилгани ҳақидаги иддаони яқинда эшитганини айтди.

Си-Эн-Эн телевидениесига берган интервьюсида президент Обама хавфсизлик ходимларига бу воқеа юзасидан фактлар тўплаш вазифасини топширганини маълум қилди.

- Ҳатто уруш пайтида ҳам ҳар қандай давлат зиммасида масъулият деган нарса бор. У ёки бу ҳаракатимиз қайсидир маънода жанг олиб бориш тартибининг бузилишига сабаб бўлган бўлса, биз буни билишимиз керак, деди Барак Обама.

“The New York Times” газетасининг 10 июл кунги сонида АҚШ собиқ президенти Жорж Буш маъмурияти Шибирғон воқеаси юзасидан текширув ўтказиш таклифини бир неча марта қўлламагани тўғрисида ҳикоя қилинган.

Баъзи гувоҳларнинг айтишича, Генерал Абдуррашид Дўстумнинг жангчилари 2001 йил ноябрида Қундуз вилоятида асир олинган икки мингдан ортиқ толиб жангариларини метал контейнерларда Шибирғон шаҳри ташқарисидаги Дашти Лаълга олиб келганда, уларнинг кўпи ҳаво етишмаганидан, бошқалари эса қўриқчилар билан отишма пайтида ўлган. Уларнинг жасадлари Дашти Лаълда оммавий қабрларга кўмилган..

Генерал Абдуррашид Дўстумга қарашли жангчилар содир этгани иддао қилинаётган бу воқеа бўйича ҳеч қачон текширув ўтказилмаган.

Кейинроқ Абдуррашид Дўстум Афғонистон Мудофаа вазири ўринбосари лавозимида ишлаган.

Толибларга қарши курашда АҚШ ҳарбийларига яқин ҳамкор бўлган ўзбек генерали Абдуррашид Дўстум 15 июл куни Афғонистондаги Ойна ахборот агентлигига йўллаган мактубида “The New York Times” газетасининг 10 июл кунги сонидаги мақолада ўз шаънига билдирилган айбловни рад қилган.

Дўстумнинг фикрича, бундай мақолани бутун дунёга тарқатиш ортида сиёсий мақсадлар ётибди.

Генерал Дўстум ўз мактубининг бир нусхасини Озодликка ҳам тақдим этди.

“Афғонистон толибларига қарши тузилган Шимол Иттифоқи ҳарбий шўросининг ҳамма аъзолари 2002 йилнинг сентябрида бир баёнот эълон қилган эди. Унда ҳеч бир уруш асири қасддан ўлдирилмагани таъкидланган. Буни асирлар билан шуғулланган комиссия аъзолари, шифокорлар ва америкалик ҳарбийлар тасдиқлаган. АҚШ Мудофаа вазирлиги ҳам бу маълумот тўғрилигини тасдиқлаган”, дейилади генерал Дўстумнинг мактубида.

Айрим таҳлилчилар Дўстум атрофида бошланган гапларни август ойида Афғонистонда ўтказиладиган президент сайлови олдидан “сиёсий ўйин” деб атамоқда. Бошқалар эса бунинг Афғонистондаги сайловга алоқаси йўқлигини айтмоқда.

Ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев Шибирғондаги воқеа юзасидан текширув ўтказилса ҳам генерал Абдуррашид Дўстумнинг айбдор деб топилишига ишонмайди.

- Афғонистонда Ҳафизуллахон¸ Нажибуллохон¸ улардан кейингилари¸ кейин Толибон ҳам ўзларининг минглаб сиëсий ва ҳарбий душманларини қириб ташлашди. Нажибулло пайтида қабила бошлиқларини¸ муллаларни йиғиб келиб, отиб ташлаган пайтлари бўлган.

Айби йўқлигига Абдуррашид Дўстумнинг ўзи амин. Агар яхши текшириладиган бўлса¸ ҳозирги қўйилаётган айблар ундан соқит этилади, дейди ўзбекистонлик мустақил таҳлилчи Тошпўлат Йўлдошев.

Озодлик радиосининг Марказий Осиё бўйича таҳлилчиси Брюс Панниер фикрича, асирдаги толиб жангариларининг 2001 йил охирида генерал Дўстум кучлари томонидан ўлдирилгани ҳақидаги иддаолар юзасидан факт тўплаш ҳақида президент Обама хавфсизлик ходимларига берган кўрсатмаси сиёсий сабабга асосланган бўлиши мумкин.

- Бу сиёсий асосдаги қарор бўлиши мумкин. Афғонистондаги президент сайловидан олдин бирон жиддий ўзгариш бўлишини кутиш эҳтимолдан йироқ. Мен бу борада текширув ўтказилади ва бу жараён секин давом этади, деб ўйлайман. Олти ой ёки бир йил ичида бу борада бирон янги гап эшитмасак керак, дейди Брюс Панниер.

Унинг фикрича, генерал Дўстумни ҳарбий жиноят содир этганликда айблаш ортида уни обрўсизлантириш ва бўлажак ҳукуматдан ўрин бермаслик мақсади ётган бўлиши мумкин.

- Бу Афғонистон ҳукуматининг Дўстумни қатордан чиқариш йўлидаги уриниши ҳам бўлиши мумкин. Мен уни қамоққа ташлашади, деб ўйламайман. Уни Туркия ва Ўзбекистон қаттиқ қўллаб-қувватлайди. Аммо Афғонистон расмийлари унинг обрўсига путур етказиб, “Сизга вазирлик лавозимини бера олмаймиз, чунки Сизнинг обрўйингизга путур етди” дейишлари мумкин, дейди Брюс Панниер.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG