Линклар

logo-print

Теҳрон кўчалари яна намойишчиларга тўлди

  • Ҳасанжон

Эрон полицияси мухолифат лидери Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари бўлган намойишчиларини тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Эрон полицияси мухолифат лидери Мир Ҳусайн Мусавий тарафдорлари бўлган намойишчиларини тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Эроннинг собиқ президенти Акбар Ҳошимий Рафсанжоний 17 июл куни Теҳрон университетида сўзлаганидан сўнг мухолифат тарафдорлари яна мамлакат расмийларига норозилик билдириб, намойишга чиқдилар.

Жума намозини ўқиш учун Теҳрон университетига йиғилганлар олдида сўзлаган собиқ президент Акбар Ҳошимий Рафсанжоний мамлакатда кўпчилик 12 июнда ўтказилган президент сайлови натижасидан қониқмаётганини айтди.

- Ҳозир иккита оқим юзага келди: биринчи оқим сайлов натижаларига шубҳа қилмаётганлар. Улар ўзларини ғолиб деб билиб, ишларини давом эттираяпти.

Бошқа оқим эса, яъни одамларнинг катта қисми сайлов натижасига шубҳа билан қарамоқда. Биз уларнинг шубҳаларини бартараф қилиш учун ишлашимиз керак. Сайлов мураккаб вазиятни юзага келтирди, деди собиқ президент.

Рафсанжоний президент сайловидан кейин мамлакатда бўҳронли вазият юзага келганини¸ аммо Эрон ҳалқи бир ёқадан бош чиқариб, оғир вазиятдан чиқа олишига ишонишини айтди.

Олий лидерни сайлаш ва унинг фаолиятини назорат қилишга масъул бўлган Экспертлар Кенгашининг раиси бўлган Ҳошимий Рафсанжоний ўз нутқида мухолифат тарафдорларининг ҳафсаласи пир бўлганини тан олиб, сайлов натижасига шубҳа қилаётган фуқароларнинг ҳукуматга ишончини қайта тиклаш кераклигини айтди. Айни пайтда Рафсанжоний президент сайлови натижасини маъқуллаган Васийлар кенгашини ҳам танқид қилди.

- Афсуски, Васийлар кенгаши Олий раҳбар томонидан берилган муддатдан самарали фойдалана олмади. Овоз бериш натижаларини пухта ўрганиш учун Олий раҳбар Кенгашга қўшимча беш кун вақт берди. Мен бу ҳақда гапиришни хоҳламасдим. Аммо бу имконият қўлдан бой берилди, деди Рафсанжоний.

Собиқ президент ўз нутқида одамларнинг танлови ҳар нарсадан юқори бўлиши кераклигини таъкидлади. Рафсанжоний вазиятдан чиқиш йўлини топиш масаласини Экспертлар Кенгашининг бир неча уламоси ва аъзоси билан маслаҳатлашганини айтди.

Рафсанжоний бўҳронли вазиятдан чиқиш учун ҳар бир фуқаро ўз фикрини билдиришига имконият яратилиши кераклиги баробарида турли гуруҳлар бу масалани куч ишлатмасдан муҳокама қилиши кераклигини таъкидлади.

Айни пайтда собиқ президент қўлга олинган намойишчилар қўйиб юборилиши кераклигини қайд этди.

- Бугунги шароитда одамларни қамаш ўринли эмас. Уларни қўйиб юбориш керак. Ўз оилаларини боқсинлар, деди собиқ президент.

12 июн кунги президент сайлови натижаси эълон қилинганидан сўнг ундан норози бўлган минглаб мухолифат тарафдори намойиш ўтказган эди. Полиция ва хавфсизлик кучлари билан намойишчилар ўртасидаги тўқнашувлар пайтида камида 20 одам нобуд бўлди.

Инсон ҳуқуқлари ҳимоячилари, адвокатлар ва ҳукумат танқидчиларига кўра, зўравонликлар пайтида ислоҳотчи мухолифат тарафдорларидан 2000 дан ортиқ одам қўлга олинган.

Жума намозида президент сайловида мағлуб деб топилган мухолифат раҳбари Мир Ҳусайн Мусавийнинг минглаб тарафдори иштирок этди. Намоздан кейин минглаб мухолифат тарафдори норозилик намойиши ўтказди.

Теҳрон кўчаларида юриш қилган намойишчилар “Ё Ҳусайн, Мир Ҳусайн!”, “Аллоҳу Акбар!”, “Сиёсий маҳбуслар озод этилсин!” ва “Диктаторга ўлим!” деган шиорларни айтиб бақирди.

Намойишчилар президент Маҳмуд Аҳмадийнажоднинг Россияга иттифоқчи эканини назарда тутиб, “Россияга ўлим!” деб бақирдилар.

Айни пайтда Эрон полицияси мухолифат раҳбари Мусавийнинг Теҳрон университети ташқарисига йиғилган тарафдорларини тарқатиб юбориш учун кўздан ёш оқизувчи газ қўллади.

Гувоҳларнинг Озодликка айтишларича, мухолифат тарафдорлари жума кунги намойиш орқали Яшил ҳаракат ўлмаганини ва ҳозирги сиёсий вазиятга ўз норозиликларини билдириш учун бор имкониятни ишга солишда давом эттиришларини намойиш қилган.
XS
SM
MD
LG