Линклар

Момолар юрт тинчлиги сўрамоқда

  • Гулнора Равшан

113 ёшга кирган Сайрам момо (чапда) жуда кўп уруш ва қаҳатчилик кунларини бошдан кечирган.

113 ёшга кирган Сайрам момо (чапда) жуда кўп уруш ва қаҳатчилик кунларини бошдан кечирган.

Тожикистоннинг Тавилдарасидаги тўқнашувлар кексаю ёшни бирдек ташвишга қўйди. Бир асрдан узоқ умр кўрган тавилдаралик Сайрам момо ҳам шу кунда эртаю кеч юрт тинчлигини тилаб, дуо қилмоқда.

113 ёшни яшаб қўйган Сайрам момо невара-чевара-эваралари билан Тавилдаранинг Ғарибон қишлоғида яшайди. Момо бир ўғилу бир қизидан кўпайганини айтади.

- Бир ўғил ва бир қизим бор. Шулардан кўпайдим. Худога шукур, дейди бир асрдан кўпроқ яшаган момо.

Момонинг паспортида қайд қилинишича, у 1896 йил туғилган. Аммо момо ўзининг ёши бундан ҳам каттароқлигини айтади.

- 116 ёшга кирдим. Яхши кунни ҳам кўрдик, ёмонини ҳам. Қаттиқ кунларни кўп кўрдим. Болалигимдан ёзғонлик эшонлар (Ёзғон Тавилдарадаги қишлоқ номи – таҳр.) ҳовлисида хизматкорлик қилдим. Нон ёпдим, меҳмонини кутдим-кузатдим, болаларини боқдим. Э, нимасини айтасиз, бирда оч, бирда яланғоч кунлар бошимиздан ўтди. Қанча-қанча урушларни кўрдим, дейди момо.

Сайрам момонинг айтишича, у ўтган асрнинг 20-йиллари охирида Ўзбекистон таркибидан ажралиб чиққан Тожикистонда расмий ҳукумат ташкил топгач, фермада сут соғувчи бўлиб ишлаган.

Илғор сут соғувчи бўлган момонинг хизматлари қадрланиб, унга Социалистик Меҳнат қаҳрамони унвони берилган.

- Шу мамлакатдаги урушларда медалимни кимдир уйдан ўғирлаб кетди. Э, болам, уруш қурсин, неча-неча урушларни кўрди бу бошим. Мана, бизнинг ватанларда яна уруш. Тўртта мужоҳид одамларни ташвишга солган. Урушдан ким барака топибди? Одам меҳнат билан муродига етади, дейди момо пиёладаги чойдан ҳўпларкан.

Сайрам холанинг турмуш ўртоғи унинг ўғли бир ёшга тўлганида оламдан ўтган. У фарзандларини ҳеч кимнинг ёрдамисиз, ёлғиз ўзи катта қилганини айтади.

Сайрам момо шу ёшга кириб Тожикистон ҳукуматидан атиги икки марта байрам совғаси олган экан.

- Ўтган йили 8 мартда президент 300 сомоний (тахминан 68 доллар - таҳр), бу йил эса 500 сомоний (тақрибан 112 АҚШ доллари – таҳр.) байрам совғаси берди, дейди Сайрам момо.

Муборак ёшдаги момони зиёрат қилиб, ундан дуо олиш ниятида ҳовлисига кирган кишилар қистириб кетган уч-тўрт сомонийни ҳам, ҳукуматдан ҳар ой олаётган 60 сомоний (тахминан 14 доллар – таҳр.) нафақани ҳам Сайрам момо невара-эвараларига улашиб беришини айтади.

- Менга шулар қараяпти. 116 ёш ҳам ҳазилми, болам? Намозимни ҳам шу йилдан ўқимай қўйдим. Эсимдан чиқиб қолаяпти билганларим, дейди момо таассуф билан бош чайқаркан.

Момонинг яқинларига кўра, у ҳар тонг эрталаб ўзи мустақил таҳорат олади, болаларининг иқболини, юрт ободлигини тилаб дуо қилади.

Момонинг ейдигани кўпроқ мева экан. Нонуштаси эса сут билан уй шароитида тайёрланган сариёғ.

Тавилдара Тожикистондаги ҳавоси энг тоза ҳудудлардан бири бўлиб саналишига қарамай, ҳозирда бу масканда Сайрам момога ўхшаб узоқ умр кўрган табаррук кексалар сони оз.

Сайрам момо билан хайрлашиб, йўлга чиқар эканмиз, ҳассасига суяниб, ортимиздан чиққан табаррук онахон дуога қўл очади:

“Илоҳо, юртимиз обод, мамлакатимиз тинч бўлсин. Биз кўрган қаттиқ кунларни, бемаъни урушларни ёшлар кўрмасин”.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG