Линклар

Етсам - Москов, етмасам - Тошкент...

  • Сарвар Усмон

Тошкентга иш излаб келаётган вилоятликларнинг бир қисми иш берувчини шаҳар мардикор бозорларида топади.

Тошкентга иш излаб келаётган вилоятликларнинг бир қисми иш берувчини шаҳар мардикор бозорларида топади.

"Иш излаб Тошкентга келадиганларнинг қарийб 20 фоизи Тошкент вилоятидан, 17 фоизи Қашқадарё, 11,5 фоизи Самарқанд, 10 фоизи Фарғона ҳамда сал кам 9 фоизи Сурхондарё вилоятларидандир".

Бу маълумот БМТ Тараққиёт Дастурининг миграция масалаларига оид лойиҳаси доирасида Ўзбекистонда ўтказилган тадқиқотдан олинди.


Тадқиқот муаллифлари мамлакатдаги ички миграция жараёнларини ўрганган.

Ташқи миграция тўғрисида журналистлар кўп гапиради. Бироқ меҳнат мигрантларининг мамлакат ичкарисидаги ҳаракати, одатда, эътибордан четда қолиб кетади.

Тилга олинган тадқиқот миграция масаласининг айнан мана шу жиҳати ўрганилгани билан диққатга сазовордир.

БМТ Тараққиёт Дастурининг Ўзбекистондаги ваколатхонаси масъул ходимининг Озодликка билдиришича, тадқиқот билан шуғулланган лойиҳа ходимлари шу кунда ёзги таътилга чиқиб кетган ва шунинг учун уларга саволларимизни бера олмадик.

Шунинг учун баъзи ўзбекистонликлар билан боғланиб, ўзимизнинг журналистик тадқиқотимизни ўтказдик.

Биринчи суҳбатдошимиз - ўзини Ойбек деб таништирган йигит Қорақалпоғистондан, Тўрткўл туманидаги қишлоқлардан биридан. Шу кунда у Астраханда ишламоқда.

Озодлик: Сизнинг қишлоғингизда тахминан нечта оила бор?

Ойбек: Тахминан 60-70 та бор.

Озодлик: Шу 60-70 оилада 60-70 оила бошлиғи¸ катта ўғилларини қўшганда 100-120 ишлайдиган эркак бор.

Ойбек: Бор.

Озодлик: Шулардан тахминан неча фоизи Ўзбекистондан ташқарида?

Ойбек: 30 фоизи аллақачон ташқарида¸ 30 фоизи Ўзбекистонда.

Озодлик: 30 фоизи ташқарида¸ 30 фоизи Ўзбекистонда бўлса¸ қолган 40 фоизи қаëққа кетди?

Ойбек: Улар аëлларда. Уларнинг ҳам кўпчилиги четга кетаяпти. Мана, кеча Ўзбекистонга телефон қилдим. Ўзимнинг сингилларим ҳам Волгоградга ишлагани кетибди.

Озодлик: Сиз ташқарида¸ яна сизнинг қариндош-уруғларингиздан кимлар ташқарида?

Ойбек: Қариндош-уруғлар ҳаммаси ташқарида. Иккита укам, синглим ва дадам ташқаридамиз. Уйда онам ва битта кичкина укам бор. Қолган ҳаммамиз ташқарида.

Озодлик: Сизнинг оилангизда мамлакатнинг ичида бошқа шаҳарга бориб ишлайдиганлар борми?

Ойбек: Унақа кам. Ишлашаяпти. Масалан¸ жой солаëтганлар бор.

Озодлик: Қаерларга боришади? Тошкентгами¸ Нукусгами?

- Тошкентга боришади¸ дейди қорақалпоғистонлик Ойбек.

Ички миграция бўйича ўтказилган тадқиқот 1000 нафар мигрант орасида ўтказилган сўров натижаларига асосланган. Сўралганларнинг, яъни ички мигрантларнинг 16 фоизи олий, 28,6 фоизи ўрта-махсус, 46 фоизи ўрта маълумотлилардир.

Ўзини Умиджон деб таништирган кейинги суҳбатдошимиз Қўқондан. Шу кунда у Оренбургда ишлаяпти.

Озодлик: Қўқонда сиз яшаëтган маҳаллада ишга яроқли кишиларнинг қанчаси Ўзбекистондан ташқарида?

Умиджон: Ярми ташқарида. Кимни сўрасангиз ташқарида. Ичкарида иш йўқ-ку.

Озодлик: Яқин қариндошлар билан бирга ўзингизнинг оилангиздан неча киши ташқарида?

Умиджон: Биздан икки киши¸ акамнинг ўғилларидан тўрт киши¸ сингилнинг ўғилларидан икки киши ташқарида. Россияда ишлаяпти.

Озодлик: Сизларнинг маҳаллада ички миграция масаласи қандоқ? Сизнинг маҳаллангиздагилар республиканинг ичида қаерларга бориб ишлайди?

Умиджон: Тошкентга келади¸ Тошкент вилояти Бекободга¸ Бўкага боради.

Озодлик: У ерларда нима иш қилишади?

Умиджон: Одамларнинг ишини қилишади-да. "Огород ковла" деса¸ огород ковлайди¸ "уй қур" деса¸ уй қуради. 25-30 фоизи ички миграцияда ишлайди, дейишади.

Озодлик: Бу 25-30 фоиз ташқаридаги 50 фоизнинг ичидами ëки ундан бошқами?

Умиджон: У алоҳида. Ўзбекистонда иш йўқ-ку¸ нима қилади энди?..

Озодлик: Демак¸ маҳаллада 100 киши бўлса¸ 50 киши Россияда¸ 25 киши Тошкентда. Қолгани 25 киши қолибди-да?

- Қўлидан ҳеч нарса келмайдиган¸ ишга яроқсиз 25 киши қолди-да¸ дейди қўқонлик Умиджон.

Ички мигрантлар орасида, тадқиқот натижаларига қараганда, аёллар ҳам кўп. Мигрант хотин-қизларнинг 33 фоизи савдода, 28 фоизи аҳолига маиший хизмат кўрсатиш соҳасида ишлайди, 18 фоизи ошхоналарда официантлик қилади ёки идиш ювади, 15 фоизи мева-сабзавотни саралаш ишларида меҳнат қилади.

Тадқиқотда ички мигрант хотин-қизларнинг 1,3 фоизи жинсий хизмат кўрсатиш билан банд бўлгани ҳам кўрсатиб ўтилган.

Яна бир суҳбатдошимиз ўзини Муҳаммаджон деб таништирди. У Андижон вилоятидан. Муҳаммаджон шу кунда Қозоғистонда ишлаяпти.

Муҳаммаджон: Бизнинг маҳалла жуда катта маҳалла. Қарийб 5000 одам бор ишга яроқли. 4700 нафари ташқарида, десак бўлаверади.

Озодлик: Озгина қўшиб, лоф қилиб айтаяпсизми?

- Лоф бўлмаса керак, менимча. Биз оилада етти ака-ука бўлсак¸ бир акамиз меҳнатга яроқсиз бўлгани учун уйда қолган. Қолган барча олтитамиз бу ëқдамиз. Шундан маҳалладан қанчаси ташқарида эканлиги келиб чиқади. Маҳаллада олтита одам давлат ишида ишламаса¸ қолган барчаси ташқарида. Қаердан тирикчилик қилиш мумкин¸ дейди андижонлик Муҳаммаджон.

Муҳаммаджон Қозоғистонга деҳқончилик қилишга, экин-тикин мавсумида боради. Бошқа вақт у Андижон-Тошкент йўналишида киракашлик қилади. Шунинг учун қанча одам ички мигранту қанчаси ташқилиги тўғрисида ўз ҳисоб-китоби бор.

- Бир ҳафтада Тошкентга 28 нафар одам олиб келсак¸ шундан 20 нафари Россияга кетаëтган болалар. Қолган саккизтаси Тошкентда қолади ëки Гулистон томонга кетиши мумкин¸ деди андижонлик Муҳаммаджон.

Демак, унинг фикрича, ички мигрантлар меҳнат муҳожирларининг учдан бирини ташкил қилади. Тадқиқот муаллифлари ҳам айнан шундай хулосага келган.

Уларнинг ёзишича, Ўзбекистонда ички миграция тўғрисида ҳеч қандай маълумот йўқ.

Аслида расмий Тошкент на ташқи миграция тўғрисидаги, на ишсизлик кўлами тўғрисидаги маълумотларни эълон қилган.

БМТнинг Халқаро меҳнат ташкилоти Москва бюросининг жамоатчилик билан алоқалар бўйича маслаҳатчиси Ольга Богданова Озодлик саволларига жавоб берар экан, “ишсизлар сони тўғрисидаги маълумотларни Қозоғистон, Қирғизистон каби давлатлар мунтазам эълон қилиб туради. Бироқ, афсуски, Ўзбекистон бўйича бундай маълумотлар бизда йўқ”, деган эди.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG