Линклар

Урушда туриш йўқ


Президентликка номзод Алмазбек Атамбаев Қирғизистон бош вазири бўлиб ишлаган пайтида ҳам (2007 йил) номаълум токсиндан заҳарланган ва Туркияда даволаниб қайтган эди.

Президентликка номзод Алмазбек Атамбаев Қирғизистон бош вазири бўлиб ишлаган пайтида ҳам (2007 йил) номаълум токсиндан заҳарланган ва Туркияда даволаниб қайтган эди.

Қирғиз мухолифати иқтидордаги расмийларни 23 июлда ўтадиган президентлик сайлови арафасида мухолифат лидерларини жисмонан йўқ қилишга ҳаракат қилаётганликда айбламоқда.

16 июл куни Бишкекда ўтган матбуот анжуманида мухолифатдаги Бирлашган халқ ҳаракати таркибига кирган “Буюк бирдамлик” партияси раҳбари Эмил Қаптағаев ва собиқ мудофаа вазири Исмоил Исақов шов-шувли баёнотлар бердилар.

Генерал Исмоил Исақовнинг айтишича, махсус тузилмаларда мухолифат лидерларини жисмонан йўқ қилиш режаси мавжуд.

- Бизга ишончли манбалар Текебаев, Бешимов, Бекназаров, Исақовни автоҳалокатга йўлиқтириш ёки заҳарлаш орқали йўқ қилиш режаси мавжудлигини маълум қилдилар, деди Исмоил Исақов.

Генералнинг айтишича, бу режа президент Бакиев, унинг укалари ва ўғли томонидан ишлаб чиқилган.

- Агар мухолифат лидерлари билан бирон нохуш воқеа рўй берса, биз бунинг учун жавобгарликни президент Бакиев, унинг укалари ва ўғлига юклаймиз, деди Исмоил Исақов.

Қирғиз мухолифати бир неча йилдан бери президент Бакиев оиласини давлат бошқарувига аралашаётганини, мухолифатчиларга нисбатан қувғин ва босимларни ҳам кўпроқ унинг укалари ҳамда ўғли Максим Бакиев уюштираётгани ҳақида гапириб келадилар.

Бироқ президент Бакиевнинг ўзи бир неча марта мухолифатнинг бундай баёнотларига ишонмаслигини айтган эди:

- Сиёсатчилар яқинларим ҳеч нарсага аралашмаса ҳам уларни “у ишга аралашди, бу ишга аралашди”, деб асоссиз айбламоқдалар. Уларни туҳмат қилгани учун судга берай десам, ҳаммаси депутат.

Менинг яқинларимнинг Қирғизистонда ҳатто бизнеси ҳам йўқ. Ўғлим Максим мактабда ўқиётган даврлардаёқ бизнес билан шуғулланар эди. Бироқ мен президент бўлгач, у ўз бизнесини Россияга кўчирган.

Мухолифатчилардан иборат депутатлар комиссияси бу масалани ўрганган ва яқинларимнинг бизнесга, давлат ишларига аралашмаётганини аниқлаган, деган эди президент Бакиев матбуот анжуманларидан бирида.

Айни пайтда “Буюк бирдамлик” партияси раҳбари Эмил Қаптағаев мухолифатдан президентликка ягона номзод Алмаз Атамбаев психотроп моддалар билан заҳарланганлигини айтди:

- Унинг заҳарлангани факт. Афтидан, у психотроп моддалар билан заҳарланган. Ҳалигача у равон сўзлолмаяпти. Ҳаракат мувозанати ҳам бузилган. Лекин, шунга қарамай, у сайловчилар билан учрашувларни ва курашни давом эттиряпти, деди Эмил Қаптағаев.

Алмазбек Атамбаевнинг нутқи ва ҳаракатидаги ўзгаришлар бундан икки ҳафта аввал Жалолободдаги сайловчилар билан бўлган учрашуви чоғида сезилган эди.

Ўшанда Алмазбек Атамбаев ўта қийналиб гапирган, президентликка номзод ўз мувозанатини йўқотиб қўймаслиги учун икки киши уни икки томонидан суяб турган эди.

Алмазбек Атамбаевнинг матбуот котиби Александра Ехнова мухолифатчиларнинг заҳарланиш тўғрисидаги баёнотида жон борлигини таъкидлайди.

- Агар Атамбаевнинг сиҳати яхшиланмаса, албатта, у тиббий кўрикдан ўтишга мажбур бўлади. Ҳозир сайловга ўн кундан озроқ вақт қолганда номзоднинг шифокорга мурожаат қилишга вақти йўқ.

Атамбаевнинг психотроп моддалари билан заҳарлангани асосий тахминлардани биридир, деди Александра Ехнова.

Айни пайтда Қирғизистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мухолифат лидерларини жамоатчиликка ҳақиқатга мувофиқ келмайдиган маълумотларни тарқатаётганликда айбламоқдалар.

Қирғизистон Ички ишлар вазирлигидан олинган маълумотга кўра, мухолифатчилар юқорида саналган воқеалар юзасидан бирон марта ҳам расмий ариза билан ҳуқуқ-тартибот тузилмаларига мурожаат қилмаганлар.

Хуллас, “урушда туриш йўқ” деганларидек, роппа-роса бир ҳафтадан кейин Қирғизистонда бўлиб ўтадиган президентлик сайловлари арафасида мамлакатдаги олий лавозимга асосий икки даъвогар – Қурмонбек Бакиев ва Алмазбек Атамбаевнинг тарафдорлари ўз “қўрхона”сидаги барча воситаларни ишга сола бошладилар.
XS
SM
MD
LG