Линклар

Шошилинч хабар
28 март 2024, Тошкент вақти: 14:51

Клинтон: Мулоқот йўллари изланаверади


АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра, Эрон Қўшма Штатлар билан мулоқотга кириш ҳаракатини ҳозирданоқ бошлаши керак, чунки бу имкониятнинг муддати чексиз эмас.
АҚШ давлат котиби Ҳиллари Клинтонга кўра, Эрон Қўшма Штатлар билан мулоқотга кириш ҳаракатини ҳозирданоқ бошлаши керак, чунки бу имкониятнинг муддати чексиз эмас.

Қўшма Штатлар Эрон билан бевосита мулоқот қилиш ниятидан қайтгани йўқ. Бу ҳақда АҚШ Давлат котиби Ҳиллари Клинтон 15 июл куни Вашингтонда қилган чиқишида билдирди.

- Президент ҳам, мен ҳам Исломий Республика билан мулоқот муваффақиятли бўлиши кафолатланган, дея ўзимизни алдаётганимиз йўқ. Аслида сайловлардан кейинги ҳафталар ичида бунга оид истиқболлар узоқлашди.

Лекин биз Эронга мулоқотни таклиф қилиш ва Эрон етакчиларига халқаро ҳамжамиятнинг масъулиятли аъзоси бўлиш ёхуд мамлакатни янада яккалашда давом этиш йўлидан бориш ўртасида танлаш имконияти берилиши муҳим эканини ҳам тушунамиз.

Бевосита музокаралар эса бундай танловни тақдим этиш ва тушунтириш учун энг қулай фурсатни яратади, деди Клинтон.

Маркази Вашингтонда жойлашган Ташқи алоқалар кенгаши номли таҳлил марказида қилган чиқишида АҚШ давлат котиби “Эрон ҳозир ҳаракат қилиши лозим, чунки бу имкониятнинг муддати чексиз эмас”, дея қўшимча қилди.

Қўшма Штатларнинг ташқи сиёсатига оид нутқида Клинтон Америка ўз манфаатларини ҳимоя қилиш ва халқаро майдондаги муаммоларни ҳал этишда “оқил сиёсат” олиб боришини таъкидлади.

- Биринчидан, ўз шерикларимиз билан ҳамкорлик воситаларини такомиллаштирамиз ва янгитдан яратамиз, иккинчидан, бизнинг фикримизга қўшилмаганлар билан мулоқот қилиш йўлидан борамиз, учинчидан, биз тараққиётни Америка қудратининг асосий таянчи мақомига олиб чиқамиз, тўртинчидан, можароли минтақаларда фуқаровий ва ҳарбий соҳалардаги ҳаракатларни биргаликда олиб борамиз ва бешинчидан, ўз сиёсатимизда Америка қудратининг асосий манбалари, жумладан, иқтисодий салоҳиятимиз ва бошқаларга ўрнак бўла олиш имкониятини ишга соламиз, деди АҚШ давлат котиби.

Клинтон хоним таъкидича, инсон ҳуқуқлари ва демократия Америка ташқи сиёсати таянадиган асосий қадриятлар бўлиб қолади.

- Биз ўз фуқаролари ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган ва уларга ўз сиёсати натижаларини улашадиган демократик ҳукуматларни қўллаб-қувватлаймиз ва ҳар жойда инсон ҳуқуқлари ҳимоясида бўламиз. Эркинлик, демократия, адолат ва имконият биз учун устувор бўлган масалаларнинг асосларидир, деди АҚШ давлат котиби.

Ҳиллари Клинтон Америка демократик қадриятларга содиқ ва уларни тўғри тушунадиган давлатлар ва халқлар учун душман эмас, дўст бўлишини таъкидлаб, Қўшма Штатлар кўп қутбли эмас, кўп шерикли дунё тарафдори эканини қўшимча қилди.

- Биз кўпроқ давлатлар орасида кенгроқ ҳамкорликни рағбатлантириш ва улар орасида рақобатни камайтириш ҳаракатларига етакчилик қиламиз. Бунда жаҳон сиёсатидаги мувозанатни кўп қутбли дунёдан кўп шерикли дунё томон оғдирамиз, деди Клинтон.

Вашингтондаги Ташқи алоқалар кенгаши ташкилотида қилган нутқида АҚШ давлат котиби жорий йилнинг кузида Россия ва Покистонга сафар қилиш ниятида эканини ҳам эълон қилди.
XS
SM
MD
LG