Линклар

Газ, пенсия, банк тизими ва бошқалар ҳақда

  • Барно Анвар

Озодлик билан боғланиш учун +420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг - биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.

Озодлик билан боғланиш учун +420 602 612 713 рақамига sms йўлланг ëхуд шу рақамга бир марта қўнғироқ қилинг - биз ўзимиз сиз билан боғланамиз.

“Эркин микрофон” рукни ташкил этилганидан буён Озодлик таҳририятига ўзбекистонликлардан пайдар-пай телефон қўнғироқлари бўлиб турибди, смс хабарлар тушиб турибди.

Олтиариқлик тингловчи туманнинг бир неча қишлоғида сўнгги бир йил ичида табиий газ бўлмаганидан нолиди. Гарчи табиий газ берилмаётган бўлса-да, “Олтиариқгаз” уюшмаси бу қишлоқларнинг аҳолисидан газ учун тўловларни ойма-ой, баъзан, эса олдиндан йиғиб олмоқда.

- Олтиариқ туманидан телефон қилаяпман. Туман марказидан 15 километр узоқда жойлашган Файзиобод¸ Зилха¸ Оқбўра деган қишлоқларимиз бор. Ўша ерларга газ етиб келмаяпти. Қишда печкага ўтин ëқиб чиқдик. Ҳозир ҳам йўқ газ. Ўчоққа қозон қўйиб, овқат қилаяпмиз¸ қумғон қўйиб, чой қайнатаяпмиз.

“Маҳалладаги хўжаликлардан 20 мингдан пул йиғсангизлар¸ газни ëқиб берамиз”, дейишган эди. Пулни йиғиб олиб кетишди¸ лекин натижа бўлмади.

Бизда почтальон пенсионерларнинг пенсиясини эшикма-эшикма кириб бериб юради. Газчилар¸ солиқдагилар почтальон билан бирга юриб¸ пенсиясини олиши билан “олдиндан тўлаб қўйиш керак, пулини тўлайсан” деб мажбурлашаяпти. “Газ йўқ-ку” деса¸ “бўлади, яқинда ëқилади”, дейди. Газ бир бор¸ бир йўқ. Бир келади¸ бир қўққисдан йўқ бўлиб қолади. Айниқса¸ овқат пиширадиган пайтда умуман бўлмайди¸ дейди олтиариқлик тингловчи.

Россияда ишлаб юрган хоразмлик тингловчи эса Озодликни мусофирлик бошга тушганидан сўнг мунтазам тинглай бошлаганини айтди. У дастурларимиз орқали қўшиқлар бериб борилишини илтимос қилди.

- Менинг айтмоқчи бўлганим¸ ўзбекча қўшиқ берсангизлар дейман. Эшитиб ўтирамиз. Орқасидан битта қўшиқ берсангизлар яхши-да. Бу одамнинг руҳини кўтаради. Ўзбекистондан янгилик эшитиб турсангиз¸ яхши.

Бошқаларни билмадим-ку¸ шахсан менга долларнинг курси қизиқ. Бозорда неча пул¸ давлат курси неча пул бўлаëтганини айтиб турсангизлар¸ илтимос¸ дейди Россияда меҳнат қилаëтган хоразмлик тингловчимиз.

Тошкент вилоятидан сим қоққан пенсионер пенсия пулини аввалгидек, эшик қоқиб келадиган почтачидан эмас, балки банк орқали олиш тизими жорий этилганини айтиб, бундан норозилигини билдирди.

- 1 июлдан бошлаб пенсионерларга нафақа пулларини бериш мажбурий тарзда банкларга ўтказилган. Банкка ўтказилгандан кейин бир-икки ой қандай ҳолатда берса¸ беради. Кейинчалик чек ëки пластик қилиб¸ бизнинг аҳволимизни яна ҳам ëмонлаштиради¸ шекилли.

Биз банк бошлиқлари билан ҳам учрашдик. “Қани¸ ўша чиққан қарорни кўрсатинг - нима бор?” десак¸ ҳеч қайсиси бизга кўрсата олмайди. Ëки “вақтинча синаб кўрилаëтган нарса”, деб айтади. Ҳамма норози-да энди.

Банкдан одамлар пул олади¸ бошқа нафақалар бор. "Пул йўқ"¸ деб икки-уч ой сарсон қилади. Мажбур қилиб чек беради¸ пластик карточка беради. Банк тизими расво тизим. Буни бутун республикада ҳамма билади¸ дейди Тошкент вилоятидан сим қоққан пенсионер.

Фарғона вилоятининг Бувайда туманидан телефон қилган деҳқон-фермер 2008 йилги ҳосилининг пули туман раҳбарияти томонидан ўзлаштириб юборилганидан норози бўлди. Унинг бу ҳақдаги республика ҳуқуқ-тартибот идораларига мурожаатлари эса жавобсиз қолмоқда.

- 2008 йили мен деҳқончилик қилиб¸ беш гектарга буғдой экдим. 11 тонна 800 килограмм буғдой топширдим. Бир миллион 631 минг 292 сўм 77 тийин пулимни булар ëзиб, еб юбориб¸ мени “қарзсан”, деб бермаяпти. Буни прокурор ҳам билади¸ МХХ ҳам билади. Мана қўлимда ҳужжатларим бор. Олий хўжалик судига икки марта бердим. Ҳаммаси порахўр бўлгандан кейин тегишли қарор чиқарадиган¸ бир нарса ижро қиладиган ҳокимиятнинг ўзи қолмади. Нима қилишни билмай ўтирибман. Ҳеч ким дардимни эшитмаяпти¸ дейди бувайдалик деҳқон-фермер.

Айни пайтда Озодликка SMS орқали йўлланган фикр-мулоҳазалар ҳам келмоқда.

Тингловчилар Озодлик эшиттиришлари ва айни пайтда Ўзбекистонда ҳамда хорижда бўлаётган воқеа-ҳодисаларга муносабат билдирганлар.

Мана уларнинг айримлари:

“Салом Озодлик канали. Мен сизларни интернет орқали танийман! Илтимосим — президент И.А.Каримовга банкда кредит беришни такомиллаштиришни, янги тузилаётган микрофирмаларга кредит беришни енгиллатишни етказишингизни сўрайман. Президент реал ҳаётдан хабардор эмас. У кишининг реал ҳаётда бўлаётган қонунбузарликлардан хабари йўқ. Сизлар етказинглар, илтимос!”

“Салом, институтда контракт пули йилда 3 марта оширилади. Ҳозир 1 миллион 800 мингга чиқди. Шу ҳақдаям гапиринглар, илтимос”.

Шу ўринда эслатиб ўтмоқчимиз, Олий ўқув юртларга контракт тўлов масаласида Озодлик тўлқинларида кўп бор гапирганмиз. Абитуриент, талаба, уларнинг яқинлари ва ўқитувчилар ўз фикр-мулоҳазаларини кўп бор билдирган.

Аммо бу йилги қабул давом этаётган ва кириш имтиҳонлари яқинлаётган шу кунларда айни мавзуга, албатта, яна қайтамиз.

“Салом, мен Андижон воқеаларидан кейин Швейцариядаман. Куни кеча бир бир одам сизларни танқид қилгани ва президент Каримовга доим овоз бергани ҳақида ўқидим. "Ўзбекистон халқи очми-тўқми - тинч-ку", депти. Биринчидан, тўқдан оч одам (назари очлар) кўп. Иккинчидан, нимани тинчлик деяпти у киши? Чет элларда мардикор бўлиб, яқинларини соғиниб-соғинтириб, ўша юртларнинг ёмон одамлари ва органлари тазйиқларига учраб юрганлар кўп. Иш йўқлигидан ёшлар жиноятга қўл уриб, умрини турмада ўтказиши, сал бўлса-да, бой одамларнинг мулкига, жонига тажовуз қилиши кўпайиб кетган. Амалдорларнинг одамлар ҳақ-ҳуқуқини топташи кўпайган. Ҳақиқатни гапирадиганларни қамаш, ҳаққини сўраганни қирғин қилиш кўпайган. Айтай десам гап кўп, шу ҳаётни тинч, деб бўларканми? Эркин, тўқ, тинч ҳаёт қанақа бўлишини мен шу ерга келиб кўрдим. Бу ернинг ва бизнинг одамлар ўртасида фарқ жуда катта”, деб ёзибди бизга Швейцариядан SMS йўллаган тингловчи.

Азиз муштарий, агар истагингиз бўлса, атрофингизда бўлаётган ва сизни бефарқ қолдирмаётган воқеа-ҳодисалар ҳақида ҳам бизга хабар берсангиз, Ўзбекистонда бўлаётган жараёнларни ўз вақтида, холис ёритишимизда биз билан ҳамкорлик қилсангиз, беҳад мамнун бўлар эдик.

Зеро, ҳаётимиздаги камчиликларни тузатиш, ҳар қандай турдаги ҳақбузарликка қарши холис ва эркин фикр айтиш ҳаққи ҳамда масъулияти ҳаммамизда бор!

Хабарларингиз ҳамда қўнғироқларингизни кутиб қоламиз - +420 602 612 713.
XS
SM
MD
LG