Линклар

Фарғонада адвокат бўлиш осонмас

  • Ҳурмат Бобожон

Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, жорий йил баҳорида бошланган аттестациядан мамлакатдаги тажрибали адвокатларнинг анчагинаси ўтолмай қолган.

Ўзбекистонлик кузатувчилар фикрича, жорий йил баҳорида бошланган аттестациядан мамлакатдаги тажрибали адвокатларнинг анчагинаси ўтолмай қолган.

Фарғонада лицензия эвазига адвокатлардан пора талаб қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистондаги Инсон ҳуқуқлари ташаббус гуруҳи маълумот тарқатди.

Гуруҳ раҳбари Суръат Икромов адвокатларни аттестациядан ўтказиш жараёнида таъмагирлик ҳолатлари кўп кузатилгани, лицензия бериш ушбу ишга масъул амалдорлар учун даромад манбаига айланганини айтади.

- Лицензия олдин олинган¸ эски бўлган. Ҳозир берилаëтган лицензиялар мутлақо бошқача экан. Шунинг учун ҳаммаси имтиҳон топшириши керак экан. Чақирилганлар имтиҳон олувчиларга 300 доллардан 500 долларгача бўлган миқдорда пул беришар экан. Дейлик¸ бир туман нотариусининг ваколатлари кўпроқ бўлар экан. Нотариус раҳбари бўлиш учун 3000 доллардан 5000 долларгача пора бериш керак экан¸ дейди Суръат Икромов.

Шунингдек, Суръат Икромовнинг таъкидича, адвокатлар учун қайта аттестация уюштириш Ўзбекистонда мустақил адвокатуранинг шаклланиши олдини олиш мақсадида ҳам ўтказилаяпти.

- Кўп йиллар давомида ишлаган одамлар ўзига ишонган бўлади. У кўп нарсани билади. Нимагаки¸ унинг тажрибаси юқори. Ана шундайларнинг кўпчилиги аттестация имтиҳонидан ўта олмаган. Уларнинг гапига қараганда, у ерда юриспруденция бўйича ҳеч қанақа савол йўқ экан. Асосий саволлар Ўзбекистон сиëсати ҳақида¸ президент қайси китобида нима дегани ҳақида бўлар экан. Шу саволлар бўйича кўп одамларни йиқитар экан.

Булар ҳаммаси юрист бўлгани учун бир-бирини биларкан. Ўша юристларнинг ичидан қандайдир одамларми¸ гуруҳларми - лицензия олмоқчи бўлган юристлардан қандайдир миқдорда пул йиғиб олар экан ва ўша одамлар ўтиб кетар экан.

Мен: “Нимага тажрибаси борлар ўтиб кета олмаяпти?” деб сўрадим. Энди тушунса бўлади: ўзига ишонган одам ҳеч қанақа пулни ўйламайди. Натижада уни имтиҳонда йиқитишар экан. Кучли¸ ўзининг ишини яхши биладиган нотариуслар¸ адвокатлар ўта олмай қолган. Менинг тахминимча¸ Ўзбекистон бўйича 400 нафардан 600 нафаргача бўлган адвокатлар имтиҳондан ўта олмаган¸ дейди Суръат Икромов.

Аттестация жараёнидан ўта олмаган ва бунинг оқибатида лицензиядан маҳрум қолган ҳимоячилардан бири ўзбекистонлик таниқли адвокат Рустам Тўлагановдир. У ҳуқуқ ҳимоячилари ва мухолифат фаоллари устидан кечган бир қатор маҳкамаларда адвокатлик қилган. Тўлагановнинг айтишича, ўтказилаётган қайта аттестация 1997 йилда қабул қилинган адвокатура тўғрисидаги қонунга зиддир.

- Менинг ундан хабарим йўқ¸ лекин умуман лицензиянинг нотўғри эканлигини айтиб ўтиш керак. Битта лицензияни умрбод берган давлат иккинчи лицензияни бекор қилиб тўхтатиш керак эди ëки биттасини тўхтатиб кейингисини бериш керак эди. Қандай қилиб умрбод берилган лицензия тўхтатилмасдан иккинчи лицензия берилиши мумкин? Бу биринчи вазият. Бу менинг юрист сифатида айтаëтган гапим.

Мен ҳар ой 500 минг сўмдан топширсам ва энг ëмон адвокат мен бўлсам. Мен лицензия учун имтиҳон топшира олмас эканман. Энг зўр адвокатлар мана шу танловдан ўтмади. Адвокатларнинг энг зўри ўтмаган бўлса¸ бу қанақа давлат¸ бу қанақа тадбиркорлик¸ бу қанақа мустақиллик бўлиши мумкин¸ дейди Рустам Тўлаганов.

Ўзбекистонда адвокатларни қайта аттестациядан ўтказиш жорий йилнинг 1 апрелидан бошланди. Аттестацияга қадар Ўзбекистонда 5000 дан зиёд адвокат фаолият кўрсатган.

Шарҳларни кўрсатинг

XS
SM
MD
LG