Линклар

Муллажиринг қиёфаси ўзгарадими?


Ўзбекистонда пул ислоҳоти амалга оширилгудек бўлса, фуқаролар катта пулхалталарни мўъзаж картмонга алмаштириб олишлари мумкин.

Ўзбекистонда пул ислоҳоти амалга оширилгудек бўлса, фуқаролар катта пулхалталарни мўъзаж картмонга алмаштириб олишлари мумкин.

Узметроном сайтининг ўз манбаларига таянган ҳолда хабар қилишича, кузга бориб Ўзбекистон Миллий банки республикада пул ислоҳоти ўтказилиши ҳақида эълон қилиши мумкин.

Мазкур ислоҳотдан мақсад инфляциянинг соқов гувоҳлари – кўп нолли пуллардан қутулиш экани айтилмоқда.

Айни пайтда ўзбекистонликлар орасида бу хабарга ишонувчилар ҳам, ишонмайдиганлар ҳам талайгина. Масалан, исми ошкор этилишини истамаган тошкентлик савдогар йигит кузда Ўзбекистонда пул алмашишига ишонмайди.

- Бу гап аввал ҳам уч-тўрт марта чиққан. Мен ўзим уч марта эшитганман бунақа гапни. “Ҳайитдан кейин бўлармиш, Мустақилликдан кейин бўлармиш, 5000 сўм пул чиқибди, лотин графикасида ёзилган пул чиқибди” деган гаплар анчадан бери тарқатилади. Аммо буларнинг бирортаси амалга ошмади, дейди тошкентлик суҳбатдошимиз.

Унга кўра, пул алмашиши ҳақидаги гаплар Ўзбекистонда савдо сустлашган ҳозирги кунда атайлаб чиқарилган бўлиши мумкин. Чунки “пул алмашармиш” деган гапни эшитган ўзбекистонликлар қўлларидаги нақдинага турли товарлар сотиб ола бошлайдилар ва шу тариқа муомаладаги пул миқдори кўпаяди.

Аснода ўзбекистонлик бошқа суҳбатдошларимиз янги пул чиқишига ишонишларини айтиб, бу одамларни пачка-пачка пул кўтариб юриш заҳматидан халос қилиши мумкинлигини таъкидламоқдалар.

Ҳозирда Ўзбекистонда энг йирик ўлчамдаги банкнота (1000 сўм) қиймати республика Миллий Банки курси бўйича 67 центга, “қора бозор” курси бўйича эса 55 центга тенг.

Ўзбек сўми деноминацияга учраса, бу нисбат ўзгариши ва бу одамлар психологиясига таъсир қилиши (бу таъсирнинг ижобий ё салбийлиги бошқа масала) табиий. Айтайлик, пул мингга бир нисбатда ўзгарса, у ҳолда юқоридаги ҳисоб бўйича 10 сўм 5,5 АҚШ долларига тенг бўлиб қолади. Шу ўринда таъкидлаш жоизки, деноминация ўзбек сўмининг бундан буён ҳам қадрсизланишда давом этишидан сақлаб қолишига ҳеч ким кафолат бермайди.

Ўзбекистонда пул алмашиши мумкинлигига айрим таҳлилчилар ҳам ишонадилар. Улар фикрича, бу ўзбек молияси, банк тизими обрўсини кўтариш учун қўйилаётган қадам бўлиши мумкин. Чунки ўзбек сўми бугунги кунда яхши ҳимоя белгиларига эга эмас.

Мутахассислар фикрича, банкноталардаги ҳимоя белгилари камида 18 та бўлганида миллий валюта оптимал ҳимояга эга бўлади (айрим давлатлар ўз пулларидаги ҳимоя белгилари сонини 32 тагача оширганлар). Ўзбек сўмида эса бор-йўғи 11 та ҳимоя белгиси бор. Агар ҳимоя белгилари сони кўпайтирилган янги сўм муомалага киритиладиган бўлса, бу Ўзбекистонда қалбаки пул ясаш имкониятини ҳам минимумга туширади.

Ўзбекистондаги манбаларга кўра, мамлакатда 15 йил аввал муомалага киритилмиш миллий валюта бир-биридан ажратилган учта заводда босқичма-босқич чоп этиш йўли билан тайёрланади.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG