Линклар

Шошилинч хабар
19 апрел 2024, Тошкент вақти: 18:07

Дилмурод Саййид айбловларни рад этди


Кузатувчилар Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини расмий Тошкентнинг Ўзбекистон ахборот майдонини тозалаш сиёсати маҳсули ўлароқ баҳоламоқдалар.
Кузатувчилар Дилмурод Саййиднинг қамоққа олинишини расмий Тошкентнинг Ўзбекистон ахборот майдонини тозалаш сиёсати маҳсули ўлароқ баҳоламоқдалар.

Самарқанд вилояти Тойлоқ туманининг жиноят ишлари бўйича судида журналист ва ҳуқуқ фаоли Дилмурод Саййидга нисбатан маҳкама жараёни ниҳоясига етиш арафасида.

Дилмурод Саййид ва яна уч нафар шахс Ўзбекистон республикаси Жиноят кодексининг товламачилик, ҳужжатларни сохталаштириш¸ қалбаки муҳрлар тайёрлаш, қалбаки имзолар қўйишда айбланиб маҳкамага тортилган.

Маҳкаманинг сўнгги мажлисида Дилмурод Саййиднинг кўрсатмалари тингланди.

Журналистнинг адвокати Руҳиддин Комиловнинг Озодликка билдиришича, Дилмурод Саййид ўзига қўйилган барча айбловларни рад қилган.

- Дилмурод Саййид судда чиқишини қилди. Ўзининг кўрсатмасини берди. У ўзига қўйилган барча айбларни инкор қилди. Ҳеч нарсани бўйнига олгани йўқ. "Ҳаммаси туҳматдан иборат", деди. Ўзининг айбсизлигини исботловчи керакли ҳужжатларни тақдим қилди, деди Руҳиддин Комилов.

Дилмурод Саййид жорий йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида қамоққа олинган эди. У дастлаб Ўзбекистон Жиноят кодексининг 165-моддаси асосида товламачиликда айбланди.

Самарқандлик Марғуба Жўраева фермер Сайдулло Боймуродовдан 5000 доллар пора олаётган пайтда ушланган, сўнгра у биринчи терговда “пулни Дилмурод Саййиднинг кўрсатмаси билан олмоқчи эдим”, деб баёнот берган эди.

Бироқ терговдаги кейинги юзма-юз учрашувларда Марғуба Жўраева бу кўрсатмасидан воз кечганини айтган эди.

Аммо тергов жараёнида бу кўрсатмалар инобатга олинмади, аксинча, журналистга янги айбловлар қўйилди.

Адвокат Руҳиддин Комиловга кўра, жабрланувчи ва гувоҳларнинг кўрсатмаларида Дилмурод Саййиднинг айбдорлигини исботловчи бирорта ҳам далил келтирилмаган.

- Терговчи Тоҳиров деганни иш материали бўйича гувоҳ сифатида чақириб¸ сўроқ қилдик. Иш жараëнида кўпчилик материалларнинг сохталаштирилгани маълум бўлди. Кейин маҳкамага тақдим қилинган дисклардаги ëзувларни кўрдик. Лекин Дилмурод Саййидга алоқадор жойини кўрсатадиган, унинг бирорта айбини тасдиқловчи материаллар ўз тасдиғини топгани йўқ, деди Руҳиддин Комилов.

Кузатувчиларга кўра, Дилмурод Саййиднинг қамоққа олиниши расмий Тошкентнинг мамлакат ахборот майдонини тозалаш сиёсати доирасида амалга оширилган.

Дилмурод Саййид 2005 йилда “Адвокат” газетасида Ўзбекистондаги ижтимоий муаммолар ҳақидаги “Йўқ ҳақидаги бадиҳа”сидан сўнг ишдан ҳайдалган, газета эса ёпиб қўйилган эди.

Кейинчалик у мустақил журналист сифатида фаолият кўрсатди ҳамда “Эзгулик” жамияти таркибида инсон ҳуқуқлари ҳимояси билан шуғулланди.
XS
SM
MD
LG