Линклар

logo-print

Янги тумов ўз ҳудудларини кенгайтирмоқда

  • Ҳасанжон

Чўчқа гриппи шу кунгача 500 кишини дунёдан олиб кетди.

Чўчқа гриппи шу кунгача 500 кишини дунёдан олиб кетди.

Чўчқа гриппи номи билан ҳамма яхшига маълум бўлган H1N1 вируси дунё бўйича тарқалишда давом этмоқда. Мутахассислар дунё бўйича бир миллиондан ортиқ одамга H1N1 вируси юққанини тахмин қилмоқда.

Ҳар йили грипп тарқаладиган мавсумда дунё мамлакатларида 10 минглаб одам нобуд бўлади.

Ҳозирга қадар чўчқа гриппидан дунё бўйича 500 га яқин одам нобуд бўлгани расман тасдиқланган. Шу боис олимлар кўпчилик "H1N1 вируси одатдаги гриппдан жиддий фарқ қилмас экан, деган хулосага келиши тўғри эмас", демоқда.

- Одамлар: "бундан хавотирланмаса ҳам бўлади", дейишлари мумкин. Бу нотўғри. Чунки эмланган ёки эмланмаганидан қатъий назар, тана иммун системаси одамларни мавсумий грипп вирусидан ҳимоя қилади.

Ҳозирги янги вирус шу пайтгача маълум бўлган вирусларга ўхшамайди. Бу юмшоқ кўринишдаги вирус бўлишига қарамай, у жуда кўп одамга юққан. Агар у тўлиқ адаптация бўлса, жуда кўп одам қурбон бўлиши мумкин, дейди АҚШнинг Ню Орлеан штатидаги Биомуҳит тадқиқот маркази мутахассиси Жон Барри.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти барча давлатлар чўчқа гриппига қарши етарли миқдорда вакциналарга эга бўлиши кераклигини айтган.

Аммо 12 июл куни Лондонда чиқиш қилган ташкилотнинг вакциналар бўйича тадқиқот маркази расмийси Марие-Пол Киени айнан чўчқа гриппига қарши ишлатиладиган вакцина жорий йил охирида тайёр бўлишини айтди. У вакцина кечикишини маҳсулот учун керак бўлган инградиентлар “ярамагани” билан изоҳлади.

Шунга қарамай, дунё давлатларида чўчқа гриппи вируси тарқалишига қарши турли чоралар кўрилмоқда. Хусусан¸ шифокорлар мамлакатга четдан келаётган йўловчиларнинг иситмаси бор-йўқлигини текширмоқда, аҳолига ниқоблар тарқатилмоқда, турли ташкилотларда ишлайдиган ходимлар ва мактаб ўқувчиларидан санитария гигиена нормаларига риоя қилиш талаб қилинмоқда.

Биз бу борада Ўзбекистондаги вазият қандай эканини гапириб беришни сўраб тиббиёт фанлари доктори, профессор Суҳбат Абдулла билан телефон орқали боғландик.

Суҳбат Абдулла: Чўчқа гриппи тарқалгандан кейин Ўзбекистонда анча-мунча профилактик ишлар амалга оширила бошланди. Бунинг энг биринчи қувончли жойи, врачларга касалликка қарши мобил бир ҳолат эълон қилиндики¸ врачларнинг ўзи шу нарсага тайëр бўлиб¸ кириша бошладилар. Муаммонинг моҳиятини яхши тушуниб қарай бошладилар.

Ҳозир аэропортга¸ вокзалга ëки одамлар гавжум жойга борсангиз¸ “Чўчқа гриппидан эҳтиëт бўлинг” деган плакатларга кўзингиз тушади. Махсус пунктлар ташкил қилинаяпти. Бу бутун жаҳонда қилинаëтган ишларнинг биттаси. Бу нарсалар аста-секин йўлга қўйила бошланди.

Озодлик: Тажрибали шифокор сифатида оддий одамларга чўчқа гриппидан ëки бошқа касалликлардан ўзларини асрашлари учун нималарни тавсия қилган бўлардингиз?

- Биринчидан¸ гигиенага қаттиқ риоя қилишларини сўраган бўлардим. Чунки қаерда гигиена бўлса¸ профилактика бўлса¸ ҳақиқатан ҳам ўша ерда касалликларнинг¸ айниқса вирусли касалликларнинг томири қирқилади.

Иккинчидан¸ еяëтган овқатларига¸ бозордан сотиб олаëтган ва махсус текширувдан ўтмаган озиқ-овқат маҳсулотларига яхшилаб қараб-билиб истеъмол қилишини тавсия қилардим.

Учинчидан¸ ҳозир одамлар гавжум жойларга иложи борича яқинлашмаслик керак. Чунки бу нарсанинг ҳаво йўли билан ҳам юқиши маълум бўлаяпти. Балки шундай жойларга борганда ниқоб тақиш керакдир. Бунинг стандарт решениесини Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотиниинг тавсиялари асосида Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазирлиги ишлаб чиқиб¸ тавсия қилиши керак.

Ҳали Ўзбекистонда хотиржамлик¸ бепарволик ҳумрон. Бу жуда қиматга тушиши мумкин. Бу нарсанинг олдини олиш жуда ҳам зарур нарсага ўхшаб қолди¸ дейди Суҳбат Абдулла.

Эслатиб ўтамиз, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти янги вирус тарқалишини тўхтатиш имконсиз эканини билдириб, 11 июл куни вазиятни глобал миқёсда пандемия эълон қилган.
XS
SM
MD
LG