Линклар

Басеску Молдованинг ЕИга қўшилиши тарафдори


Руминия президенти Траян Басеску апрел ойида Кишенёвда рўй берган воқеалар Молдованинг ёш авлоди реал сиёсий ўзгаришларни истаётганидан дарак эканини айтди.

Озодлик радиоси билан суҳбатда Молдовада сайловлардан кейин рўй берган зўравонликларга Руминиянинг алоқаси бўлганини кескин рад этиб, Кишинёв воқеалари 1989 йилда Руминияда диктатор Чаушеску режимининг ағдарилишига олиб келган аксилкоммунистик исённи эслатганини айтди.

- Биз Руминиянинг сайловдан кейинги воқеаларга алоқадорлиги ёки Молдова ички ишларига аралашишига оид бу каби айбловларни ҳар доим инкор қиламиз.

Бир нарсани аниқ айтишим мумкин - бу каби воқеаларни ўтмишда кўрганмиз. 1989 йилнинг декабрида коммунист етакчиси Чаушеску ўз халқини, боз устига, ёш авлодни тушунишни истамаганда бундай воқеаларнинг гувоҳи бўлганмиз.

Жаноб Воронин 1989 йилда Бухарестда бўлган воқеалар туширилган тасвирларни кўриб қўйса фойдадан ҳоли бўлмасди, деди Руминия раҳбари.

Басеску Руминиянинг Молдовага нисбатан “бир халқ, иккита давлат” позициясидан қайтмаслиги ва молдоваликларнинг Европа Иттифоқига қўшилиш ҳаракатларини қўллаб-қувватлашини қўшимча қилди.

Бугунги Молдованинг катта қисми Иккинчи жаҳон урушидан аввал Руминияга қарашли бўлган ва 4,5 миллион молдоваликларнинг учдан икки қисми румин тилида сўзлашади.
XS
SM
MD
LG