Линклар

Жакартани портлашлар титратди


Ritz-Carlton ва Marriott меҳмонхоналаридаги портлашлар Жакарта аҳли ва меҳмонларини саросимага солиб қўйди.

Ritz-Carlton ва Marriott меҳмонхоналаридаги портлашлар Жакарта аҳли ва меҳмонларини саросимага солиб қўйди.

Индонезия пойтахти Жакартадаги икки меҳмонхонада 17 июл куни содир этилган портлашлар бир неча кишининг ҳаётига зомин бўлди, кўплаб кишиларни мажруҳ қилди.

Индонезиянинг Хавфсизлик масалалари бўйича вазирнинг маълум қилишича, Жакарта марказидаги меҳмонхоналарда содир этилган портлашлар оқибатида тўққиз киши нобуд бўлган, элликка яқин фуқаро тан жароҳати олган.

Шунингдек, вазирга кўра, нобуд бўлганлардан бири Янги Зеландия фуқаросидир.

Маълум бўлишича, Ritz-Carlton ва Marriott меҳмонхоналаридаги портлашларда тан жароҳати олганлар орасида хорижликлар ҳам бўлган.

Индонезия парламентининг хавфсизлик масалалари бўйича қўмита раҳбари Тео Самбуага Marriott ва Ritz-Carlton меҳмонхоналарида рўй берган портлашлар худкуш шахс томонидан содир этилганини маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, терговчилар портлаш рўй берган жойда худкуш жасадига дуч келган.

- Бино ларзага келди ва огоҳлантирувчи сиреналар чалина бошлади. Мен хонамдан ташқарига чиқдим, меҳмонхона қабулхонасида ҳаммаёқ вайрон ва ерда ойна синиқлари бор эди. Бирин-кетин қонга беланган одамлар чиқа бошлади, деди Ritz-Carlton меҳмонхонасида турган воқеа гувоҳларидан бири “Ройтерс” ахборот агентлигига.

Индонезия президенти Сусило Бамбанг Юдхойоно Жакартадаги портлашларни кескин қоралаб, ушбу жиноятнинг фош этилиши ва айбдор шахсларнинг маҳкамага тортилишига ишонч билдирди. Бундан ташқари, президент мамлакат фуқароларини саросимага тушмасликка чақирди.

- Мен барча индонезияликларга мурожаат қилиб, уларни мамлакатда бирдамлик ва тинчликни сақлашга даъват қиламан. Ҳеч бир давлат ёки дин ҳар қандай вазиятда терроризмни оқламайди, маъқулламайди ҳам, деди Индонезия президенти.

Айни пайтда Буюк Британиянинг “Манчестер Юнайтед” футбол жамоаси Индонезияга режалаган сафарини бекор қилди.

Маълум бўлишича, “Манчестер Юнайтед” жамоаси айнан портлаш рўй берган Ritz-Carlton меҳмонхонасида туришни ва якшанба куни индонезиялик футболчиларга қарши майдонга тушишни режалаган.

2003 йилда ҳам Жакартадаги Marriott меҳмонхонасида кучли портлаш содир этилган эди. Ўшанда камида 12 киши нобуд бўлган эди.
XS
SM
MD
LG